Среда, 16.10.2024, 05:21
ZERIKISHDAN UMID UZ!!!
 
Меню сайта

Категории раздела
Yangiliklar
Shou biznes
Tibbiyot
Ilm-fan
Telekomunikatsa
Xorij habarlari
Qiziqish hobbi
Tabiat
Oila va jamiyat
Sheriyat
Sport
Sevgi
Elyor Temirov
Foydali maslahatlar
Hikoyalar
Obidjon Obidov
EURO 2012 FOTO
Kashfiyot
Suxbat

Мини-чат
200

Наш опрос
Saytimizga siz qaysi shaxar hududidan kirasiz?
Всего ответов: 249

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2012 » Октябрь » 15 » Сунгги эртак
07:55
Сунгги эртак
Болалигимизда укаларим билан эртак тинглашни жуда-жуда яхши кўрар эдик. Шунинг учун ҳар куни оқшом ётиш олдидан дадамнинг олдига бориб, хархаша қилардик:
− Эртак айтиб бери-инг! Эрта-аак...
− Яхши, болам, – дерди дадам ва навбатдаги эртагини бошларди: − Бир бор экан, бир йўқ экан, бўри боковул экан, тулки ясовул экан...
Баъзида дадамиз эртак айтиб беришни хоҳламасди негадир. Ҳозир "негадир” деб ўша пайтдаги хотиралар таъсирида айтяпман. Бугун ўзим анча ёшга етиб, ўғил-қиз ўстириб, ота, бува бўлиб англадимки, набираларни қанчалик хуш кўрсангиз-да, баъзида уларнинг эркаликлари, хархашалари кўнгилга сиғмайдиган, ортиқчалик қиладиган кунлар бўлар экан. Энди билсам, ўшандай кунларда ҳам биз дадамиздан эртак айтиб беришни талаб қилаверган эканмиз:
− Айтиб беринг! Айтиб бери-инг..
Ишқилиб, ўшандай кайфияти йўқ кунларнинг бирида дадамиз хархашаларимизга чидамасдан, навбатдаги эртакни айтиб берди. Аммо бу эртак у бизга айтиб берган сўнгги эртак бўлди. Шундан кейин ҳеч биримиз дадамдан эртак айтиб беришини сўрашга ботинолмадик.
Ҳозиргача ҳайрон бўламан, дадам нега бу эртакни айтиб берган экан? Ўйлаб, ўйимнинг охирига етолмайман, шу нарса мен учун ҳозиргача жумбоқ бўлиб қолмоқда. Нега бизнинг кўнглимизни яралади экан дадам? Ё бундай шафқатсиз эртак боланинг мурғак, тоза, навниҳол қалбини аёвсиз яралашини билмадимикан? Бунга ишонмайман. Чунки дадам гарчи қаттиққўл, бир сўзли, юмшоқлик табиатига ёт киши бўлса-да, учраганнинг кўнглини бир қарашда англайдиган, кўп ўқиган, зиёли табиат, зукко одам эди. Шуларни ўйлар эканман, дадам бу эртак кўнглимизни яралашини билмаслиги мумкин эмасди, деган хулосага келаман ва бундан ҳайронлигим тағин ошади. Нега айтиб бердийкан бу эртакни дадам бизга?..
Ўша эртак дадам бизга айтиб бергувчи одатдаги эртаклардан фарқли ўлароқ охири фожеа билан тугади. Дадам фожали эртагини якунлар экан, ҳеч биримизнинг юзимизга қарамади. Биз эса қўрқувдан дир-дир титраб, на қимирлашга ва на сас чиқаришга юрагимиз бетламай, кўзларимизни бақачаноқдай бақрайтириб ётардик тўшакда. Бола қалбимиз қаттиқ жароҳатланганди. Эртаклар фақат яхшилик билан эмас, ёмонлик билан ҳам тугаши мумкинлиги ҳақидаги фикр бизни қўрқитган эди. Дадам эртакни якунлаш учун қандайдир сониялар сарфлаган бўлса ҳам, ўша вақт ичида биз ўзгариб, анча улғайиб қолгандик. Аммо ўша воқеадан кейин биз эртак деган нарсадан юрак олдириб қўйдик. Дадамдан эртак айтиб беришини қайтиб сўрай олмадик.
Мана ўша эртак…
Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим эмас, ўзимизнинг замонда бир йигит бўлган экан. У йигит ҳалол, меҳнаткаш, каттага ҳам, кичикка ҳам бирдай меҳрибон экан. Ўзи девқомат йигит экан. Ана шу йигит бир куни уйқуга ётибди-да, бир кечада кўздан қолиб уйғонибди. Аввалига буни англамабди. Одатдагидай тонгда кўзини очибди-ю, ҳеч нарсани кўрмабди. Шунда ҳали ухлаб ётган бўлсам керак, деб ўйлабди. Аммо бир оз ётгач, уйғонганлигини англабди. Фақат кўзлари ҳеч нарсани – энди чиқиб келаётган қуёшни ҳам, тонг шафағини ҳам кўрмаётган экан. "Қизиқ...” Ҳа-ҳа, худди ана шу фикр келибди унинг хаёлига биринчи бўлиб. "Қизиқ, нечун бундай бўлди? Қайси гуноҳим кўзимни кўр қиладиган даражада экан?” деб ўйлабди у ётган ерида. Бу ҳолни тасодифан қўлига зирапча кирган ёки бармоғини билмасдан кесиб қўйган одам каби жуда осойишта қабул қилибди. Даҳшатга тушмабди. "Дод-вой” ҳам қилмабди. Ҳеч кимни ёрдамга ҳам чақирмабди. Ҳатто ёнида тинч, пишиллаб ухлаб ётган хотинини ҳам уйғотмабди. Чунки у сабр- бардошли, иродаси ниҳоятда мустаҳкам йигит экан-да. "Тавба-аа…” дебди йигит яна. Хотинининг юзи, кўзини пайпаслабди. Иссиққина тафти бутун баданига югуриб, ҳузур-ҳаловат туйибди. Хотинининг осойишта ухлаб ётган ҳолатини кўз олдига келтирибди: тўзғиган сочлари, чиройли юзи... Шу пайт хаёлига рафиқасининг узун сочлари-ю, хушрўй чеҳрасини ҳеч қачон кўра олмаслиги тўғрисидаги фикр келибди-да, юраги ёмон уриб кетибди: тақир-тақир, туқур-туқур... Бир оз ётгач, ўзига келибди... "Ё, Аллоҳ! − дебди у. − Ўзингга шукур!.. Бундан баттаридан сақлагайсан...” Шу пайт хотини уйғониб қолибди.
− Дадаси, − дебди у ва одати бўйича йигитнинг бўйнидан маҳкам қучоқлабди. − Сизни соғиниб кетдим...
Йигит индамабди. У ҳам одати бўйича хотинининг узун, қора сочларини меҳр билан сийпалабди. Ана шу аснода руҳига бир ҳаловат иниб, бугун қиладиган ишларини режалаштира бошлабди. Ҳолбуки, у ҳайдовчи эди. "Кўзсиз машинани қандай бошқараман?” деб ҳам ўйламабди. Чунки бажарадиган иши, бориб келадиган йўли, гарчи тоғ довонларидан ошадиган серқатнов шаҳар ичида ўтадиган, шовуллаган сой кўприкларидан кечадиган бўлса ҳам, унга беш бармоқдай аён экан-да.
− Дадаси, бугун сизни не худо урди? Шу вақтгача ётибсиз. Ҳўкизга ким ем беради, ким машинангизни созлайди? – дебди хотини шу пайт.
Хотинининг ҳайрон бўлганича бор экан, чунки йигит ҳамиша тонг отмасдан уйғониб молларига қарар, машинасини ишга созлаб бўлганидан кейингина хотини, бўй етган ўғли уйғониб чиқар экан.
− Бир қошиқ қонимдан кечинг, хўжайин! – дебди йигит хотинини эркалаб. – Сиз бораверинг, мен ҳам изингиздан дарров етиб бораман!
Унга ҳайрон бўлиб тикилиб турганини сезган йигит аёлини тезлабди:
− Боринг, боринг! Ҳозир чиқаман изингиздан!
Хотини чиқиб кетгач, пайпаслаб кийимларини топибди, кийинибди. Узоқ кийинибди. Чунки ҳар кийимини ўнг кийдими, терс кийдими минг марта текширибди-да.
− Ассалому алайку-уммм дада! – дебди уни ҳовлида кўрган ўғли.
− Валайкум ассалом! – дебди йигит ўғли турган томонга қараб – Муртингга поки урибсанми?
Йигит уялиб тоза поки урилган лабини яширибди. Йигит ўғлининг муртга поки урганини сезганига анча бўлган, бундан кўнгли ўсиб, ғурурланиб юрган экан. Шуни билдириб қўяй дебди.
− Баракалла ўғлим! Катта бўлиб қолибсан. Бугун сени ўзим билан ишга олиб кетаман!
Ўғлининг ҳам вақти хуш бўлибди.
Йигит одати бўйича молларга ем берибди, машинасини ишга созлабди. Ювиниб-артиниб келиб, нонушта қилибди. Унинг кўзлари кўрмай қолганини на хотини ва на ўғли сезишибди. У ишларни шунчалик аниқ, йўлидан адашмай, бир марта ҳам қоқилмай юмушларини бекаму кўст бажарибди-да.
Шу зайл кунлар кетидан кунлар, ойлар кетидан ойлар ўтибди. Йигитнинг кўр бўлиб қолганини ўғлидан бўлак ҳеч ким сезмабди. Ўғлига ҳам ўзи айтган экан-да. Йигит ҳар тонг уй юмушларини битказиб, машинасига ўғлини ўтқазиб йўлга чиқар, ҳамма ишни адо этиб кечқурун уйига қайтар экан. Ҳар куни ишга кетаётиб шаҳардан чиқишар экан, "Фалончи чол уйи олдида кўринадими?” деб сўрар экан ўғлидан. "Ҳа, юрибди” ёки "Уйи олдида ўтирибди”, дер экан ўғли. Йигит унга сигнал берар, у киши бошини силкиса, бошини силкиб сўрашар экан йигит.
− Дада, нечун шу қарияни сўрайсиз, бошқаларни сўрамайсиз? – дебди бир куни ўғли.
− У ёмон одам, − дебди чуқур "уф” тортиб йигит. – Келинини қийнаган, боласи эзилиб ўлиб қолган. Боласи... жўрам эди. Яхши йигит эди. Келини... – йигит бошқа сўз демабди.
− Дада! − дебди бир куни яна ўша чолнинг уйи олдидан ўтишар экан ўғли йигитга. – Анави қария йўлда, "миндир”, деб қўл кўтариб турибди.
* * *
− Бўпти! – дебди йигит. – Лекин сен берироқ ўтир! Қўли бир ерингга тегмасин. Қўл бериб саломлашма...
Учаласи машина кабинасида кетишар экан, бир оғиз ҳам гаплашмабдилар. Шаҳардан чиқиб, қирдан кечиб, тоғдан ошиб ўтадиган ерга келибдилар. Машина давонга ўрлай бошлабди. Энг юқорисига етай-етай деб қолганда йигит негадир машинани секинлатибди. Ўғлининг ҳайрон бўлиб қараганини сезган йигит "Бир шамоллаб олай”, дебди. Йигит пастга тушиб кетибди.
− Отанг кўпдан кўрмайдими? – сўрабди чол даб-дурустдан.
Ўғил нима деб жавоб беришини билмай довдираб қолибди.
− Кўпда-ан, − дебди чол кейин ўзига ўзи гапиргандай. – Кўпда-ан...
− Ўғли-им! – чақирибди шу пайт йигит. – Бу ёққа кел!
Ўғли шоша-пиша машинадан тушиб, дадасига чолнинг бояги гапи ҳақида оғиз очмоқчи экан, йигит, "парво қилма” маъносида қўлини силтабди:
− Биламан... Ҳаммасини биламан. Ҳозир мошинни ҳайдайман. Сен эса мошин қайтиб кетмаслиги учун орқа дигирчакка мана бу тошни қўй…
Йигит уловига ўтириб машина рулини жарга тўғрилабди-да, газни берибди! Машина тарақа-туруқ, шоқин-сурон билан пастга қулабди. Йигитнинг ўғли эса қўлидаги тоши билан турган жойида қотганича қолаверибди... Не гап бўлганлигини англаб ҳам билмабди.Бу дадамизнинг бизга айтиб берган сўнгги эртаги эди.
Кўп ўтмай онамиз оламдан ўтиб, биз – етти фарзанд етим қолдик. Улар бир-бирларига шунчалик меҳр қўйган эканларки, онамиз вафот этганидан кейин дадам бир ойдан кўпроқ кўчага чиқмади. Ишга ҳам бормадилар.
− Қўй, Мадраим, бундай қилаверма! – дердилар зорланиб Сафаргул аммамиз. – Ўзингни олдириб қўясан. Болаларингни ўйла, буларга ота керак ҳали. Ҳаммаси ёш...
Ўзидан катта опасига ҳеч нарса демасди дадамиз ўшандай вақтларда. Аммо кўп ўтмай давосиз дардга чалинди. Ўн беш йилча яшади, кейин шу дард билан шаҳарчанинг энг бақувват одами – дадам шу йиллар ичида озиб-тўзиб, юмруқдай болачалик ҳам симмати қолмади.
Бу орада оламдан ўтди дадамиз.
Категория: Hikoyalar | Просмотров: 1564 | Добавил: Admin | Рейтинг: 0.0/0
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Октябрь 2012  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024Создать бесплатный сайт с uCoz