«Сочим узу-у-ун бўлса эди», дейсизми?.. Бунинг иложи бор!
Узун соч орзусидагилар учун! Бунга атиги 3 соат вақт керак холос! Сочларингизни сунъий тарзда узайтирмоқчи бўлсангиз…
Ҳозирги кунда салонларда турли тарздаги сунъий сочлар ўстириш
хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилган. Табиатан нозик, секин ўсадиган,
калта ёки сийрак сочлар соҳибалари бу услуб ёрдамида гўзал, қуюқ ва узун
сочларга эга бўлишлари мумкин. Орзунгиздаги сочларга етишишингиз учун
эса ўзингизни 3, узоғи билан 4 соатга моҳир сартарош қўлига
топширишингиз лозим. Натижа 2 ойдан ярим йилга қадар сақланади. Бу услуб
нафақат сочларингизни узун қилади, балки сийрак сочларга ҳажм ҳам
қўшади. Албатта, сунъий сочлар парваришлашда эҳтиёткорликни ҳам талаб
этади. Бундан ташқари, малакали бўлмаган сартарош қўлига тушиб
қолсангиз, сунъий сочлар улангани билиниб қолиши мумкин. Аммо ўз ишининг
устаси бор маҳоратини ишга солса, тўғри танланган ва ёпиштирилган
сунъий сочлар ўз сочларингиздан ҳеч фарқ қилмайди.
«Соч сотиб оламан»
Бундай ёзувли эълонларга кўзингиз тушган бўлса керак. Сартарошларнинг
сўзларига кўра, сочлар вилоятларда яшовчи аёллардан сотиб олинади.
Айниқса, Фарғона водийсидан келтирилган сочлар қийматли экан. Улар
«сочлар тагига қадар қириб олинади», деган фикрнинг ҳам нотўғри
эканлигини айтишди. Сочлар керакли узунликда кесиб олиниб, махсус
кимёвий қоришмада ишлов берилади. Рангсизлаштирилиб, сўнгра лозим бўлган
рангга бўялади. Мижознинг истагига кўра, улама ёки ясама соч қилинади.
Сунъий соч ўстириш услублари
Аслида соч ўстириш жараёни унчалик мураккаб эмас, фақат бироз эҳтиёткорлик ва озодаликни талаб этади.
Сунъий сочлар ўз сочларингиз илдизига махсус тугунчалар ёрдамида
уланади. Сочлар нозик ва заиф бўлса, бу тугунчалар билиниб ёки кўриниб
қолиши мумкин. Албатта бундай сочларни ҳам сунъий узайтирса бўлади. Аммо
турмак мукаммал бўлмаслигини ва 3 ойдан сўнг сунъий сочларни олиб
ташлаш лозимлигини ҳам эътиборга олиш лозим. Соғлом ва кучли сочларда
эса сунъий сочлар 6 ойга қадар туриши мумкин. Чунки олти ой мобайнида ўз
сочларингиз узайиб, сунъий соч улангани билиниб қолади.
6 ойдан сўнг…
Бу муддат ўтгач, сунъий сочлар ечилиб, қайтадан илдизларга яқин қилиб
ёпиштирилади. Сартарошлар фикрича, сунъий сочларга айрича парвариш лозим
эмас. Уларни бўяш, жингалак қилиш ва кесиш мумкин.
Мумкин эмас!
Сочларнинг ёпиштирилган тугунчаларини тараш, мой асосида тайёрланган
бальзамлар ишлатиш ва шампунлаб ювишда эҳтиёткор бўлиш талаб этилади.
Уйқуга ётишдан аввал сочларни ўриб олиш тавсия қилинади.
Шунингдек, бу услуб тери таъсирчанлиги баланд бўлган, кимётерапия ёки
кучли антибиотиклар билан даволаниш пайтида, сочларнинг кўп тўкилиш
ҳолатларида тавсия этилмайди. Сунъий сочларни улашдан аввал сартарош
бошингиз тери ва сочларингизни кўздан кечириши ва бу услуб сизга тўғри
келиш-келмаслиги ҳақида маълумот бериши лозим.
Қандай танланади?
Сунъий кокиллар ўз сочингизнинг йўғонлиги (қалин, ўртача, ингичка, жуда
ингичка) ва рангидан келиб чиққан ҳолда танланади. Ҳар икки услуб
қўлланганда индивидуал ҳолат (уланган сочлар узунлиги ёки ҳажмнинг
кўтарилиши, маълум бир кокилларни кўпайтириш, сочларга турли қимматбаҳо
сунъий тошлар билан зеб бериш каби)лар эътиборга олинади. Аксарият
уланган сочлар табиий ва юқори сифати билан ажралиб туради.
2 усул
Соч икки хил: иссиқ ва совуқ услубда уланади. Иссиқ услубда махсус елим
керакли ҳароратда эритилиб, унинг ёрдамида сунъий сочлар ўз
сочларингизга ёпиштирилади. Бу услубда узайтирилган сочларни фен
ёрдамида қуритиш, бўяш (бўёқ таркибидаги перекис водород 6 % дан юқори
бўлмаслиги лозим), текислаш ва жингалаклаш (бигуди ёрдамида) мумкин. Бу
усулнинг салбий томони шундаки, сочларни суюлтирилган шампун билан ювиш
керак. Чунки қуюқ шампунлар елимни эритиб юборади.
Совуқ
услубда кокиллар сочга термик ишловсиз пайвандланади. Ҳозирги кунда
машҳур бўлган совуқ услубда елим ва махсус маҳкамлагич ишлатилади. Бунда
юқори сифатли махсус елим ишлатилади. Елим вақт ўтиши билан емирилади
ва 3 4 ойдан сўнг сунъий сочлар ўз сочларингизга зарар етказмай, енгил
ечилади. Бу елим соч териси ва сочларингиз саломатлигига салбий таъсир
кўрсатмайди.
Улаш технологияси
Иссиқ услубда соч улаш бир нечта технология бўйича амалга оширилади:
Ультратовуш ёрдамида соч улаш (итальян услуби) – ҳозирги кунда
оммавийлашган замонавий услублардан бири. Кокиллар махсус ускуна
ёрдамида елимланади ва мукаммал кўринишга эга бўлади. Натижа эса 2-6 ой
мобайнида сақланиб туради. Бундан ташқари, бу услубда сочлар улангани
сезилмайди ва тўкилиб кетмайди. Салбий томони шундаки, сунъий сочларни
қайта ёпиштириб бўлмайди, яъни бу услубни яна қўллашни истасангиз, янги
сунъий сочлар тақишингиз лозим бўлади. Шу билан бирга, сочларни
парваришлашда эҳтиёт бўлиш талаб этилади: тўғри ювиш, тараш ва қуритиш
лозим.
Инглиз услубида елимли пистолет ва эрувчи органик
кератин елим (смола)дан фойдаланилади. Сочларнинг пайванд қилинган қисми
кичик гуруч оқшоғини эслатади. Ўртача ҳажмли сочларга 100 150 сунъий
кокиллар уланади. Уланган сочларнинг узунлиги 70 см.дан кўп бўлмаслиги
керак. Бу услубдан кўпроқ юлдузлар фойдаланишади. Яхши жиҳати шундаки,
бу услуб деярли барчага тўғри келади ва табиий кўринишга эга. Салбий
томони эса пайвандлашда ишлатилган елим баъзи ҳолларда сочларнинг
тўкилишига олиб келади. Бу услубда пайвандланган сочларга мой асосида
ишланган турли бальзам ва шампунлар ишлатиш мумкин эмас. Вақт ўтиши
билан сочлар махсус елимни эритувчи воситалар ёрдамида ечиб олинади.
Истакка кўра, ечилган сочларни парваришлаб, яна қайта ишлатиш, яъни
ёпиштириш мумкин.
Иссиқ услубда соч узайтиришнинг ўртача нархи:
улама сочларни ўзингиз олиб келсангиз, 230.000 мингдан 300.000 сўмгача.
Агар улама сочларни салоннинг ўзидан олсангиз, танланган узунликка кўра
(мутахассиснинг иш ҳақи билан бирга) 500.000 дан 750.000 сўмгача.
Алоҳида сочларнинг ўзи узунлигига кўра 250.000 дан 340.000 сўмгача.
Сочларни темир узукчалар, мунчоқчалар ёрдамида улаш услубида сочга
темир узукчалар тақилади ва омбур билан маҳкамланади. 150 200 тагача
кокил тақилади. Бу услубни «қўл иши» дейиш ҳам мумкин. Чунки
сочларингизнинг табиий кўринишга эга бўлиши сартарошнинг моҳирлигига
боғлиқ.
Бу услубнинг салбий томонларидан бири уланган сочлар 1 2
ҳафта туришига боғлиқ. Бир қанча темир узукчаларни кўтариб юриш ҳам
осон эмас. Шунинг учун бироз ноқулайлик сезишингиз мумкин.
Испан услубида кокиллар махсус икки таркибли елим билан пайвандланади.
Пайванд кичик ва пайпаслаганда сезилмайдиган бўлади. Аммо бу услубнинг
салбий томони шундаки, елим оқиш рангга эга, шу сабабдан уни тим қора
сочларга қўллаб бўлмайди. Бундай сочларни иссиқ ҳароратда ювиш ва турли
кимёвий қўшимчалар қўшилган косметик воситалардан қўрқмай фойдаланиш
мумкин. Уланган кокиллар 4 6 ой туради ва вақт ўтгач, уларни ечиб,
қайтадан илдизга яқин қилиб пайвандласа бўлади.
Тасмали услуб
(Hair Talk) — энг сўнгги русум бўлган услублардан. Сочлар бир хил
зичликда турли узунликдаги шаффоф тасмаларга йиғилади. Бошқа услублардан
фарқли ўлароқ, бу услуб учун 30 60 дақиқа вақт талаб қилинади. Уланган
сочлар 1,5 дан 2 ойгача туради. Вақт ўтгач, уларни қайтадан ечиб, тақиш
зарур. Сочларни тўғри парваришлаш шарти билан уларга 6 ой кафолат
берилади. Уланган сочлар эса махсус спиртли спрей билан ечиб олинади. Ўз
сочларингизга зарар етказмайди. Аммо бу услубда узайтирилган сочларни
бир текис қилиб йиғиб олишнинг иложи йўқ, тасмалар билиниб қолиши
мумкин.
Бундай услубда соч улашнинг пойтахт салонларидаги нархи (улама сочлар ўзингиздан бўлса) 200.000 сўм ва ундан юқори.
Сочларни салон таклиф қилса, (мутахассиснинг иш ҳақи билан бирга)
600.000 дан 850.000 сўмгача. Нархлар улама сочларнинг узунлигига кўра
ўзгариши мумкин.
Унутманг!
Ҳар бир аёл гўзал ва жилвакор сочларга эга бўлишни орзу қилади. Сочлар
аёлга ўзгача гўзаллик бағишлайди. Уланган сочлар чиройингизга чирой
қўшади, аммо ўз сочларингизга оғирлик қилиши мумкинлигини ҳам унутманг.
Умуман олганда, сунъий соч улаш ўз сочингизнинг хусусиятларидан келиб
чиққан ҳолда амалга оширилиши лозим. Баъзи ҳолларда сунъий сочлар
ечилгач, табиий сочларнинг тўкилиши ҳам кузатилиши мумкин. Бу соч
илдизлари мустаҳкамлигига ва бош терисининг у ёки бу елимга аллергик
таъсирчанлигига ҳам боғлиқ.
Хуллас, доимо гўзал бўлинг ва сочларингизни сунъий равишда узайтиришдан аввал мутахассис маслаҳатини олишни ҳам унутманг. manba; sugdiyona.uz
|