Наш опрос |
|
Статистика |
Онлайн всего: 1 Гостей: 1 Пользователей: 0 |
|
Главная » 2012 » Май » 23 » Ширин ва армонли кунлар (Учрашув)
16:05 Ширин ва армонли кунлар (Учрашув) |
Ўша куни ҳаётимдаги энг бахтли куним бўлса керак деб кутгандим. Интиқиб кутгандим... Малика билан учрашганимизга бир ой бўлиши керак эди. Асосийси эса ўша куни ёшларимиз ичида оммавийлашиб бораётган севишганлар байрами ҳам эди. Ушбу байрам баҳонасида Маликага янада яқинрок бўлиш, унга етишиш ниятим бор эди. Хуллас, байрам қилишга сабаблар сероб, ҳоҳиш бўлса бўлгани. Ҳоҳиш эса... Эҳ, ўша кунни мажнунларча кутмаганимда эди, балки ҳозир ҳаётим бошқача бўлармиди?... ...Севишганлар кунидан бир ой олдин улфатларим билан доим тўпланадиган кафеда эркаклар байрамини нишонлашга келишиб олгандик. Қизиқ, орамиздан ҳеч биримиз армияга бормагану, ватан ҳимоячилари кунини нишонлашимизни. Ўзимнинг устимдан ўзим куламан. Ҳаа, нима бўлсаям ахир эркакмиз-ку, нишонлаймизда! Нима фарқи бор? Қўлида автомат кўтарганми, кўтармаганми?... Кафеда "ок чой" таъсирида кулишиб ўтирганимизда Тоҳир синфдошим алоҳида хонага кириб келди. -Э-э, бормисан Тохирвой? Одам деганам шунчалик куттирадими? Ёки уйдаги Зухрагинез справкага қўл қўйиб бермадиларми?. Ҳамма хандон отиб кулиб юборди. Мани ҳазилим Тоҳирнинг ғашига теккандай бўлдида, кесатигомуз гапларини бошлади. -Зуҳрамга "гаҳд” десам, қўлимга қўнади. Эрни тергайдиган куни онасини Учқўргондан кўрсатарман. Ман кўчани боласиман. Баъзиларга ўхшаб қочиб қолмайман эркакча ишга борганда... У манга теккизиб гапирганди, чунки доим ўтиришларимиздан кейин улфатлар саунага борамиз деганда ман баҳона топиб кетиб колардим. Сабаби - саунага албатта иккита-учта ойимчаларни олиб боришарди. Онам қиз қидиришни бошлаганларидан бери бундай ишлардан сал узоқрок юришга ҳаракат қилардим. Суриштиришганда таги очилиб колса хунук бўлишини билардим. -Шунақами ҳали?,- вазиятдан чиқиб кетиш учун кулиб давом эттирдим, -гапинг рост бўлса, мана санга "штрафной”, кеч қолганинг учун. -Ҳозир битта, йўғ-ей иккита сюрприз кўрсатаман. Штрафной ҳам эсларингдан чиқиб кетади, - Тоҳирнинг юзида аййёрона табассум пайдо бўлди. Чиқиб кетиб иккита қизни бошлаб кирди. -Ў-ў!!,- болалар ўрнидан туриб кетишди, - ана сюрпризу мана сюрприз, ана кир ювадиган мошинаю, мана тилбизор... Кириб келган қизларнинг бири калта, ҳамма ери очиқ қизил кўйлакда эди. Кўринишидан раққоса бўлса керак деб ўйладим. Сочларини елкасига тушириб олган, пардозини кўрган киши фотомодел дейди. Кўчада ҳаммани ўзига қаратиб юрса керак. Тоҳир уни Гули деб таништирди. Иккинчиси эса.. Билмадим, шу кунгача бундай қиз учратмагандим. Соддагина, лекин дид Ширин ва армонли кунлар . билан кийинган, пардози хам шундай. Коп-кора сочларини ихчамгина йиғиб олган. Гули бироз буғдойранг бўлса, бу қиз оппок пахтадай эди. Чап яноғидаги ҳоли ўзига жудаям ярашиб турарди. Дугонаси билан иккови ҳар ҳил дунёдек эди. Аввалига шунчаки истараси иссиқ экан деб ўйладим, лекин кўзим кўзига тушганида ичимда нимадир жизз этди. Бу табассум аралаш нигоҳни хеч қачон унутолмасам керак. Унинг исми Малика экан. Хуллас, қизлар келдию дастурхонимиз янаям тўкин-сочин бўлиб кетди. Шампан виноси дейсизми, коньяк дейсизми... Йўқ ичкиликни ўзи йўқ эди. Кабоб, димланган товуқ, бошка таомларни ва газакларни қўйишга жой топилмасди. Бир бечора оилани бир ой давомида тўйғизса бўладиган егуликни бир кечада еб тугатишимиз керак эди. Зиёфат кучайса кучайдики, сусаймади. Ҳазил-кулгуларимиз билан кафени бошимизга кўтардик. Гули даврага тез киришиб кетди, фақат Малика ўзини анчагина ноқулай ҳис киларди. Ман унинг кўзларига, ҳаракатларига термулиб, кўзимни узолмай ўтирардим. Бошқалар қанча ҳаракат қилишмасин унга ичира олишмади. Болалар талаб қилаверишгач Малика "кетаман”га тушиб колди. -Она немножко скромная... Борасан-да Мали, ўша уйингга! Мана болалар ташлаб қўйишади. Ундан кўра сал очилиброқ ўтирсангчи, - Гули дугонасини жеркиб берди, - не позорь меня!... -Ҳа, Маликахон, сал очилииииб ўтиринг, - деб Тоҳир яна бошлади қитимир гапларини,- озгина қизиб олмасангиз кейин қийналасиз. Ҳали саунада бир чеккада уялиб ўтириб олманг тағин, ечинмасдан... -Сауна?!.. - Малика ялт этиб Гулига қаради, - Қанака сауна? Мани ўзи қаерга олиб келдинг? Яхши жой, бирровга бориб келамиз дегандингку. -Бўлди қилларинг энди, -чидолмай бақириб юбордим, - намунча мажбурлайсанлар, ичишни ҳоҳламаса - ичмасин. -Ў-ў, гапирарканлару. Ўзимам ҳайрон бўлгандим, нимага оғзига талқон солиб ўтирибди дўстимиз деб, - Тоҳир ҳар доимгидек ролига киришиб кетганди, - Ноз қиляптиларда ўртоқ. А сан тушунмаяпсан, ооозгина нархини оширмаса бўлмайдида! Малика шартта сумкасини олдида чиқиб кетди. Ман орқасидан отландим. Шу пайт қўлимдан Тоҳир тутиб қолди... ...Ташқарига чиққанимда Малика йиғлаб турган экан. Оҳ, накадар чиройли! Қиз йиғлаганини кўриб ҳеч қачон шунчалик қувонмагандим. Йиғлаганда кулганиданам гўзал бўлиб кетаркан. Чарос кўзларидан маржондек-маржондек ёшлар дона-дона бўлиб оқаётганди. Бағримга олиб, кўз ёшларини артгим келиб кетди. Лекин чўчитиб юбораманми деб ўзимни тутдим. Мани кўргач, нари юриб кета бошлади. -Малика тўхтанг, тўхтанг энди. Улардан хафа булманг. Сал кайфлари ошиб қолган бўлса керак. Сизни бошқача қиз деб ўйлашди шекилли. Бироз қитимирлигини ҳисобга олмаса, ёмон бола эмас Тоҳир ҳам. -Сиз ҳам уларга ўхшаб қизларга шунақа қизиқасизми?!..- унинг саволидан ғалати бўлиб кетдим. -Йўғ-е, ман умуман бошқачаман. Мўмингина, қобилгина боламан. Ойимни чизган чизиқларидан чиқмайман. Қўяқолинг энди, кўз ёшингизни кўриб юракларим эзилиб кетди,- деб кулиб қўйдим. Ичимда эса йиглайверсин, тўхтамасин дердим. Бу гапларимдан бироз жаҳлидан тушгандай бўлдида, жилмайди. Оҳ, бу табассум!. Тамоман сеҳрлаб қўйди бу қарашлар. -Ўзим кузатиб қўяман уйингизга, агар йўқ демасангиз. -Билмадим, қандай бўларкин. -Қўркманг маньякликдан узоқман. Айтдим-ку мўмингина,.. -Қобилгина бола..., - деб кулиб юборди,- лекин ичгансизку. Ширин ва армонли кунлар . -Қаерда турасиз ўзи? -Ахмад Донишда. -Умримни кўп қисми Юнусобод йўлларида ўтади. Беш қўлимдай биламан ҳамма "гаишник”ларни. Хавотир олманг. Бир амаллаб етиб оламиз. Йўллар ҳам эриган. Машинада кетаётганда яқинрок танишдик. Ундан оиласи ҳақида, қаерда ишлаши ва нималарга қизиқиши ҳақида суриштирдим. Кеч борганига гап эшитиш-эшитмаслиги ҳақида қизиқдим. Адаси командировкада экан, бир-икки хафтадан кейин келар эканлар. Онаси эса билар экан қизининг кечикиб келишини. Кейин у ҳам мани ҳаётимдаги тафсилотлардан сўради. У билан гаплашган сари манга қанчалик яқинлигини тушуна бошладим. Ичимда борган сари унга меҳрим ошиб борарди, атирининг ҳиди эса сармастлигимни ошириб юборди. Магнитофонда эса Юлдузхоним бизларга хизмат кўрсатиб ётгандилар. Унга ҳам жуда ёқаркан қўшиқлари, қарабсизки, манга яна битта ўхшаш тарафи. Ярим йулга етганда телефоним жиринглаб қолди. Олиб карасам, онам манга кулиб қараб турибдилар. Дисплейда соат 23.45 ни кўрсатар, сал кам ярим тун бўлиб колибди. Эҳ, ишни белига тепадилар ҳозир деб ўйладимда, Маликага жим дегандек бармоғимни лабимга олиб бордим. -Саломалайкум онаш, зерикмасдан ўтирибсизми? Ҳа, борман, борман дедимку. Ну, энди урушманг ундай. Дори? Канака? Бўлди-бўлди. Бир соатларда бораман. Ҳозир сал ушланиб қолдим. Бораман бир соатда. Бўлди. Малика "Онангизни мазалари йўқми?” деб сўради. -Бироз юраклари оғриб туради. Дори ичганларидан кейин босилади. Ҳечқиси йўқ, ҳозир сизни уйингизга ташлаб қўяманда, олиб бораман дорини. -Йўқ-йўқ. Ман йўлда тушиб коламан. Таксида етиб оларман. Сиз тез дори олиб уйга шошилинг. Ойингизга қаранг. Ширингина суҳбатимиз тугаши мумкинлигидан хафа бўлиб кетдим. Уни ҳечам қўйиб юборгим келмасди. Эҳ, онаш, онаш. Нуқул шунақа ваҳима қиласиз. Кайфимни ҳам учирвордингиз. Эндигина киришиб кетгандик ширин суҳбатга. Балки бу қиз сизнинг бўлажак келинингиздир, она! -Малика тўхтанг. Агар хўп десангиз, йўлдан дори олиб биринчи бизникига борамиз. Сиз машинада пойлаб турасиз, ман эса уйга бир зумда ташлаб чиқаман. Кейин уйингизга олиб бориб қўяман, сизни бегона таксистларга ишониб жўнатиб юборолмайман. Хўпми?. Бироз ўйлаб турдида, рози бўлди: -Факат уйингиздан узоқроқда тўхтатасиз. Қўшниларингиз кўриб қолмасин. -Кўрмайди, ҳаммаси қотиб ухлаб ётгандир ҳозир. "Матиз”имга жон кириб кетди. Визиллатиб дорихонага бордик. Нимагадир хар доим дори олганимда сотувчилар "Шифосини берсин” дейишадия. Бошқа пайт индамай дориларини сотишади. Ҳа майли, ҳозир мавридимас ҳаёл суришни деб маҳаллага қараб газни босдим. Кўчамизни бошида қоронгурок ерда тўхташга ҳаракат килдим. Машинадан тушаётиб: -Хозир тезда қайтаман. Сиз унгача мусиқа эшитиб туринг, зерикиб қолмайсиз деб ўйлайман. Мени кутинг ва мен қайтарман, ўлимларни қолдириб доғда... Кетаётганимда Юлдузхонимнинг маъюс овози янграй бошлаган эди: Бог қўйнида икки дарахт Бир-бирига интизор, Сен бир дарахт, мен бир дарахт Йиғлаб-йиғлаб ўтдик ёр... Уйимизга яқинлашганимда кўчада 3-4 киши битта "Дамас” олдида йиғилиб туришганди. Яхшилаб қарасам, тез ёрдам машинаси... Ширин ва армонли кунлар . Нимага бизнинг уйимиз ёнида турибди... Совуқ тер чиқиб кетди... Уйга қараб югуриб кетдим... Қулогим тагида онамнинг "Ўғлим қачон келасан? Мазам бўлмаяпти" деган гаплари жаранглаб турарди... Уйга яқинлашганимда эса тиззаларим титраб, ўтириб колдим... Кўзимнинг олди қоронгулаша бошлади... ...Адамни, адажонимни қўлларини ушлаб иккала тарафи дарахтзор бўлган чиройли йўлда кетмоқдаман... Хазонларни оёғим билан тўзғитиб, ўтган-кетганлар олдида адамлар олиб берган музкаймоқни мақтаниб ялаб қўяман... -Ада?.. Бугун циркка борамиз-а?. -Борамиз, ўғлим борамиз. -Эртагачи, зоопаркга оборасиз-а? -Албатта, тойчоғим, ҳайвонларни ҳам кўргани борамиз.. -Ада?.. Нимага кетиб колдингиз бизлардан?.. Сиззи жудаям соғиняпман.. Ойижоним хам соғинганлар... -Болам. Ман сизларни ташлаб кетганим йўқ, доим ёнинггда бўламан. Керак бўлганимда кўзларингни юмиб астойдил чақирсанг бўлди, албатта келаман... -Келасиз-а, алдамайсизми?... Шу пайт қаергадир йўқ бўлиб қолдилар. Ҳиёбоннинг ўртасида бир ўзим колиб кетдим. Атрофимдаги одамлар борган сари қаттикрок туртиб ўтиб кетишмоқда. Музқаймоқ хам ерга тушиб кетди, йиғлаб юбордим.... ...Ўткир ҳид бурнимни куйдиргандек бўлди. Кўзимни очиб қарасам хонамда ётган эканман. Тепамда, оппок кийимда битта чиройли хамшира киз жилмайиб турган экан. -Ўзингизга келдингизми? Одамни қўркитиб юбордиз. Сал секинроқ югурадида одам деган. Келинг, босимингизни ўлчаб қўяман, зора бироз тушган бўлса... О-о, бу фариштами, ёки манга шунақа туюлдими? Нима бўлди ўзи манга? Бошим ёрилиб кетадигандек, ҳаёлларим ҳам алғов-далғов. Тушимми-ўнгимми ўзи? Адам?.. Онам?... -Онам канилар? Нима бўлди онамга?...- ўрнимдан туриб кетмоқчи эдим, бошимга ток билан ургандек бўлди, яна ёстиққа қайтиб тушдим. -Ётинг, турманг. Ҳозир 5-10 дақиқадан кейин ўтиб кетади. Босимингиз кўтарилиб кетганиданми ёки алкоголни таъсириданми, хуллас, бироз хушингиздан кетиб қолдингиз. Укол килиб қўйгандим, агар сабр қилсангиз бироздан кейин бемалол туриб кетасиз. Нимага гапни айлантиради, онамга нима бўлганини тезроқ айтмайдими! Эй худо, ишқилиб ҳеч нима бўлмаган бўлсин. Агар бирон ёмон нарса бўлган бўлса ўзимни бутун умр кечиролмасам керак. -Онам? Нимага айтмаяпсиз нима бўлганини, беркитмасдан тўгрисини...,-кўзимга ёш келиб, гапим ҳиқилдоғимда қолиб кетди... -Онангиз яхшилар, худога шукур. Юраклари бироз ҳуруж қилиб қолган экан, укол қилиб қўйдим. Хавотир олманг, ҳозир дам оляптилар, ёнларида эса акангиз қараб ўтирибдилар. -Алҳамдулиллаҳ. Ўзингга шукур. Ичимга озгина бўлсада тоза хаво киргандек бўлди. Яхши эканлар, худога шукр, ёмон нарсаларни ўйлаб қон ҳам миямга урворибди шекилли. Яна бир бор Алҳамдулиллаҳ.. Қизиқ, бу сўзни ишлатмай қўйганимга ҳам анча бўлганга ўхшайди, ўзимнинг этларим жимирлаб кетди. Эслашга ҳаракат килдим, яратганинг исмини эслатадиган яна қандай сўзлар бор эди-я? Астағфируллоқ, Иншаалоқ, Субҳаноллоҳ ва яна Алҳамдуллилаҳ... Абдулла синфдошим кўп ишлатади бу сўзларни, ман бўлсам нимагадир ўзимни художўй килиб кўрсатишдан уяламанми, билмадим, доимо уларни ўрнига "ё тавба!”, "худога шукур” каби гапираман. Шунда ҳам ҳар доим эмас. Ён қўшним бўлгани учун ҳам Абдулла билан кўп гаплашамиз, бу сўзларни кўп қайтарганидан баъзан ғашим келади, бу ичимдаги ҳавасми, ҳасадми билолмай қоламан. Яна "Мани исмимни тўғри айтгин” деганига ўламанми. Абдулла эмас, Абдуллоҳ эмиш.. Эй инсон, паспортингда оқга қора билан ёзиб қўйибдику Абдулла деб! Нимага ақллилик қиласан дейман ичимда... -Акангиз айтгандилар, онангизни баъзан мазалари бўлмас экан. Юраклари тез-тез санчиб турармиди? Мани эшитяпсизми? -Бироз мазалари бўлмайди баъзида, дори ичишлари билан босиларди. Палтоимни чўнтагида бор. Ҳа, айтганча, қанақа акам ҳақида гапирдингиз? Ўзи битта ўғил бўлсам...,- гапирдиму тилимни тишладим. Аҳмоқсан, Саид, аҳмоқсан. Гапни чувалатмасангчи. Биттаю-битта ўғил бўла туриб онасига қараса ўлиб коладими демайдими. Йуқ, демаса керак, чўнтагимда дори борлигини айтдимку, дорига чиқиб кетган бўлса керак деб ўйлайди. Ичиб олганимчи?!.. Эҳ, ўхшамади баҳона хам!... -Мана манда, сани аканг, - бир пайт хонамга Абдулла кириб келди. -Э, санмидинг? Қачон келгандинг? -Сани машинанг кўринавермаганига хавотир олиб чиққандим, опоқим қандай ўтирибдилар деб... -Кечирасиз, палтоимда дори бор дегандиз...,-гапни бўлди ҳамшира қиз. -Палтоси айвонда, ҳозир олиб келаман, - деди Абдулла. -Ўртоғингизга қараб туринг, палтодан ўзим оламан, рухсат берсангиз? -Рухсат, ҳамширахон, рухсат.., -ҳазиллашгандай бўлдим. -Укангиз бироз ётишлари керак, дорининг таъсири кетмагунча, ўринларидан турмасинлар.. У чиқиб кетгач, сўрадим: -Онам ҳозир тузукмилар? Гапинг чала қолди... -Хозир яхшилар, Алҳамдулиллаҳ. Боя эса бироз қўрқитдилар, қарасам мазалари йўқ, тез ёрдамга телефон қилдим. Ўзинг нимага қолиб кетдинг, ҳали тез кайтаман дегандингку, бошқа ичмайман дегандинг... Ёки қизлар билан кетиб қолдингми, дўстим!?.. Миямга тап этиб тепиб колди. Малика?!.. Маликани машинада қолдириб келгандим-ку!.. Бу ёги қандай бўлди!.. Телефондаги соатга қарадим - 01.17! Яна турмоқчи бўлгандим, Абдулла ушлаб қолди. -Санга ётиб туринг дедику, бироз сабр қилсангчи. -Манга қара, Абдулла. Сандан бир илтимос бор. Оғайни, қутқармасанг бўлмайди. Кўчани бошида ташлаб келгандим машинани, ичида бояги қизлардан биттаси ўтирганди, исми Малика. Мана калит. Илтимос узримни этиб, уйига обориб қўйгин. -Жинни бўлибсан шекилли, хилват жойда бегона қиз билан ёлғиз қоламанми?!.. -Ёмон қиз эмас дўстим. Сандан илтимос, кейин тушунтириб бераман, бўлақолгин энди!.. Соткадан телефон қиларсан машинани олдига борганингда, унга ўзим тушунтириб қўяман.. Калитни олди-да, индамасдан қовогини солиб чиқиб кетди. У кетгач, яна ҳаёлларимга шўнғидим. Энди бошланади яна, маъруза ўқиш. Абдулла индамай кетганидан қўрқиш керак, бу дегани кейинроқ "нима яхши-ю нима ёмон?” дарси бўлади дегани. Ўзи ҳали кафеда телефонимга қилганида хафсалам бир ёқлик бўлганди. Ким қилганини билдирмасдан ташқарига чиқишимни сўраганди. Чиқсам, кутиб турган экан. -Кирмайсанми? Нимага қўшнини боласидай...,- деб тиржайдим. -Келишиб олгандик-ку дўстим. Ичкиликсиз! Қизларсиз! Ўзимиз ўтирамиз деб. Кабинкани олдига бориб бўлмайди ароқни сассиғидан, ичкаридан "Тўлдириб қуйларинг. Қизларга ҳам” деганларингни эшитиб қолдим. Қизларнинг шақиллаб кулиши эса умуман ўзимдан чиқариб юборди, кейин кирмадим. Инсоф кирадими ўзи санларга?! -Э-э, бошламагин яна... -Ҳозир кайфинг бор, гапиргандан на бир наф, на бир фойда йўқ, уйга вақтлирок боргин дўстим.,-ялингандай гапира бошлади, - опоқимлар тағин сиқилиб ўтирмасинлар... Хўп-хўп деб яна ичкаридаги маишатга шўнғиш учун кабинкага йўл олдим. Ростдан ҳам, Абдулла айтганидек ҳалиям ақл кирмади-да манга. Ман у ёқда маишат қилиб юрсам-у, онам бу ерда бу аҳволда... Кўзимга ёш келди... Ўрнимдан бир амаллаб турдим, бошим тарс этса ёриладиган бўлиб турибди. Шунақаям ичасанми, молга ўхшаб? Шу шайтонни сувини ташлайман деб неча марта сўз берганман ўзимга, саноғини ҳам билмай қолдим. Нима қилсам қутуламан бу падариланъатдан. Ёки Абдуллага ўхшаб ман ҳам бундай базмлардан узоқроқ юрсаммикин, унда ўртоқларни ҳам алмаштиришга тўғри келади. Уфф! Ароқнинг ҳидини кетказиш учун чўнтагимдан эклипсни олиб, оғзимга жойлаштирдимда онамнинг хоналарига қараб юриб кетдим. Кирганимда онамларнинг ранглари бир аҳволда, чуқур-чуқур нафас олиб ётгандилар.. Ҳамшира қиз босимларини ўлчаётган экан.. -Келдингми болам, бормисан?... -Ассаломалайкум онажон, яхши бўлиб қолдизми? Ёнларига ўтирдимда қўлларини кафтимга олиб силадим, юзимга олиб бордим. Қўлларини ўпарканман, аҳволларини кўриб кўзимни тўлдириб турган ёш томчилашни бошлади. -Вой жиннивойим, нимага йиғлайсан. Тузукманку кўриб турганингдек. Ҳозир мана бу қизим олиб келган дорингдан бердилар, босимимни ҳам ўлчаб қўйсалар... Аллоҳ рози бўлсин қизим, яхши жойга келин бўлинг, Иншаалоҳ... -Иншаалоҳ, - деб қўшиб қўйдим рўмолча билан ёшимни артарканман. Яна бир бор ажабландим ўзимга, кўп гапирадиган бўлиб колибман шекилли диний сўзларни. Қиз индамай, жилмайиб кўйди. -Касбимиз шу.., -босимни ўлчаб бўлиб аппаратини идишига жойлай бошлади, - анча яхши, босимингиз ҳам тушибди. Хозир акам олиб келган дори таъсир килса, ўзингизни янаям яхши ҳис қиласиз. Онам секин манга қараб кулдиларда, қиз томонга имлаб кўйдилар. Бунинг мазмунини кичкинагина боладан сўрасангиз ҳам айтиб берса керак. Онамнинг хоналари ёруғрок бўлгани учун энди эътибор бериб қарадим унга, ҳаа!... Яратганнинг қудратига қойил қолса бўлади. Келишган, қошлари яримой, кўзлари ёқутдек, оппоқ либослари ўзларига мослаб тикилгандек, қомат эса.. таърифлайман деб гуноҳга ботиб қолсам керак. Қисқаси, айтадику "студентка, комсомолка, красавица!”... У ёги эсимда йўқ. Айтганча, акам дедими? Тилингга шакар! Асал! Новвот! "Россия” фабрикасининг ҳамма маҳсулотлари! Агар бу комплиментларни ичимда эмас, ўзига этсам, икки юзи қип-қизил бўлиб кетармикин, ажабо? Қаерларидир Маликага ўхшаб хам кетаркан. Стоп!! Малика?! Нимага Абдулла телефон қилмадийкин шу пайтгача, вазиятни тушунтираётган бўлса керак. Ёки Малика мандан хафа бўлганмикин. Ўлибди энди, аҳволни тушунгандир. Унда нимага улар жим? Ёки Абдулла? Ўртада шайтон бор деганларидек.. Йўқ-йўқ. Астағфируллоҳ. У бошқача йигит – айнимаган, айнимайди ҳам. Унга ишонганим учун калитни бериб, Маликани кузатиб қўйишни сўрадимку ахир. Таваккал қилгандан кейин гумонга бориш яхшимас Саидвой, гумон бу ғийбат ва туҳматнинг онаси эканлигини билмабмидингиз? Булар Абдулланинг, йўғ-ей Абдуллоҳнинг дарсларидан. Уфф! Нимага улар жим экан-а? Шу пайт телефоним ўзини борлигини эслатиб кўйди: Бог кўйнида икки дарахт Бир-бирига интизор... (Давоми бор) Муаллиф: Бахром Исмоилзода Китоб
|
Категория: Hikoyalar |
Просмотров: 1408 |
Добавил: Admin
| Рейтинг: 0.0/0 |
|
|
|