Главная » 2011»Декабрь»7 » Шарқ - нозик масала, лекин Ғарб ҳам анойилардан эмас
12:44
Шарқ - нозик масала, лекин Ғарб ҳам анойилардан эмас
Кечаги куннинг биз учун энг муҳим воқеаси Осиё чемпионлар лигасига қуръа ташлангани бўлди. Қуръа натижалари қандай кўриниш олишини сабрсизлик билан кутаётгандик. Мана энди бемалол ҳаммаси маълум бўлганидан кейин клубларимизнинг имконияти, кимга қандай рақиблар тушгани борсасида ўз фикр-мулоҳазаларимизни билдирсак бўлади. Аввало шуни айтишимиз керак, биз учун ОФК томонидан ОЧЛга 3+1 ўрин берилгани жуда яхши воқеа бўлди. Энди гап ОФКнинг ишончини оқлаш бўлиб қоляпти.
Мамлакатимиз чемпиони «Бунёдкор»нинг Шарқ минтақасига йўл олиши айни муддо бўлди. Чунки бизда «Гамба Осака», «Аделаида Юнайтед», «Поханг Стилерс» (бу жамоанинг плей-оффдан ўтиш имконияти анча юқори) каби клубларга қарши фақат «Бунёдкор» баҳс олиб бориши мумкин. Қолаверса, кетма-кет тўртинчи бор Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган жамоа бу совринлар бежизга эмаслигини ҳеч бўлмаса гуруҳ ўйинларида исботлаши шарт. Қолаверса «Бунёдкор» Австралия ва Жанубий Кореянинг шу клублари билан аввал ўйнаб кўрган ва уларни яхши билади. Гуруҳдан иккита жамоа чиқишини инобатга олсак, «қалдирғочлар»нинг камида иккинчи ўрин учун кураш олиб боришларига қурби етади. Фақат бунинг учун «Бунёдкор»га яхши савиядаги ҳеч бўлмаса икки нафар легионер керак бўлади. Шахсан мени бундан ҳам кўп хурсанд қилаётгани кейинги йилнинг ёзигача юртимизда Япония ва Австралия клублари меҳмон бўлишади. Шунинг ўзиёқ биз учун катта байрам. Агар «Бунёдкор» уларни мағлубиятга учрата олса, ўз-ўзидан тўй-тўйга уланади.
Олий лигамизда иккинчи ўринни эгаллаган «Насаф» билан учинчи ўрин соҳиби «Пахтакор» эса Ғарб минтақасидан жой олишди. Якунига етган мавсумда ОФК Кубогини қўлга киритган «Насаф»га эътибор янада ошиши турган гап. Агар Анатолий Демьяненко йигитлардан яхлит жамоа туза олмаса, ОЧЛда илк бор иштирок этадиган «Насаф»га жуда қийин бўлади. Чунки жамоа бундан буён Ливан, Ҳиндистон, Яман клублари билан эмас, балки анча кучайган Қатар ва БАА клубларига қарши баҳс олиб боради. Биласиз, бу мамлакат клублари керак бўлса Иордания ва Қувайт жамоаларидан ҳам устун туради. Демьяненко бир йилдан сал кўпроқ вақт мобайнида Осиёнинг кичик турнирини забт эта олди. Мана энди навбат катта мусобақага ҳам етиб келди. Украиналик мураббий ўз шогирдлари билан қандай натижа кўрсатишини вақт ўтиб билиб оламиз.
Бу йил Ўзбекистон Кубогида ғолиб чиққан «Пахтакор» ҳам анча мураккаб гуруҳга тушиб қолди. «Пахтакор» гуруҳдан чиқиш учун Саудия Арабистони, Қатар ва БАА клубларига қарши баҳс олиб боради. Бу ерда яққол фаворит сифатида кўпроқ «Ал Иттиҳод» кўзга ташланяпти. Лекин қолганлар ҳам шунчаки иштирок этсак бўлгани дейишмаса керак. Ҳозирги пайтда «Пахтакор» олдида турган энг катта муаммо бош мураббий масаласи бўлиб турибди. Чунки Мурод Исмоилов ҳозирча бош мураббий вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келяпти, Самвел Бабаян эса барибир раҳбар ҳисобланади. Бу йилги олий лигамизда «Пахтакор» энг ёш жамоалардан бири бўлди. Аммо чемпионлар лигасида яхши натижа кўрсатиш учун таркибга барибир тажрибали ўйинчилар керак бўлади. «Пахтакор»га айниқса яхши савиядаги легионерлар керак. Шунингдек, жамоа деярли ҳар ўйинда мунтазам гол урадиган яхши бир ҳужумчига эҳтиёж сезмоқда.
Лекин «Нефтчи»нинг ростдан ҳам омади бор экан. Чунки жамоа ОЧЛдаги иштирокини саралашнинг иккинчи босқичидан бошлайди. Агар биринчи босқичдан бошласа-ю, ютқазиб қўйса борми, тамом фақат олий лига ва Ўзбекистон Кубоги баҳсларида иштирок этиш билан йилни ўтказарди. Энди бўлса фарғоналиклар ё ОЧЛда ёки ОФК Кубогида қатнашишади. Агар Юрий Саркисян клуб олдига чемпионлар лигасининг гуруҳ ўйинларига йўлланма олишни вазифа қилиб қўйса, унда сафарда «Ал Шабаб» (БАА)ни доғда қолдириш талаб этилади. Мабодо ютқазиб қўйгудек бўлса ҳам «Нефтчи»нинг йўқотадиган нарсаси қолмайди. Чунки фарғоналиклар учун ОФК Кубогида иштирок этишнинг ўзи ҳам бир шараф. «Нефтчи»нинг плей-оффни сафарда ўтказиши ҳам менимча айни муддао бўлди. Чунки 18 февралга келиб Фарғона стадиони ОЧЛни ўтказишга тайёр ҳолатда бўлмаса керак. Арабларда эса ҳамма шароит бор. Агар ОФК «Нефтчи» ўз ўйинини қўшни Андижонда ўтказсин деганида борми, унда роса уятга қолган бўлардик. Чунки Андижондаги ўйингоҳдан топилган камчиликлар кейинчалик фото-шоп қилингани ҳақида эшитдик. «Навбаҳор» стадионида эса қайта таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Шунингдек, бу жамоа уй учрашувларини Андижонда ўтказиб турибмиз деб ОФКни алдади. Афсуски, бу каби алдовларга ПФЛ кўз юмиб тураверди. Негаки «Навбаҳор» иккинчи даврада ўз рақибларини Андижонда эмас, балки Косонсойда қабул қилди. Мана шунинг учун ҳам «Нефтчи»нинг сафарда ўйнаши жуда маъқул йўл бўлди. Агар «Нефтчи» кейинчалик ОФК Кубогида тўп сурадиган бўлса, Фарғонадаги ўйингоҳ бу мусобақа талабларига жавоб беради. Лекин ОЧЛ талабларига ҳозирча жавоб бермаса керак.
Қуръа натижалари маълум бўлгач, «Бунёдкор»нинг Шарқ минтақасига йўл олиши беихтиёр Шарқ - нозик масала деган гапни ёдга солиб юборди. Лекин бугунги кунда Ғарб ҳам Шарқда қолишмайдиган даражага етди. Ишонмайсизми? Унда «Ал Садд»нинг бу йил ОЧЛда қайд этган натижаларига яна бир карра кўз ташланг. Бир пайтлари мишиқи болага ўхшаб юрган «Ал Садд» чемпионлар лигасини қўлга киритди. Клубларимизнинг ўша жамоадан кам жойи борми? Футболчи ва мураббийларга шунча шароит яратиб берилаётган бир замонда қайсидир жамоамиз келаси йил камида финалгача бормаса бўлмайди.