ТОКЧАДАН ТОПИЛГАН ХАЗИНА
Устози аввалим ва падари бузрукворим Шеров Сиддиқ бобонинг порлоқ хотираларига бағишлайман!
МУАЛЛИФДАН
Қўлингиздаги китобни очиб, унинг саҳифаларини варақлашингиз билан
гўёки эски танишларингизни учратгандек бўласиз. Аслида ҳам шундайми?
Китобнинг айрим парчалари газеталарда эьлон қилингандан сўнг менга бу ҳақда кўп саволлар беришганди:
– Фалончини танирдим. Ҳа, бу – ўша!
– Жой номларини айтмаса, воқеалар бизнинг шаҳар ва қишлоқларда бўлиб ўтганга ўхшайди…
Аммо шуни ишонч билан айтаманки, китобдаги барча персонажлар тўқима,
уларнинг ҳаётда шериклари йўқ. Баьзи воқеа-ҳодисалар маълум даражада шу
китобнинг ёзилишига озроқ туртки бўлган бўлиши мумкин, холос.
Таниш қиёфалар, таниш тақдирлар учун аввалдан узр сўрайман.
Ушбу китобнинг дунёга келишида қимматли маслаҳатларини аямаган
адабиётшунос олим Поён Равшановга, адабиёт гулшанига етаклаб кирган
устозларим Малика момо Маматқуловага, Элмирза бобо Маҳмановга, китоб
нашрига ҳомийлик қилган «Шон-шуҳрат» ишлаб чиқариш корхонаси директори
Н.Ҳусайиновга, «Наврўз» корхонаси директори С.Ғаниевга, Муборак газни
қайта ишлаш заводи раҳбариятига самимий миннатдорчилигимни билдираман!
МУҚАДДИМА
Эшонгузар – жуғрофия китобларига кирмай олган тоғ (бу ерликлар уни
тоғ десаларда, аслида каттақон тошлоқ тепалик) этагида жойлашган қишлоқ,
район маркази. Сал юкорироқдан Саркашдарё ўтган. Дарёнинг феъли номига
мос — саркаш, девона. Бирда сокин, ювош, бирда қутирган, қонхўр. Тез-тез
тошиб вайронагарчилик келтиради, одамларни саросимага солади-ю, уч-тўрт
кундан сўнг ювош тортиб, ўз-ўзанига қайтади.
Эшонгузарликлар одамохун, мехнаткаш. Боғ-роғга ишкибоз. Улар
етиштирган анвойи олмалар, ширин-шакар шафтолилар, ҳар бири ҳан-далакдек
келадиган анорларнинг, айниқса, тилни ёрадиган «келин бармоқ»
узумларининг таърифи довон ошган. Эшонгузарнинг бозори доим гавжум.Бухо-
ро-ю Самарканд, Қонибодому Хўжанддан деҳқонлару олиб-сотарлар кўп келади бу бозорга.
Қиш кирмай туриб қор ёғиб берди. Йўлакларни қалин қор босди. Куз
юмушларидан бир кадар бўшаган одамлар қўлларига белкурак олиб, қор
курашга киришдилар. Қор, айниқса, болалар учун кутилмаган қувонч олиб
келди. Ким Қорбобо ясаган, ким қорбўрон ўйнаган. Ёш-яланглар бир-бирига
қорхат ёзиб, кимгадир тутқазиб қочиш пайида йўлга отланган.
Хуллас, қиш эмас – байрам, осмондан қор эмас, қут-барака ёққан, деб
ўйлайсиз. Табиатнинг бу ажиб, ҳузурбахш таровати абадий давом
этадигандек…
Кутилмаганда қари тут ёнидаги ҳашаматли ғиштинкор ҳовлидан фарёд
эшитилди. Ададсиз туюлган гўзал ҳислар тўзғиб кетди. Одамлар фарёд
эшитилган томонга отилдилар.
Дарвоза олдида милиция машинаси турибди. Ҳовлининг қуббакор дарвозаси
ланг очиқ. Ундан таниш-нотаниш одамлар кириб-чиқаяпти. Дақиқа сайин
тўпланганлар сафи кенгамокда.
— Тарқалинглар, ўртоқлар, таркалинглар! — деб амр килди мили-ция
майори одамларга. — Факат уч-тўрг киши колсин, қолганлар чиқиб
туринглар!
Холисликка танлаб олинган кишиларни уйга киритиб юборишди. Уйда ҳар
ер-ҳар ерда қизил қонига бўялган жасадлар чўзилиб ётарди. Бундай
даҳшатли манзарадан ўтакаси ёрилган «холис»лардан бири — ёшгина жувон
ҳушдан кетиб, шилк этиб йиқилди, қолганлар оркага тисарилди.
Эшонгузарда рўй берган бу мудҳиш воқеа бир зумда ҳаммаёққа тарқалди…
I. ГЎЗАЛ
Сирож бобо эскичадан анчагина саводли. Янгичадан ўртамиёна даражада.
Отасидан қолган томорқаси, бир жуфт ҳўкизи, омоч-бўйинтуруғи бўлгани
учун қулоқ қилиниб, Украина томонларга сургун этилди.
Йигитнинг кўзи мусофирчилиқда очилди, сиёсатни тушунадиган бўлди.
Аммо осуда ҳаётни севгани сабабли сиёсатга аралашмайди. Мабодо унинг
ҳузурида сиёсатдан гап очилса, оғзига талқон солиб, жим ўтиради ё
бўлмаса, киши билмас қилиб жўнаб қолади. Унинг феълини билган билади,
билмаган одамови экан, деб ўйлайди.
Отахон сургунда ҳам, ўз элига қайтгандан кейин ҳам беш вақт намозини
канда қилмади. Мафкура тазйиқига қарамасдан, гуноҳларини ювиш учун
(айбсиз Парвардигор) садақалар улашди, онда-сонда оши худойи,
ифторликлар қилиб едирди. Унинг бу қилиғи маҳалла корчалонларига,
албатта, ёқмайди. Улар маҳаллада атеистик тарғиботни бўшаштириб
қўйганликлари учун неча марта райкомга чақирилиб, дакки эшитишган.
Чолнинг бу билан неча пуллик иши бор. Ана шуниси уларга оғир ботади.
Охири бу иш билан райкомнинг ўзи шуғулланадиган бўлди. Диндорларнинг
ҳақиқий душманига айланиб улгурган, келиб чиқиши бетайин бўлган
инструктор йигит бу вазифани ўз бўйнига олди.
–Сиз хурофот тарқатаяпсиз! – деди райком вакили папирос тутунини чолнинг бетига қараб пуфларкан.
–Хурофот? – сўради Сирож бобо кафти билан тутунни ҳайдай туриб. – Азизим, хурофот деганини тушунтириб беролмайсизми?
–Диний маросимлар, феодал қолдиқлар, ирим-сиримларга хурофот
дейилади. Хурофот одамларнинг, айниқса, ёшларнинг онгини заҳарловчи
ижтимоий хавфли ҳодиса. Билдингизми?
Отахон босиқлик билан тинглади, гўё ҳеч нарсага ақли етмагандек суҳбатдошининг кўзларига тикилди.
«Ёпирай, кўзлари банги одамнинг кўзига ўхшайди-я. – Бунақа кўзларни у
сургун йилларида ҳар қадамда учратарди. – Улай агар, бу одам дори
тортган!»
–Дин одамларни йўлдан оздиради, бузуқ йўлларга бошлайди, она ватанга
муҳаббатни сўндиради, –дея ҳамон давом этарди бообрў идоранинг фахрий
вакили.
Отанинг астойдил жаҳли чиқди:
–«Ватанни севмоқ иймондандир», деган гапни эшитганмисиз, болам?
–Қария, оғзингизга қараб гапиринг! Биринчидан, мен сизнинг болангиз
эмасман, райком партиянинг офицальний вакилиман. Иккинчидан, Ватан билан
иймон айри-айри нарса!
–Билдим, билдим. Демак, сиз ўзингизни иймонсизларман, деб ҳисоблайсиз. Тўғрими?
–Вопервих, мен коммунистман. Демак, дин, иймон деган нарсалар менга бегона.
Чолники тутиб кетди:
–У кулоғингиз билан ҳам, бу қулоғингиз билан ҳам эшитиб қўйинг, эй
иймонсиз одам! Ҳамма касофатларнинг, барча иллатларнинг боши
иймонсизликда. Иймонсиз одам одамларни бузуқ йўлларга бошлайди, шайтонга
ошно қилади. Бундай одамлар ота-онасини, ака-укасини, эл-юртини бир
пулга сотади. Дин эса иймонли бўлишни тарғиб қилади. Ота-онани,
ака-укани, қавму қариндошни, Ватанни севишни тарғиб қилади. Хоразмий,
Фаробий, Беруний, Ибн Синоларни биларсиз, ҳар ҳолда?
Вакил жўшиб гапираётган отанинг оғзига анграйиб, жим қараб тураверди.
–Иймони бутун бўлганлиги сабабли бу аждодларимизнинг номи минг йиллардан бери эл ардоғида.
–Мен Али десам, сиз Вали дейсиз. Бутун прогрессив инсоният бировоздан
«Дин афюндир», деб турган бир пайтда сиз фалсафа тўқийсиз, мени
ўқитмоқчи бўласиз!
–Сизни ўқитмоқчи эмасман, фалсафа ҳам тўқимаяпман. Фақат бир
ҳақиқатни айтмоқчиман, холос. Ҳа, афюн заҳар, оғу. Аммо баъзан оғу билан
оғир хасталикларни даволашган Айниқса, заҳарга қарши восита сифатида
қўлланилган. Илон чаққанга қарши илон заҳри ишлатилганга ўхшаб. Диннинг
афюнга нисбат берилиши ҳам жамиятдаги иллатларга қарши дин даволовчи
кучга эга эканлигига ишора.
–Бекор гап! Сиз Лениннинг дин ҳақидаги гапларини билмас экансиз.
–Яна бир оз сабр қилинг. Мен гапимни охиригача айтиб олай.
-Гапиринг.
–Сизнинг тушунчангиздаги афюн ҳақиқатдан ҳам хавфли. Одамни
одамгарчиликдан чиқаради, оилаларни бузади, миллатни емиради. Ҳозир
ёшлар ҳам, ёши бир ерга бориб қолганлар ҳам, ҳатто мўътабар идораларда
ишлайдиган баъзи бир амалдорлар ҳам афюн тортиш касалига гирифтор
бўлишган.
Райком инструкторининг кўзи косасидан чиқиб кетаёзди. Тили калимага келмай қолди. Бу ҳол чолнинг назаридан четда қолмади.
«Лаънати сассиқ чол, менинг наша чекканимни қаердан била қолдийкан.
Қўйиб қўйсам ёқамдан ушлаб, мана бу дори тортган, деб милицияга тутиб
беришдан ҳам қайтмайди. Тезроқ бу кўнгилсиз суҳбатни тугатиш керак».
–Ҳа, сиёсат бобида анча пишиқ экансиз, ота. Қойилман. Айтганларингизда жон борга ўхшайди.
Дахрий йигитнинг муросасозлик қилаётганини сезган Сирож бобо ҳам
ҳовридан тушди. Тилининг учида турган аччиқ-аччиқ гапларни сиртига
чиқармади. Суҳбатдошнинг шоша-пиша узатган титроқ қўлини истамайгина
ушлаб хайрлашди. У чиқиб кетгач, отахон хонага ўтириб қолган қўланса
ҳидни ҳайдаш учун эшик-деразаларни ланг очиб юборди.
2
Сирож бобо уч марта уйланди. Биринчи хотинидан фарзанд кўрмади.
Бояқиш сургун азобларини бирга чеқди. Ўпкасини совуққа олдирди. Ватанга
қайтиш унга насиб этмади. Бегона тупрокда қолиб кетди.
Ўзига қолса, бутун умр сўққабош ўтмоқчи эди. Қариндолари қўймай қўшни
маҳаллалик ёшгина жувонга уйлантириб қўйишди. Хотини кетма-кет уч қиз
туғиб берди. Аёли ниҳоятда сулув эди. Шу билан бирга суюқоёқ чиқиб
қолди. Орага кўнгилсизлик оралади. Эр тергашни, хотин алдашни қўймайди.
Орада бир эмас, уч нафар фарзанд борлиги отанинг қўлини боғлаб қўйган.
Бўлмаса, тирик дўзах билан (Сирож бобо хотинини орқаваротдан шундай
дерди) бир кун ҳам яшамасди.
Ниҳоят, рўзғор бузилди. Хотин қизларини тирик етим қилиб,
аллақайсидир жазмани билан қочиб кетди. То фалон шаҳарда «дўкон» очиб
олгани ҳақида хабар келмагунча, хотиннинг қариндошлари отага кун
беришмади. Гап нимадалигини билишгач эса ҳаммаси ўз-ўзидан пилдир-пис
бўлиб кетди.
Отанинг назарида қизлари униб-улғайса онасига ўхшаб суюқоёқ бўлиб
кетишади. Шу тариқа ота дилига ташланган ғашлик уруғи кўкариб, жаҳолатга
айлана борди. Оқибатда у сабаб-бесабаб қизларига қўл кўтаришга
одатланди.
–Бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйманг, – дейишади навбатдаги
можаронинг устидан чиққан қариндошлар. -Пушти камарингиздан бўлган
норасидаларда нима айб? Сиздек художўй одамдан буни кутмагандик. «Ҳар
неки келса худодан келади, худодан келганни бандасидан кўриш гуноҳи
азим», деб ўзингиз ўргатмаганмисиз? Нега энди ўзингизга қолганда, бунга
ақлангиз етмайди? Уйланинг. Қизларга бошпана бўлардек она керак
–Хом сут эмган бандалармиз. Мендан ўтган бўлса, маъзур тутинглар,
–деди ота синиқ товушда. –Шайтони лаьин бъазан ғалаба қилиб қолади.
Оллоҳим мени ўзи кечирсин. Бузуқлик йўлига кириб, фарзандларини тирик
етим қилиб кетган дажжолни Оллоҳнинг ҳукмига топширдим. Биз бандаи
ожизмиз.Омин!
Қўярда-қўймай бобони шу маҳаллалик солиҳа кампирга уйлантириб
қўйишди. Кампир келиши билан рўзғорга гўё қуёш чиққандек бўлди. У бир
четда дир-дир қақшаб турган опа-сингилларни бағрига босди, оқ ювиб-оқ
таради. Отанинг ўрин-ноўрин зулми барҳам топди.
Қизларнинг тўнғичи Марғуба, ўртанчиси Гўзал ,кенжаси Маъсуда. Бири-биридан сулув. Аммо Гўзал баридан-да супув.
Марғуба ёшига нисбатан анча эсли-ҳушли, кўп нарсага ақли етади.
Онасининг «ёмон иш» қилиб қўйганидан ўзича орланади. «Бизлар ақлли қиз
бўламиз», деб пинҳона аҳди паймон қилган опа- сингиллар.
Марғубанинг умри қисқа экан. Бир куни унинг қорнида оғрик пайдо
бўлди. Дард зўридан думалаб-думалаб йиғилади. Ота-она типирчилаб
қолишди. Ноиложликдан қушноч кампирни чақириб келишди.
–Сулув экан, пари чалибди, – деб бошини сарак-сарак қилди кампир исқирт панжалари билан қизни «текшириб» кўраркан.
–Энди нима қиламиз? – ваҳимага тушиб сўради ўгай она.
–Жонлиқ сўйиб, кўчирма қилиш керак. Қора қўчқор! Қора қўчқор сўрашаяпти париларим!
Бемор оғирлашди. Қўшнилардан кимдир «Тез ёрдам» чақирган экан, бир
пасда етиб келди. Тамом ҳолдан тойган Марғубани дўхтирлар ўзлари билан
олиб кетишди.
Касалхонага етмай йўлда қизнинг жони узилди…
Марғубанинг ўлими отанинг белини букди. У «онасининг касофати қизимга
урди», деб афсусланар, оппоқ соқолларига шашқатор ёш қуйиларди.
3
Диний маросимлар тақиқланган дамлар. Биронта фаол ходим энг яқин
қариндошининг жанозасида қатнашган бўлса ҳам шўри қурийди. Нафақат
фаоллар, балки бошқалар ҳам диний маросимлардан йироқ юрадиган бўлиб
қолишди. Мулла дегани анқонинг уруғига айланди. Машҳур артистни тўйга
олиб келиш учун навбат турганга ўхшаб, мулла учун ҳам навбат туриш,
«юқори»нинг розилигини олиш зарур бўлиб қолди. Розилик олиш учун
маҳалланинг ижобий тавсифномаси ҳамда диний идорага хизмат ҳақи
тўлангани тўғрисидаги тўлов қоғози талаб қилинарди. Аммо фалончи фалон
куни ўлади, деб пешонасига ёзиб қўйилмаган-ку, олдиндан навбатга тиркаб
қўйилса. Ана шундай пайтларда одамлар Сирож бобони йўқлаб келишади. На
илож, ахир фалончи отасини ё бўлмаса онасини жанозасиз кўмди, деган
иснодга қолишни ҳеч ким истамайди-ку! Боради. Жанозани ўқиб беради. Бир
кун, ярим маъракасида ҳам ўтиради. Ана шу қилиғи учун уни маҳалладан
қувғин қилишларига бир баҳя қолди. Аммо кеч қолишди.
Сирож бобо саккизинчи синфни тугатган қизи Гўзални вилоят марказидаги
тиббиёт билим юртига етаклаб бориб, ўз қўли билан ўқишга киритиб қўйди.
Бу жасорат эди! Ўз навбатида мафкурачилар ҳам буни ўзларининг тенгсиз
ғалабаси деб билдилар:
–Биз битта диндорни диндан чиқардик! – деб айюҳаннос солишди улар.
Ҳатто район газетасида ота номидан «Мен нега диндан қайтдим» деган
мақола эълон қилиб юборилди (Табиий-ки, бу ҳақда отадан сўраб ҳам
ўтиришмади).
4
Йиллар чопағон. Ҳаш-паш дегунча Гўзал билим юртини тамомлади. Қўлига
диплом тегди. Ишлаш учун ўзи яшаётган шаҳарга йўлланма беришди.
Одатда янги битириб келувчиларни ишга жойлаштириш учун қавму
қариндошлар, таниш-билишларнинг югуриб-елишларига тўғри келарди.
Гўзалнинг фавқулодда сулувлиги қўл келди. Уни «Тез ёрдам» станцияси илиб
кетди. Бошқалар ҳасаддан бўзариб қолаверишди.
Гўзал ишга энди кўника бошлаган кунлар эди. Райкомга «Тез ёрдам»
чақиришди. Биринчи котибнинг тоби қочиб қолибди. Райондаги якка-ягона
тиббиёт фанлари номзоди бўлмиш врач навбатчи ҳамшира – Гўзални олиб,
райкомга етиб келди.
Биринчи котиб ёши ўтинқираган, ҳаётнинг ўнқир-чўнқир йўлларида юрак
ўйноғи орттириб олган, алп қоматли киши эди. Сал кайфияти бузилса,
касали хуруж қиладиган бўлиб қолганди. Бугун ҳам кайфиятини бузишди.
Хўжаликлардан бирида пахта планининг бажарилиши хавф остида қолганди.
Райком комиссия юбориб, сабабларини ўрганди. Раис бошлиқ мутахассислар
бюрога чақирилди. Уларнинг роса пўстаги қоқилди. Кимгадир «қаттиқ
хайфсан», кимгадир бундайроқ «ҳайфсан» тегди. Раиснинг вазифасида
қолиш-қолмаслигини пахта йиғим-терими мавсуми тугагач, кўриб чиқиш
колхоз правлениесига «тавсия» этилди.
Бюро йиғилишдан кейин раис биринчи котибдан уни алоҳида қабул қилишни
сўради. «Йиғлаб-сиқтаб, ишда қолдиришни сўрайди», деб ўйлади биринчи.
Қабул қилди.
–Хўш, нима демоқчисан?
–Кўпнинг орасида тилимни тийдим, райкомбува. Айтмай кетсам виждоним қийналади.
–Нимани?
-Комиссия текширувидан мен қаноатланмадим. «Колхоз далаларида пахта
мўл, фақат иш ёмон ташкил этилган», деб бизни айблашган. Бу туҳмат,
ёлғон! Мен колхозни қабул қилганимдаёқ «Чигит экиш плани ошириб ёзилган,
пахта учун ажратилган ер гектарчиларга бўлиб берилган, кузда пахта
ўрнига ерёнғоқ билан қовун-тарвуз топширамизми, чорвачиликда ҳам аҳвол
бундан баттар», деб келиб айтганимда, мана шу кабинетда, мана шу ерда
сиз ўзингиз елкамга уриб «Боравер, кузгача бир гап бўлар», деб чиқариб
юборгансиз. Экилмаган ерлар экилди қилиниб, қанчадан-қанда маблағ елга
соврилганида райком қаерга қаради, нега ўшанда комиссия чақиртириб
текширтирмадингиз?
Биринчи раисни аврашга ўтди:
–Бошқа хўжаликларда чигит тўлиқ экилганди, деб ўйлайсанми? Уларда
план бажарилаяпти-ку? Сен ёш раиссан. Келажагинг олдинда. Бир йил-икки
йил планларни бажариб, ўзингни кўрсат–райижроқўм раиси бўласан. Бизларни
ҳам амалга боғлаб қўйишгани йўқ. Ўрнимизга сен, сенга ўхшаганлар
келади. Озроқ тадбиркорроқ бўл, йигит.
–Нима, планни пахта сотиб олиб тўлдирайми?
–Қўшни колхоз-совхозларнинг раҳбарларидан сўраб кўр, улар қандай бажаришаётган экан?
–Тўғри, улар сотиб олишаяпти. Мен улар қилаётган ишни қилолмайман.
Пахта сотиб олиб умримни қамоқда ўтказмоқчи эмасман. Уруғимизда ҳеч ким
раис бўлмаган.
–Шунақами, ҳали?!
–Ҳа, шунақа!
–Демак, план бажарилмайди, де?!
–Далада борини териб топшираман.
–Очиқ айт, план нима бўлади?!
–Планга яна йигирма процент керак. Менда унча пахта йўқ.
–Хўп, яхши. Боравер. Бошингга иш тушганда йиғлаб келмасанг бўлди!
–Бошга тушганини кўз кўради, ўртоқ Ҳақбердиев!
–Йўқол! – деб бақирди биринчи юрагини чангаллаганича. Унинг юрак хуружи бошланаётган эди.
Ҳайбатли қичқириқни эшитиб кабинетга чопиб кирган котиба «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилди…
Биринчининг хаёлини котиба аёл бузди:
–Докторлар келишди.
–Киришсин.
Тиббиёт номзоди икки букилиб салом берди, унинг бу қилиғи Гўзалнинг
кулгисини қистади. «Райкомбува» салқи тортган қовоқларини кўтариб,
рўпарасидагиларга қаради. У номзодни танирди. Аммо унинг ёнидаги сулув
ким бўлди экан? «Ё, тавба, одам боласи ҳам шунчалик гўзал бўладими!»
Доктор беморнинг қон босимини текширди, юрак уришларига қулоқ тутди. Сўнг ҳамширага қандай укол қилиш лозимлигини айтди.
«Райкомбува» аллақачон ўз дардини унутганди, ҳатто ҳамшира укол қилганини ҳам сезмай қолди.
–Қани, қизим, игнангни санчимайсанми? – сўради «райкомбува» қизнинг туртиб турган сийналарига ҳирс билан боқаркан.
–Игнамни санчиб бўлдим, райкомбува, – деди Гўзал ийманиб, ҳам ҳувониб.
–Ростданми?
Қизнинг ўрнига врач жавоб берди:
–Рост-рост.
–Кандидат!
–Лаббай, райкомбува?
–Бунақа оғритмай игна санчадиган гўзал қизни қаердан топгансизлар?
Врач қўл қовуштириб, мамнун тиржайди:
–Ўзимиздан чиққан. Эшонгузарнингфарзанди, райкомбува.
–Оббо, шунақа де. Эшонгузар фақат меваси билан машҳур десам, париваш қизлари билан ҳам машҳур эканда?
–Ҳа, ҳа, шундай, райкомбува.
–Кандидат!
–Лаббай?
–Яқинда қанақадир сеанс ҳақида гапиргандинг.Эсингдами?
–Албатта, эсимда. Соғломлаштириш сеанси, яъни уқалаб даволаш
сеанслари ҳақида гапиргандим. Инсоният бундай сеансларни икки минг
йилдан ҳам ортиқроқ вақтдан бери қўллаб келади. Тури жуда кўп. Бу метод
кўҳна Шарқда кенг тарқалган…
–Бўлди-бўлди, ишонтирдинг. Демак, мен сеанс олишим мумкин эканда-а?
–Нафақат мумкин, балки жуда ҳам зарур. Ўзингиз розилик бермаганингиз учун…
–Яхши, мен розиман.
—Эртагаёқ сеансларни бошлаб юборамиз, ракумбува.
—Нега эртага, бугун эмас?
—Мутахассис ходимамиз пахтада. Бугуноқ чақириб оламиз. Эртадан иш бошлайди.
—Пахта тераётган бўлса, қўй, тегма, пахтасини тераверсин. Одамларни
ишдан чалғитиш яхши эмас. Балки… сеансни мана бу қизимиз қилар?
Врач биринчи котибнинг муддаосини англолмай ўйланиб қолди.
—Қизим, исминг нима?—«райкомбува» ҳамширага юзланди.
—Гўзал.
—Исминг жисмингга мос экан, қизим. Қалай, сен райкомбувангни соғайиб кетишини истайсанми?
—Албатта.
—Ундай бўлса, сеансларни сен қиласан. Бир ойга сени менинг ихтиёримга
командировка қилишади. Пахтага чиқмайсан, ҳар хил ишлардан озод
қилинасан.
—Райкомбува, ахир…
—Эътирозга ўрин йўқ.
—Ахир мен монуал терапиядан ҳеч нарса билмайман-ку?
––Монуал терапия, дейсанми?
— Монуал терапия – уқалаб даволаш дегани, – шошиб изоҳ берди тиббиёт номзоди.
— Мана, номини биласан-ку. Билмаганларингни иш жараёнида ўрганиб кетасан.
Гўзал врачга илтижо билан қаради. Врач «Рози бўл, тентак, омадинг
келди, қўлдан қочирма», деган маънода зўр бериб имо-ишора қила бошлади.
Қиз ноилож рози бўлди.
Биринчи котиб бетоблигини хам унутиб ўрнидан турди. Хона бурчагидаги
пўлат сейф эшигини даранглатиб очди. Ундан иккита қутича олди.
—Мен бугун сизлардан ниҳоятда хурсанд бўлдим, — деди биринчи котиб
қутичалардан бирини қўл учида тиббиёт номзодига узатаркан. — Арзимаган
совға. Мана бу сенга, қизим, оғритмай укол қилганинг учун. Қани,
билагингни тут-чи.
«Райкомбува» қутичадан жажжигина тилла соатни олиб, қизнинг оппоқ
билагига тақиб қўйди. Қария бундай ширин лаҳзаларни анча вақтдан бери
татиб кўрмаганди, шу сабабдан юраги қари қирчанғиникидек гупуриб ура
болшади. Ўзини зўрға тийиб, қизнинг билагини ноилож қўйиб юбораркан:
— Муборак бўлсин, – деди.
— Раҳмат! – деди тиббиёт номзоди икки букилиб. Қиз уятдан қип-қизариб, ерга тикилди.
5
Даволаш сеанслари шифохонада ёки райком биносида эмас, балки биринчи
котибнинг коммунал уйдаги квартирасида давом эттирилишини эшитган
Гўзални ваҳима босди. Негаки, ҳайҳотдек катта уйда «райкомбува» сўққабош
яшарди ва қиз бола кириб-чиқиши ҳар хил гап сўзларга сабаб бўлишини у
юракдан ҳис эта бошлаганди. Мулоҳазаларини бош врачга айтганди, у чаён
чаққандек сапчиб тушди:
—Нодон қиз, сен фақат ўзингни ўйлама! — деди қўлларини пахса қилиб. —
Райздравнинг тақдири сенинг қўлингга қараб қолди. Ҳа, ҳа, сенинг
қўлингга! Шалағи чиққан хизмат машинамизни сен туфайли янгисига
алмаштирадиган бўлишди. Палаталар ремонтига пул ваъда қилишди.
Диагностика марказини очмоқчимиз. Бу ҳам, қизим, сен туфайли. Бир оғиз
«Йўқ», десанг бари елга учади-я.
—Ахир…
—Тушунаман. Гап-сўз бўлишидан қўрқасан. Бу туйғу ҳаммамизда ҳам бор.
Аммо сен қўрқма. Ватан манфаати деб урушда одамлар ўзларини танк остига
ташлаганлар. Сен Ватаннинг бир бўлаги-райздрав учун фидойилик қилишинг
керак, қизим. Буни ҳамиша қулоғингда тут…
Биринчи котиб ўн йиллардан бери бўйдоқ эди. Хотини ўлгач,
ўғил-қизлари унинг уйланишига рўйхўшлик беришмади. Аслида уйли-жойли
бўлиб кетган фарзандлар амалдор отанинг мол-мулкига янги меросхўрлар
чиқишини исташмасди. Бахтига Эшонгузар районига биринчи котибликка
сайланди-ю, бағрига офтоб тегди…
«Райкомбува»нинг илондек аврашлари, қимматбаҳо совға-саломлари
Гўзалнинг ақлини ўғирлади. «Отам тенги одам, юрт раҳбари, менга
ёмонликни раво кўрармиди», деган юпанч бор эди бечора қизнинг кўнглида.
Аммо у кун сайин тузоққа бошини кўпроқ тиқаётганидан бехабар эди.
«Райкомбува»нинг соғлиги учун ичилган бир қадаҳ қоняк қизнинг
ақл-ҳушини ўғирлади…
Қиз ҳуши жойига келганида бадном этилганлигини англади. Кучи
кўзёшларига етди. «Райкомбува»ни бўғиб ўлдиришга тайёр эди шу топда.
—Тентак қиз, ўзинг суйкалдинг, ўзинг қўйнимга кирдинг-ку! – деди
«ғазабланган» биринчи котиб. –Кел, қўй, йиғлама. Бўлар иш бўлди, бўёғи
синди. Барибир додингни ҳеч ким эшитмайди. Истасанг… сенга уйланаман.
Қиз бир нарса демасдан чиқиб кетди.
Биринчи котибни ваҳима босди. «Ёшлик қилиб бировга сирни очса, шарманда бўламан-ку! Нима қилиш керак? Бунинг чораси борми?»
Орадан икки-уч кун ўтди. «Демак, ҳеч кимга гапирмаган. Қизиқ устида
гапирмадими, энди гапирмайди». Биринчининг хулосаси шу бўлди.
Кутилмаганда ярим тунда Гўзалнинг ўзи кириб келди. Қўлида чоғлиққина тугунча.
—Мана, мен келдим, – деди қиз кўзларини ердан узмасдан. —Ҳайдаб юборсангиз ҳам кетмайман.
Биринчи котибнинг невараси тенги қизга уйланишдан бошқа чораси қолмади.
Бир-иккита обрўли оқсоқоллар ўртага тушиб, ҳар хил ғийбат сўзларни бости-бости қилишди.
—Эл отаси сўққабош юргани яхши эмас. Қайтанга уйлангани яхши бўлди,
—деб фатво бериб юборишди. Енг учида никоҳ маросими ўтказилди.
6
Шу куни Сирож бобонинг уйида қиёмат қўпди. Бечора ота «Қазисан,
қартасан, асл зотингга тортасан», деб ер муштлаб, Гўзални қарғади, оппоқ
соқолидан шашқатор ёшларини оқизди…
Гўзал эрига қўчқордек ўғил туғиб берди. «Бахтимни йўқотиб топган
бахтим», деб ўғлининг исмини Бахтиёр қўйди. Бола унинг ягона овунчоғига
айланди. Шу туфайли гулдек ёшлигини поймол қилган «гўридан гўри яқин»
эрига нисбатан бўлган нафрати бироз юмшади. Балки бир кун келиб у эрини
кечириши ҳам мумкин эди.
Кекса отанинг юзи кулса-да, ичини бир дард ўртайди. Кечалари
алаҳсираб, туриб кетади. Телефон жирингласа ҳам эшикка қараб ранги
ўчади. Дардини айтмайди, айтолмайди. Ёш жувон иш билан банд пайтлардан
фойдаланиб, ўғилчасини бағрига босиб, унсиз йиғлайди.
Бир кун тунда эшик қўнғироғи қаттиқ жиринглади.
—Қарачи, телефон жиринглаётганга ўхшайди, — деди эр титраб-қақшаб,
зора бу сафар ҳам эшик эмас, телефон қўнғироғи бўлса, деган умидда.
—Телефон эмас, эшикнинг қўнғироғи, —деди хотини. Унинг гапини маъқуллагандек қўнғироқ босиб-босиб жиринглади.
—Бундай бемаҳалда ким келиши мумкин? — сўрайди эрининг безовталиги
ўзига кўчган жувон. Эр лом-мим деёлмайди, фақат имо-ишора қилади.
Ташқаридагилар энди эшикни гурсиллатиб ура бошлайдилар.
—Ким?
—Давлат хавфсизлик комитетидан. Эшикни очинг!
Гўзал эрига «тинчликми?» маъносида қарайди. Нимқоронғида эрининг ранги девор бўлиб кетганини сезмайди.
—Оч, — дейди эр. Товуши ўзиникига ўхшамайди. Бурунги ўктамликдан нишона ҳам қолмаган. — Аввал чироқни ёқ.
Эшикдан шиддат билан тўрт киши кирди. Барининг қўлида яланғочланган тўппонча.
Бегона «амакилар»нинг бемаҳал ташрифи, бақириб-чақириши болани қўрқитиб юборди. Чинқириб йиғлай бошлади.
—Боланинг чакагини ўчир! — деб ўшқирди «амаки»лардан бири. Жувонга
кўзи тушди-ю, қотиб қолди. У Рембрант чизган мўъжиза картиналардан
бирига тўсатдан дуч келиб қолган санъат мухлиси каби лол бўлиб қолганди.
—Болангиз билан нариги хонага чиқиб туринг, опа, — деди хавфсизлик қўмитасининг ходими табиатига хилоф равишда мулойимлик билан.
Гўзал қўшни хонада бўлаётган гап-сўзларни эшитиб, билиб ўтирди.
КГБчилар ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилиб ташлашди. Нарсаларни хатлашди.
Тонгга яқин «райкомбува»ни олиб, чиқиб кетишди. Эр эшик олдида бир сония
тўхтаб, Гўзалнинг қўйнида ухлаб қолган ўғлига мўлтираб қаради. Бир сўз
ҳам демай остона ҳатлади. Бир оздан сўнг ҳовли тарафдан машиналарнинг
ўрнидан қўзғалгани эшитилди.
Гўзал эрини қайтиб кўрмади. Собиқ амалдор қамоқ жазосини ўтаётганда ўзини осиб қўйгани хабари келди.
Элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди. Биров у дейди, биров бу. Бари бир
тахмин. Бари даҳшат. Ҳақиқат эса бир неча йилдан кейин маълум бўлади.
Фалончи «Мени шу одам туҳмат қилиб қаматганди. У энди бу ердан тирик
чиқиб кетмайди!» деб дағдаға қилган экан. Оқланиб чиққанлардан бири
миш-мишларни тасдиқлади. У кайф устида «Олдин ўлдириб, кейин осишганини
ўз кўзим билан кўрдим», деб оғзидан гуллаб қўйди. Ҳуши ўзига келганда
эса айтганларидан тонди. Барибир бу гап шов-шув бўлиб кетди.
Кулфат бир келса қўша-қўша келаверар экан.
Эри тириклигида «аллада азиз» бўлиб юрган жувоннинг ҳолидан хабар
олгувчи зот йўқ. Бир вақтлар Гўзал туфайли янги машинали бўлиб олган
«райздрав»нинг раҳбарлари жувонни совуққина қарши олишди.
—Эрингиз туфайли идорамиз шаъни булғанишини истамаймиз, — деди
соғлиқни сақлаш бўлимининг яқинда тайинланган раҳбари. Сизни ишга олсак
гап-сўз кўпаяди. Шундай ҳам ҳаммаёқ алғов-далғов бўлиб ётибди. Бизни
кечирасиз, синглим, ҳеч ҳам иложимиз йўқ. Бошқа ердан иш қидиринг.
Бошқа гапга ўрин қолмаганди. Жувон бу масканни бир умрга тарк этди.
Тафтиш давомида рўзғорда қўлга илингудек ҳамма нарса рўйхатга тушган.
Гўзалнинг шахсий ва совғага олган буюмлари, тақинчоқлари ва
кийим-бошлари ҳам мусодара бўлиб кетган. Бахтига уйда тинтув
ўтказилишидан олдинроқ Гўзал кир ювганди. Тилла билагузугини ва соатини
ечиб, дарахт бутоғига илиб қўйди-ю, ишга андармон бўлиб унутди. Тинтув,
эрининг қамалиш воқеалари билан тамоман эсдан чиқарди. Бир неча кундан
сўнг тасодифан кўзи тушди. Одам бутун бошли хазина топиб олганда ҳам бу
қадар севинмас!
Гўзал ўзи билган олибсотар аёлнинг олдига чопди. Тилла билагузукни
унинг олдига қўйди. Олибсотар илон шаклида ишланган бу қимматбаҳо буюмни
кафтида салмоқлаб, ҳаяжонини билдирмай, беписандлик билан камзулининг
чуқур киссасига тиқди. Сўнг кўрпа тахларини титкилаб, бир даста пул
олди. Бари уч сўмлик билан беш сўмлик. Онда-сонда ўнталик ҳам учраб
қолади. Кампир бамайлихотир ўтириб пул санади. Сўнг бир дастасини
Гўзалнинг олдига қўйди.
—Ўлимлигимга асраб қўйгандим, айланай. Сизнинг тўйларингизга ярасин.
Пул жувоннинг мўлжалидагидан анча кам эди.
—Холажон, — деди Гўзал, — билагузукнинг ўз нархи беш минг туради. Сиз ярмидан ҳам оз бердингиз?
—Ундай бўлса, олиб боринг, синглим. Мен ҳалиям сизга қайишдим. Атказ
нарса. Худо кўрсатмасин, органдагилар билиб қолишса нақ хонумоним
куяди-я.
—Ҳеч бўлмаса яна беш юз сўм қўшинг?
—Майли, кетса мендан кетсин. Яна юз сўм қўшаман.
—Тўртюз!
—Манг, матоҳингизни олинг! Харидор топсангиз, қимматроққа сотарсиз.
—… Майли, пулни беринг.
—Бу бошқа гап, синглим. Хизмат бўлса тортинмай келаверинг.
Ётиб еганга тоғ хам чидамас экан. Билагузукдан кейин тилла соат ҳам пул бўлди. Пул -кул, деган эканлар.
Бу сафар нажот қаердан келишини билолмай жувон гаранг. Ўзи-ку майли,
ўғлининг очликдан чинқириб йиғлашига чидолмайди, қўшилиб аччиқ-аччиқ
кўзёшлари тўкади. Ҳатто бир гал «Ўлиб қўяқолсам-ку, ҳаммасидан бир йўла
қутилардим», деган шум хаёллар ақлини ўғирлаб қуйди. Азоб-уқубатлардан
қутилишнинг энг осон ва энг қисқа йўли — ҳаёт билан видолашиш!
Сўнгги сониялардагина ҳуши жойига тушиб, атрофига олазарак назар
ташлади. Шунда қўлида бир қулоч арқон ушлаб турганлигини пайқади.
Арқонни ўзи қидириб топганмиди ёки унга кимдир тутқазиб қўйганмиди,
билолмади. Фикри теранлашиб, ҳалокат ёқасида турганлигини сезди. Шу
билан бирга нажотнинг ғира-шира йўлларини илғагандек бўлди.
«Отам, қариндошларим мендан кечган бўлсалар, эримнинг ўғил-қизлари
тирик-ку. Ўшаларнинг олдига бораман. Менга раҳмлари келмаса, укаларини
аяшар. Боланинг нима айби бор. Ҳозироқ йўлга тушаман. Сўраб-суриштириб
топиб бораман!» Жувон ҳамон қўлида маҳкам ушлаб турган, учи сиртмоқ
қилиб тугилган бир қулоч арқонни нафрат билан бир четта улоқтириб
юборди.
«Райкомбува» билан эр-хотин бўлишган дастлабки кунлар. Бу воқеадан
хабар топган эрининг икки ўғли билан бир қизи етиб келишди. Прокурор
ўғли отага оғир-оғир гапирди. Қизи фақат йиғлади. Кенжа ўғли лом-мим
демай ўтирди. Ота сукут сақлади, дашномларга чидаб берди. Бўлар иш
бўлгани, ғишт қолипдан кўчганига амин бўлган ака-укалар кўл силтаб, ота
уйини тарк этишганди. Шу боисдан Гўзал болали бўлгандан сўнг ҳам эрининг
қариндошларини кўрмади, ҳозир кўрса, эҳтимол уларнинг ҳеч бирини
танимаса керак. Излаб-излаб Маккани топишган экан. Чўлобод эса бир
қадам. Боз устига уч йил талабалик умри ўтган шаҳар. Албатта, топади!
Гўзал кечгача қайтиб келишни мўлжаллаб, ҳовлисининг олдида ўсган қари
тут тагидаги шолчада ўтирадиган таниш пистафуруш кампирга ўғлини
қолдириб кетадиган бўлди.
—Болам, узоқ қолиб кетма,—деб тайинлади кампир. — Неварагинамни сен
келгунча ўзим олиб ўтираман. Унга шакаладлар олиб бераман. Бувигинанг
қоқиндиқ сендан.
II. БАРОТ
1
Гўзал ўғлини пистафуруш Норгул момога қолдириб, кечгача қайтиб келиш
ниятида Чўлободга борадиган автобус бекатига чиқди. Вақт барвақт бўлгани
учун бекатда ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ёнида бир ярим сўм пули бор
эди. «Боришга олтмиш тийин, қайтишга олтмиш тийин — бир сўм йигирма
тийин. Чўлободда автобусга минмайман. Ўттиз тийин запасга қолади», деб
ўзича ҳисоб-китоб қилиб, бойлигини қайта-қайта санаб сўмкачасига солди.
Шу лаҳзада кимнингдир назарини ҳис этиб, ялт этиб қаради. Тўрт қадам
нарида қора «Мерседес» турарди. Машина рулида сочлари патила-патила,
юзлари дум-думалоқ ,сурбетлиги юз-кўзидан шундоқ кўриниб турган йигит
ўзига суқ билан қараб турганини кўрди-ю, юраги «шиғ» этиб кетди. Бахтга
қарши бекатда ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ.
Жувон тараддудланганини сезган патиласоч гап отди:
—Элтиб қўяман, опўси, машинага чиқинг, — у гапирганда тилла тишлари ялт-юлт этиб кетди.
—Раҳмат, йўлингиздан қолманг!
—Раҳматни кейин айтасиз, гўзал қиз. Хафа қилиб қўймаймиз,-шилқим
ёлғиз эмасди. Унинг шериклари шарақлаб кулишди. Жувон тараддудланиб
атрофга қаради. Яқинлашиб келаётган «Жигули»ни кўриб, беихтиёр қўл
кўтарди. Машина шундоққина ёнида тормоз берди. Шофер орқа эшикни очиб
«ўтиринг», деди. Бу шунчалик кутилмаганда содир бўлдики,
«Мерседес»дагилар аввалига нима гаплигини тушунмай анграйиб қолишди.
Тушунгач эса тўрт нафар турқи совуқ йигит йўлнинг ўртасига чопиб
чиқишди. Патиласоч оғзидагини илиб кетган оқ «Жигули» изидан муштини
дўлайтириб, бисотида бор энг хунук сўзлар билан сўкинди. Беҳаё
шовқин-сурондан чўчиб кетган чиқинди қутисини титкилаб юрган қўтир ит
чўчиб, ириллаб қўйди, «ғув-ғув» қилиб ўйнашаётган бир жуфт мусича парр
этиб учиб кетди.
* * *
—Салом, Гўзалхон, қалай, яхшимисиз?
Жувон чўчиб, ҳайдовчининг юзига қаради. Барот! Собиқ синфдоши!
—Барот, бу… сизмисиз?
—Худди ўзиман, Ўзинг-чи, ўзингмисан?
—Бўлмасам-чи. Демак, таниб тўхтатган экансан-да?
––Сенга ўхшатдим-у, аммо сен эканлигингга унча ишончим йўқ эди. Қўл кўтармасанг, танимай ўтиб кетар эканман.
—Сени худо етказди. Нақ бир балодан қутқаздинг.
—Тинчликми? Нима бўлди?
—Йўлнинг нариги бетида турган қора «Марседес»ни кўрмадингми?
—Бекатнинг рўпарасида турганди, ўшани айтаяпсанми?
—Ўша.
Барот орқани кўрсатадиган ойнага қараб таъқиб қилиб келаётган қора машинани кўрди:
—Ана у эмасми?
Гўзал ўгирилиб, қўрқиб кетди.
—Ўша!
Машинадан бошини чиқариб бақириб-чақириб келаётган шофернинг
қизларникидек узун, патила-патила сочлари шамолда тўзғиб, юз-кўзи билан
ўйнашади. Жувон қўрққанидан «Вой», деб Баротга ёпишди.
—Нима бўлди?
—Бу ўшалар. Бекатда менга шилқимлик қилган йигитлар. Бир балони бошлашмаса гўрга эди.
—Э, гап буёққа де. Майли, қўрқма. «Ит ҳуради, карвон ўтаверади».
Лекин «Мерседес» ҳайдовчиси уст-устига сигнал бериб, «Тўхта!» деб
бақириб келишига қараганда нияти ёмон эканлиги ошкор бўлиб қолганди.
Барот ҳаяжонланганини билдирмасликка уринсада, юрагида ҳавотир пайдо
бўлди. У газ педалини қаттиқ босди. «Жигули» човидан қамчи еган
тулпордек олға қараб сапчиди. Йигитнинг кўнглига Гўзал «Қўрқоқ экан,
қочиб қолди», деб ўйламайдими деган ўй келди-ю, тезликни пасайтирди.
Унинг қалбига шу топда ширин ва аччиқ аралашиб кетган хотиралар қуйилиб
кела бошлади.
2
Гўзал Баротнинг «биринчи муҳаббати». Бу муҳаббат саккизинчи
синфдалигида туғнлган. Қиз ҳам унга бепарво эмасди. Аммо йигит юрак ютиб
қизга муҳаббат изҳор қилолмади. Муҳаббати рад этилишидан қўрққан бўлса
керак. Гўзал саккизинчини тугатиб мактабга қайтмади, вилоят марказига
тиббиёт билим юртига ўқишга кирди. Бу Барот учун кутилмаган зарба бўлди.
Уч йил мобайнида Гўзални икки ё уч бор узоқдан кўрди, хилватда учрашиш
имқонини топмади. Бундан қиз ўзича хулоса чиқарди.
Гўзал ўқишни тамомлаб қайтгач, у ҳақда ҳамма гапира бошлади. Шундай
бўлгач, мактабни эндигина тамомлаган, касбикори бўлмаган йигитчага йўл
бўлсин!
Воқеалар шиддат билан давом этди. Гўзалнинг кутилмаганда отаси тенги
амалдорга эрга тегиши ҳамон кўнглининг бир бурчида илинж яшириниб ётган
Баротга яшин ургандек таъсир қилди. У қиздан мангуга жудо бўлганини
англади. Хилват гўшаларга чиқиб ҳўнграб-хўнграб йиғлади. Ўзини
ўлдирмоқчи ҳам бўлди. Одамларнинг маломатидан қўрқди. «Мард бўлсанг,
рақибингни ўлдир!» деб ҳайқирди рашк отлик бало.
Йигит хато қилаётганини ўз вақтида тушуниб қолди. Шундай бўлса ҳам
кўникиш оғир бўлди. Ўқиш баҳона Тошкентга жўнади. Киролмади. Аммо уйга
ҳам қайтмади. Тошкентдаги қурилиш ташкилотларидан бирига ишга кирди.
Спорт секциясига қатнашди. Шу ердан аскарликка кетди.
Спорт билан шуғулланиб, анча чиниққани қўл келди. Десант қўшинига
тушди. Жанговар спорт билан астойдил шуғулланди. Турли мусобақаларда
қатнашди. Округ чемпиони бўлди. Гўзал ҳақида ўйлашга деярли вақти
бўлмасди. Бора-бора уни сиқиб чиқарди ҳам.
Аскарликдан кўкси тўла нишон, мақтов қоғозлари, мусобақаларда қўлга
киритган медаллари билан қайтди. Эшонқишлоқдан жўнаб кетаётганидаги
тушкун кайфиятидан энди асар ҳам қолмаганди.
Дунё кўзига рангин бўёқларда намоён бўла бошлаган кунларда яна фожиа
рўй берди. Отаси билан онаси бир кунда автоҳалокат оқибатида оламдан кўз
юмишди. Кечаги аскар йигит серфарзанд акаси Ўринбой билан янгасининг
қош-қовоғига қараб қолаверди. Ўз тенгини топиб уйланиш, болали-чақали
бўлиш ҳақидаги орзуларни бир четга йиғиштириб қўйишга тўғри келди.
Акаси яхшигина дурадгор бўлганлиги сабабли топиш-тутиши ёмон эмас.
Лекин унинг хотини ўта зиқна. Эр-хотиннинг азалий орзуси машиналик
бўлиш. Шунга пул жамғаришаяпти. Бир тийин чиқим бўлган куни рўзғорда
жанжал кўпади. Онда-сонда, бирор муносабат билан қозон осилса, болалар
учун байрам, эр-хотинга аза. Бундай ҳаётга Барот сира кўниколмасди. Аммо
начора. Акаси қўллаб-қувватламаса уйланолмайди. Уйланиш хақида ўйламаса
ҳам бўлади. Негаки,Ўринбойнинг уч ўғли хатна қилинмаган, бари мактабга
қатнайди. Бешинчи синфда ўқийдиган ўғлини синфдошлари «Сан уриснинг
боласисан, бўлмаса кестиришарди», деб калака қилишган экан, уйга йиғлаб
келди. Қариндошлар ўртасида шу ҳақда гап қўзғалганди Ўринбой ҳазил-ҳузул
билан қутилмоқчи бўлди:
—Бе, менинг болаларимнинг каттаси энди ўн иккига кирибди. Шуниям гап
қилаяпсизлар. Мен олтмишга кирган бўлса ҳам кесилмаган одамни биламан.
––Ёпирай! –– дейишди қариндошлардан ишонувчанроғи ёқасини ушлаб. –– Ким экан у?
- Анаву-чи.
––«Анаву»нинг ким?
—Анаву-чи, сиз яхши танийсиз, — атайлаб гапни чўчади Ўринбой.
—«Анаву», «Анаву» дейсан, ким ўзи «Анавунг»?
—Колхозимиз гаражида чилангарлик қилаётган чол бор-ку. Ўша-да.
Ҳамма қаҳ-қаҳ уриб кулади. Чунки «анаву» дегани ўрис чолни танимайдиган одам йўқ.
—Ҳазилни қўй, Ўринбой. Тўйни тезлаштир. Ё беш-ўн сўм йиғиб берайликми?
—Қуллуқ. Ўзим пешона терим билан топган пулга тўй қилиб бераман. Шунақа тўй қилайки, ҳамманинг оғзи очилиб қолсин.
—Кўрпангга қараб оёқ узат, жиян, элдан чиқиб қаергаям борасан.
—Ҳамма гапирсаям, сиз гапирманг, тоға! Мошин оламан деганимдаям сиз
устимдан кулгандингиз. Шукр, мана, машиналик ҳам бўлдик. Эрта-индин
праваям оламиз. Кўрмаганнинг кўзи чиқсин.
—Мен ҳасад қилганимдан айтганим йўқ эди, жиян. Олдин болаларингнинг
қўлини ҳалолла, укангнинг бошини иккита қил ,мошин бўлса қочмас, деган
маънода гапиргандим. Аччиғинг келган бўлса, гапимни қайтиб олдим.
—Мени ўттизга кириб уйлантиришган, тоға, тўғрими?
—Ҳа, жиян, раҳматли отанг қўли қисқароқ одам эди. Шунинг учун сени кеч уйлантирди.
Шу вақтгача эри билан қариндошларнинг гапига жимгина қулоқ солиб уйқусираб ўтирган Ўриннинг хотини аразлагандек гап қилди:
—Тўйимиздан олдин «йигирма бешга кирганман, бир кун ҳам катта эмасман», дегандингиз. Алдаган экансиз-да? Билсам тегмасдим.
—Ҳо, энди алам қилаяптими? Кеч бўлсаям жавобингни берай-ми? — ростакамига жаҳли чиқиб хотинига ўдағайлади Ўринбой.
—Йўлига айтдим қўйдим-да.
Гапга тоға аралашди:
—Хўш, нега ўтганларни эслаб қолдинг, жиян?
—Шунинг учунки, тоға, боя укангнинг бошини икки қил, дедингиз. Гап
йўқ, икки қиламан. Лекин ҳозир эмас. Ҳеч бўлмаса, менинг ёшимга кирсин.
Яна бир гап — спорт мактабидан оладиган маоши билан узоқда боролмайди.
Пуллироқ иш топсин. Ана ўшанда ҳамманинг оғзи очилиб қоладиган тўй
қилиб, хотин олиб бераман.
Барот шундан билдики, акаси билан янгаси ҳали-бери унинг бошини икки
қилиш ниятида эмас. Йигит кўнгли ўксиганини сиртига чиқармади, ичига
ютди.
Баротнинг тизгинсиз ўйларини таъқиб қилиб келаётган машинанинг
босиб-босиб берган сигнали тўзғитиб юборди. Олдинда ДАН пости оқариб
кўринди. Тезликни оширса қоида бузганга чиқаришади. Ноилож «Мерседес» га
йўл бўшатди. «Мерседес» анча жойгача ёнма-ён борди. ДАН постига юз-юз
эллик метрча қолганда тезликни ошириб, ғизиллаганча ўтиб кетди. Бир
оздан сўнг кўздан йўқолди.
—Хайрият, даф бўлишди, — деди Гўзал енгил тортиб.
—Қайдам, — деб қўйди Барот.
Баротнинг шубҳаси тўғри чиқди. Кўҳна қалъа қолдиқлари орасидан ўтган магистрал канал кўпригида қора «Мерседес» кутиб турарди.
—Ўшалар! Бизни осонликча қўлдан чиқариб юбормасликларини билардим, —
деди Барот. — Ҳозир ёнидан ғизиллаб ўтиб кетамиз. Шаҳаргача қувиб
етолмайди.
Йигитнинг мақсадини тушунгандек «Мерседес» жойидан қўзғалиб,
«Жигули»нинг йўлига кўндаланг бўлди. Барот машинани аранг тўхтатиб
қолди.
«Мерседес»нинг тўрттала эшиги баравар очилиб, патиласоч шофер ва
турқидан от ҳуркадиган уч йигит тушди. Улар Голливуд кино қаҳрамонларига
тақлидан ҳаракат қилаёттанга ўхшашарди.
Патиласоч бақалоқ ҳамон рулда ўтирган Баротнинг ёқасига ёпишиб,
машинадан тортиб туширди. Йигитнинг масаласи ҳал бўлганига ишонган
қолган учови қизга ёпишди.
—Бузоқнинг югургани сомонхонагача эканлигини билмасмидинг, қанжиқ!
Мана, энди насибангни ол! — шундай деб патиласоч рақибига калла қўйиш
учун орқага тисарилди. Шу пайт аллақандайдир куч унинг қўлларини рақиб
ёқасидан узди. Ҳавода ғизиллаб келаётган нағал қоқилган пошнага кўзи
тушди. Унинг нима эканлигини англар-англамас иягининг тагидан кучли
зарба еди ва бутун гавдаси билан ердан узилганини фаҳмлади. Ғалати
парвоз тугамасданоқ ҳушдан кетди.
Қизни тортқилаб, машинадан туширмоқчи бўлаётган уч босқинчи бу
манзарадан бенасиб қолишди. Акс ҳолда бу ерда ортиқча туриб қолмаган
бўлишарди.
Барот ҳар ер-ҳар ерда чўзилиб ётган босқинчиларни илкис кўздан
кечирди. Фақат патиласочнинг оғзи-бурни қонга бўялган. Унинг синиб
кетган тилла тишлари асфальтда сочилиб ётарди.
—Бу ерда қиладиган ишимиз қолмади, кетдик, -деди Барот ранг-қути ўчган жувонга. — Қани, машинага!
Йиртилиб кетган кўйлаги остидан кўриниб турган қордек оппоқ баданини
қўллари билан зўр бериб ёпишга уринаётган Гўзал савол беришга ўзида куч
топди:
—Ўлиб-нетиб қолишмайдими?
—Итнинг жони қаттиқ бўлади. Булар итдан-да баттар. -Барот шоша-пиша
машинасини ўт олдириб, «Мерседсс»ни айланиб ўтди. У бўлиб ўтган воқеада
ўзини бегуноҳ санаса-да, ички бир туйғу юрагига ғулғула солиб қўйганди.
Сал юрмасдан рўпарадан келаётган «Москвич» кўринди. Рулда вилоят
шоферлари ўртасида «Лўли» лақаби билан машҳур бўлган ДАН инспектори.
Қатнов ниҳоятда сийрак бўлганлиги сабабли ДАН инспектори уларни эслаб
қолиши қийин эмасди.
—Лаънати, сен етишмай тургандинг! — шундай деб Барот тезликни оширди.
Кўнгилсизлик узоқ кутдириб қўймади.
Темир йўл разъездидаги ДАН постида шоша-пиша шлагбаум туширилди. Бир
пасда юз чоғлик машина тўпланди. Бу ерда бунақа воқеа тез-тез бўлиб
турганлигига кўниккан ҳайдовчилар ҳужжатларини кўрсатишга тайёр бўлиб
туришди. Баротнинг кўнгли алағда. Одатдаги текшириш эканлигига ишонгиси
келмайди. Айниқса, ДАН инспекторининг оқ рангли машиналарнинг
ҳужжатларини, номер белгиларини синчиклаб текшираётганлиги шубҳасини
оширди.
—Ҳужжатларингизни кўриб қўяйлик, — деди сержант ўзини таништирар экан.
У Баротнинг ҳужжатларини қўлига олганча машинани айланиб чиқди, номер
белгиларини қайта-қайта кўздан кечирди. Сўнг «Кутинг», деди-да, ДАН
постига қараб кетди. Сержант йўл четига стол қўйиб, ёзиб-чизиб ўтирган
офицерга энгашиб нималарнидир деди. Офицер ўрнидан сапчиб турди.
Икковлашиб Барот тарафга юришди.
—Ўртоқ ҳайдовчи, ҳужжатларингизда чалкашлик бор. Аниқлик кириттунча
постда кутишингизга тўғри келади, — деди офицер эътирозга ўрин
қолдирмайдиган оҳангда.
—Мен шу ерда кутаман.
––Машинадан тушинг! Ойимқиз, сиз ҳам!
Тортишишнинг фойдаси йўқлигини тушинган Барот Гўзалга шивирлади:
—Бир четга чиқиб мени кутиб тур. Ушланиб қолсам, ўзинг кетавер. Сени ўзим топиб оламан.
Баротнинг тахминлари тўғри чиқди. Канал кўпригида бўлган воқеа яшин
тезлигида ДАН постларига хабар қилинган экан. Инспекторларнинг
муомаласига қараганда Баротни айбдор деб ўйлашаётганини тахмин қилиш
мумкин эди.
DAVOMI BOR....................
|