Среда, 16.10.2024, 04:04
ZERIKISHDAN UMID UZ!!!
 
Меню сайта

Категории раздела
Yangiliklar
Shou biznes
Tibbiyot
Ilm-fan
Telekomunikatsa
Xorij habarlari
Qiziqish hobbi
Tabiat
Oila va jamiyat
Sheriyat
Sport
Sevgi
Elyor Temirov
Foydali maslahatlar
Hikoyalar
Obidjon Obidov
EURO 2012 FOTO
Kashfiyot
Suxbat

Мини-чат
200

Наш опрос
Saytimizda nimalar koproq bolishini xoxlesiz?
Всего ответов: 124

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2012 » Май » 17 » Shoshilgan qiz
12:10
Shoshilgan qiz
-Устоз, битта савол берсам майлими?
Синфдаги ўттиз жуфт кўз ҳаммаси бирдай Шоҳистага қаради.
-Саволингни дарс якунида берсанг бўлмайдими?
Шоҳиста лоладай қип-қизариб кетди. Унинг ҳолатини кўриб Дилхирож Анваровна сал ўнғайсизланди.
-Узр, Шоҳиста. Айта қол, нимани сўрамоқчи эдинг?
-Ҳалиги... Қиз бола ўзи биринчи бўлиб муҳаббат изҳор қилиши мумкинми?
Дилхирож Анваровна кўзларини катта-катта очиб, унга қараб қолди.
-Биз ахир Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романи ҳақида гаплашяпмиз. Саволингнинг дарсга нима алоқаси бор?
У ер-бу ердан кулги кўтарилди. «Жим-м», дея қўлини лабига қўйди муаллима.
-Ҳалиги... Йўлчи билан Гулнорнинг муҳаббати ҳақида гап боряпти-ку... Шунга...
-Ҳа-а... Лекин бу саволинг, ҳақиқатдан ҳам, дарсдан сўнг бериладиган савол экан. Майли, гап очилди, энди фикримни айтай. Кимнинг юрагига муҳаббат аталган гўзал туйғу меҳмон бўлса, бу туйғуни авайлаб-асраши керак. Бу ниҳоятда чиройли туйғу бўлгани учун, заррача гард ҳам дарров тегади. Энди айтиш масаласига келсак... Ҳар ким ҳам айтса бўлади. Аммо сериалларни кўряпсизларми, турк қизи ҳам, корейс қизи ҳам кўнглидаги туйғуларни биринчи бўлиб изҳор этмайди. Бизнинг қизларимизда ҳам ҳаё кучли. Яна бир нарса борки, сўзга солиб айтилмаган ҳар нарсадан оҳор тўкилади. Шунинг учун қиз бола ўзининг гўзал ҳиссиётларининг оҳорини тўкмагани яхши...
Синфга бирпас жимлик чўкди. Кейин кимдир «Қийин, қийин, Шоҳистага қийин бўлди. Энди анави найновга ичидагини айтолмайди», деди. Яна у ер-бу ерда кулги кўтарилди. Шоҳиста юзини бекитиб олди. Дилхирож Анваровна гап отган болани кўзи билан ахтариб топди-да, кўрсаткич бармоғи билан таҳдид қилиб қўйди. Бирпас синфдаги шивир-шивирлар тўхташини кутиб турди-да, сўнг дарсини келган жойидан бошлаб юборди. Шоҳистанинг саволи, муҳаббат мавзуси бирпасдан сўнг унутилгандай эди гўё. Ҳамма Дилхирож Анваровнанинг майин товуши билан «Қутлуғ қон» романи воқеаларига кириб кетди. Ҳеч ким Шоҳистанинг бехос, ўйламасдан тилига келган саволни бергани кейинчалик унинг тақдирини бутунлай ўзгартириб юбориши мумкинлиги ҳақида ўйламасди.
***
Шоҳиста одатдагидай сўқмоққа бурилди. Майда қадам билан юра бошлади. «Шу атрофда турган бўлса керак. Ҳозир бир жойдан чиқиб келади». Шоҳиста учун қачонлардан буён бу одатий ҳолга айланиб қолган бўлса-да, барибир юраги «гурс-гурс» ураверарди. Бугун Равшан унга муҳаббат изҳор қилармикан? Нима дер экан? Шоҳиста қачондан буён унинг дил изҳорини кутади. Ўзича кўрган кинолари, ўқиган китобларини кўз олдига келтиради. «Равшан бошқача. У ҳаммадан бошқача. Менга ҳали ҳеч ким айтмаган сўзларни топиб айтади у...». Шоҳиста хаёл билан анча юриб қўйганини пайқади. Тўхтади. Авваллари изига қайрилиб қарамасди. Равшаннинг анча ортда келаётганини ҳис қиларди. Бу гал изида ҳеч ким йўқдай туюлди: қаради, ҳақиқатдан, Равшан йўқ... «Нима бўлди экан? Йўлга чиқаётганида бирорта ўқитувчи ушлаб қолдимикин? Бошқа сабаб бўлиши мумкин эмас»... Уйига келгач ҳам, ўзини ўнглаб ололмади. Хаёлига ҳар хил ваҳимали гаплар келди. «Бирорта ўқитувчи ушлаб қолган бўлса-ю... кейин «кеч қолдим», деб югурган бўлса-я, йўлдан ўтаётиб, машина уриб юбордимикин». Хаёлига келган нарсалардан сиқила бошлади.
Равшан авваллари ҳам бир-икки марта келмай қолган пайтлари бўлган. Аммо ҳар доим нимага келмай қолганини жияни Дилфуза орқали хабарлаб юборарди. Бу гал ҳеч қандай дарак бўлмагач, роса юраги сиқилди. Ўзи кўчага чиқишга акасидан ҳайиқди. Доим шанба келадиган акаси уйлангач, ҳафта оралиғида ҳам қатнайдиган бўлиб қолган. «Э, Худойим, Равшанни паноҳингда асра, унга ҳеч нарса қилмаган бўлсин». Шоҳиста неча бор такрорлади экан шу дуони... Ўзи балоғатга етиб-етмай муҳаббат дардига мубтало бўлган қизлар қаттиқ севишади. Кунлари, тунлари шу муҳаббатга боғланиб қолади. Шоҳиста ҳам параллел синфда ўқийдиган спортчи синфдошини севиб қолди. Равшан мактабнинг энг уста баскетболчиларидан бири эди. Ўтган баҳорда қўшни мактаб ўқувчилари билан баскетбол мусобақасига тайёргарлик кетаётган кунлар эди. Шоҳистанинг синфидаги ўғил болалар ҳам, бошқа параллелдошлар ҳам дарсдан чиқибоқ машқ бошлаб юборишарди. Шоҳиста тўр ёнидаги тўсинга суяниб турган эди. Кутилмаганда «тарс» этиб, пешонасига тўп тегди. «Вой-вой» дейишга улгурмай, қаттиқ оғриқ бошланди.
-Оғрияптими?-Шоҳистанинг юз-кўзлари кўкариб, шишиб кетган бўлса-да, рўпарасида турган бўйчан йигит олдида довдиради.
-Ҳа-а... зарари йўқ, ўтиб кетади, -деди Шоҳиста.
-Ўзингиз ҳам четроқда туринг эди-да... Юринг энди... Ҳозир кўзингиз ҳам очилмай қолади...
Равшан унинг қўл учини ушлагандай бўлди, бармоғига бармоғи тегиб ўтгандай туюлди... Шоҳистанинг бутун вужудини яшин айланиб ўтгандай бўлди...
-Вой, сизга қоптими? Ўзимиз бор-у...
Синфдошлари бирпасда Шоҳистани судраб олиб кетишди, юзига совуқ сув босишган эди, баттар шишиб кетди. Шоҳиста «Энди юзим бир бало бўлиб қолади», дея ўзини урарди.
-Шошманг, сизни дўхтирга олиб бориш керак... -Равшаннинг овозини эшитиб, Шоҳиста жим бўлиб қолди. Улар ана шу тарзда дўстлашиб қолишган эди. Мана, баҳор, ёз, куз охирлаб, қиш фаслига ҳам киришяпти. Кўпинча Шермат фермернинг олмазори орасидаги сўқмоқдан бирга қайтишади. Ўзи Баландкўприк тарафдан келадиган Шоҳиста холос, синфларида. Баландкўприкликларнинг ҳаммаси нариги сой ёқаcидаги мактабга боришади. Шоҳиста биринчи синфга борганида тоғасининг хотини шу мактабда ишлар эди. Шунинг учун Шоҳистани ҳам келинойисига шерик қилиб, шу тарафларга беришган. Авваллари -келинойиси бошқа мактабга ўтиб кетгач, уни ҳам сой ёқаcидаги мактабга олиб ўтишмоқчи эди. «Энди синфдошларимдан ажралмайман», деб кўнмади. Равшан билан кўз уриштира бошлагач эса, «Яхшиям кетмаганим, кетсам... бу тақдир бормиди...», дея суюнадиган бўлганди. Шоҳиста мактабга келибоқ Равшанни ахтарарди. Қачон уни кўрса, потирлаб турган юраги бир маромга тушарди. Равшан унга ҳеч кимга қарамаган бир нигоҳ билан тикилса ҳам, ҳали-ҳануз муҳаббатдан гап очмаган эди. «Ёшмиз, ҳали талаба бўламиз, айтади-да», дея ўзига ўзи тасалли берса-да, кўнглини гоҳ бир нотинчлик безовта қиларди. «Бир куни «Мен... Сизга нима дебман?», деб қолса-чи...», дея хавотир оларди.
***
Шоҳистанинг ичи зардобга тўлиб борарди. Ҳеч ким йўқ кенгликларга чиқиб «Равшан! Равшан!», дея бақиргиси келарди. Чунки ўша иккови бирга кетмаган, иккови айро-айро кетган кундан буён Равшан унга гапирмасди. Дуч келиб қолган чоғларида ҳам юзини терс ўгириб оларди. Кўпдан буён мактабга Равшан учун келадиган, Равшан учун кийинадиган Шоҳиста учун атроф бўшаб қолгандай эди. У ўзи суянадиган, ўзини қўриқлайдиган йигит борлиги учун бошқа бировни писанд қилмасди. Энди дардини кимга айтсин?!
Ўртоқлари «Шойи, анов найнов спортсмен билан бир гапларинг бор-ов...», дея қош чимиришса, «Жиннимисанлар, ўқийман-ку, ҳали...», дерди. Энди уларга ҳеч нарса деб оғиз очолмайди. Равшаннинг элчиси Дилфузани ахтариб борай деса, уялади. Унинг ўзиям йўқ, ўша кундан буён қорасини кўрсатмайди. «Равшанга биров бир нарса дедимикин? Балки, «Шоҳиста бошқа бировни яхши кўради», деб кимдир туҳмат қилгандир... Айта қолса-ку, ёрила қолса-ку...».
Кунлар, ҳафталар Шоҳистанинг юраги устидан ўтаётгандай эди. Ҳар кун дарсдан сўнг сўқмоққа етганда умид билан орқасига қарайди. Йўқ. Яна хаёлан ўзининг босган қадамларини таҳлил қила бошлайди. Йўқ, ҳеч қаерда хато қилгани йўқ. Ҳеч ким билан ортиқча гапиришмади, гуноҳи йўқ!
Бир неча бор Равшанга хат ёзишга чоғланди. Лекин қандай беради? Равшан у билан ёлғиз қолмасликка, ёлғиз дуч келмасликка ҳаракат қилаётганини сезиб турибди.
Ахийри чидамади. Бир-икки соат ўқиди-да, дарсга киргиси келмади. Синфкомга «Бошим қаттиқ оғрияпти, уйга бориб ўралиб ётмасам бўлмайди», деди-да, қўшни мактабга йўл олди. «Дилфуза Равшаннинг нега бунақа тунд бўлиб қолганининг сабабини билса керак», шу умид билан борди. Қизалоқни топди:
-Дилфуз, биз аканг билан яқин дўстмиз. Аммо кейинги пайтларда... у мени кузатмай қўйди. Майли, кузатгиси келмаса, кузатмасин. Аммо нимадан хафа бўлганини айтиши керак-ку, одамни қон қилмай. Сен билсанг керак?
Қизча кўзларини пирпиратди.
-Йўқ, акам менга ҳеч нарса демадилар.
-Бўлмаса... мен хат ёзиб бераман, бериб қўясан-а... Кейин «Шоҳиста опам, албатта, жавобини кутар эканлар», де...
-Хўп...
Шоҳиста ҳар эҳтимолга қарши хатча тайёрлаб келган эди. «Равшан, хафалигингизни биламан, нимадан хафа эканингизни билмайман. Айтинг, қийналиб кетдим», деб ёзилган мактубчани Дилфузага берар экан, эртага ўша сўқмоқда кутишини айтди. Эртаси, индини Дилфузани кутди, аммо қизча келмади. «Бўлди, бас, менда ҳам ғурур бор. Нима, ерда ётган кесакмидим, унинг оёғида ёлворадиган...». Шоҳиста шундай дерди-ю, юраги кўнмас, юраги чидамас эди. У севимли қиз бўлиб яшашга ўрганиб қолган эди, энди ўзини ҳеч кимдай, ташландиқдай сезар, яшагиси келмасди.
***
Орадан кўп сувлар оқиб ўтди. Шоҳиста ҳамма нарсага бефарқ бўлиб қолган эди.
«Ўқимайман», деди мактабни тугатгач.
Бир-икки жойга ойиси ишга етаклаб борди. Аммо одамларга қўшилгиси келмасди. Ҳеч ким билан суҳбатлашишни хоҳламасди. Ойиси қўлидан келган барча ишни қилди. Психологни чақирди, бировларнинг маслаҳати билан эскичасини ҳам қилди. Аммо... Шоҳистада ўзгариш бўлмади. Ахийри дадаси уни лимонзорга олиб борди. Фермер аёлга «Қизим одамларга қўшилгиси келмайди. Бу жойда одам кам экан, илтимос, уйда телба бўлиб қолади, деб қўрқаман. Шу ерда юра турсин», деди.
Шоҳистага ҳам бу жой ёқди, шекилли, қолди. Аста-секин меҳнат билан овуна бошлади. Аммо ҳануз одамларга қўшилмас, кўпинча бир нуқтага тикилиб, жим туриб қоларди. Келган совчиларнинг ҳам бирортасига унамасди. Шоҳиста хотиралардан чарчаган, қачондир ҳаётида Равшан исмли йигит бўлганини эслагиси келмас, эсласа, оғирлашган боши баттар оғирлашиб кетарди...
***
-Равшан... танимадинг, шекилли, оғайни?
-Кимни?
-Ҳув... лимонзорнинг бурчагида юрган аёлни...
-Эътибор бермадим.
-Синфмизда Шоҳиста исмли қиз ўқирди...
-Йўғ-ей... ўшами?
-Ҳа, ўша... Кечирасан-у, оғайни, сен айтмасанг ҳам билардик, кўнглинг бор эди шу қизда...
-Ҳе... ўтган гап...
-Шу... хафа бўлмагин-у, доим ўйлайвераман, шўх, чиройли қиз эди, нега бунақа бўлиб қолди, деб...
-Нима, сениям кўнглинг бормиди?
-Йўғ-ей, барибир одам ачинади...
-Эсингда борми, синфларингда адабиёт дарсида шу қиз «Қиз бола севги изҳор қиладими?», деб сўраган экан...
-Хўш, хўш?
-Шундан сўнг сенлар билан бирга ўқийдиган Шерзод бор-у...
-Тошми?
-Ҳа... ўша «Ҳалиям севги изҳор қилмабсан-да, ҳалигидақамисан, нима бало... Қиз бола шунақа деб тургач, сўқмоқда таппа...», деб ёмон гапирди... Шундан сўнг худди ўша иш бўладигандай унга гапирмай қўйдим...
-Қизиқсан-а... Ҳар ким ҳар нарса деяверади-да. Шерзод ўзи тузук бўлса экан...
-Барибир, оғайни, қиз боланинг шунақа дейишини, шу савол орқасидан шунақа бемаъни гап бўлишини кўтаролмадим...
Шоҳиста эса лимонзорнинг бир бурчагида ўз иши билан овора, иккита эркак ўзи ҳақида гапиришаётганидан бехабар эди. Агар собиқ синфдошлари эканини билганида ҳам, Шоҳиста энди ҳаяжонланмас эди. Чунки энди бундай ҳиссиётлар ҳам унга бегона эди
#1203;еч ким айтмаган сўзларни топиб айтади у...
Категория: Hikoyalar | Просмотров: 1494 | Добавил: Admin | Рейтинг: 0.0/0
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Май 2012  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024Создать бесплатный сайт с uCoz