Среда, 16.10.2024, 03:52
ZERIKISHDAN UMID UZ!!!
 
Меню сайта

Категории раздела
Yangiliklar
Shou biznes
Tibbiyot
Ilm-fan
Telekomunikatsa
Xorij habarlari
Qiziqish hobbi
Tabiat
Oila va jamiyat
Sheriyat
Sport
Sevgi
Elyor Temirov
Foydali maslahatlar
Hikoyalar
Obidjon Obidov
EURO 2012 FOTO
Kashfiyot
Suxbat

Мини-чат
200

Наш опрос
Saytimizga siz qaysi shaxar hududidan kirasiz?
Всего ответов: 249

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2012 » Май » 13 » Sevgi sabog'i
15:31
Sevgi sabog'i
Муҳаббат-муҳаббат деймиз. Оғиз кўпиртириб, соатлаб гап талашамиз. Қоғоз қоралаймиз, куйга соламиз, мадҳиялар, достонлар битамиз... Аслида, шу туйғунинг қадрига етамизми? Кўнгилда кечса, туғён урса изҳор қилмоққа журъат қила оламизми? Ўзи муҳаббатнинг илдизи қаерда?
Барибир, илк муҳаббатга етмайди бари. Кўнгилга илк бора ташриф буюрган бу туйғу... Эсласам, вужудимга титроқ инади. Юрагим тўлиб-тошиб кетади ғалати ҳис-туйғуларга. Энтикаман, эзиламан... йиғлайман. У билан ўн йил битта мактабда, битта синфда ўқибман-у, юраверган эканман, кўнгилни кенг қилиб. Йўқ, умидвор ҳам бўлмаганман, лекин ишқ юракни куйдирганидан кейин...
Йил охирига келиб, унга нома битдим. Севги изҳор қилинган хат. Энди ўзига бериш учун отнинг калласидай юрак керак. Бу қурмағур менда... Дугонасига, сирдошига беришга ҳам чўчиб турибман. Ўйлаб-ўйлаб топган тадбирим шу бўлди-сездирмайгина сумкасига солиб қўйдим.
Энди юрак ҳовучлаб юрибман. Шўрлик оғиз очмайди. Худди ҳеч нарса содир бўлмаган-у, биз аввалгидек апоқ-чапоқ бўп юрибмиз. Аммо мен кўзига қарашга ботинолмаяпман. Бу ёқда мактаб охирлаяпти. Ҳадемай имтиҳонлар бошланади-ю, шу билан ҳаммасига нуқта қўйилади.
Тунлари тикан устида ағанагандек бўламан, кундузлари... Охири журъат топдим. Энг сўнгги имтиҳонга бир кун қолганди. Консультация бошланмаганди ҳали. Вақтлироқ боргандим. Синфга кирсам, ё бахтимдан, ўтирибди аллақандай китобга термулиб. Ёлғиз. Ёнига ўрнашдим.
«Яхшимисан, Баҳор!», дедим, кейин тилим тутилиб қолди. Арзирли гап тополмай қийналдим. У менга шундай тикилдики, ажабтовур ҳолга тушдим. Нигоҳи кескин тус олганди. Кўзларим дош беролмади.
«Ўзимга айтсанг бўлмасмиди?»,-деди ҳамон нафратомуз тикилиб.
«Нимани?»,-дедим. Сезиб турибман, хатни айтяпти.
«Мени шарманда қилдинг...».
«Нималар деяпсан, ким... ким сени шарманда қилди?!». Ўрнимдан туриб кетдим.
У бошини хиёл эгди. Ҳазин оҳангда давом этди:
«Сумкамга солиб қўйган нарсанг биринчи кимнинг қўлига тушганини билмайсан. Оғзи бўш дугоналарим... э-э, мана, мактабда дув-дув гап бўлди».
У бирдан йиғлаб юборди. Кафтларини юзларига босди. Мендан ўпкаланиб, гиналаниб йиғлади:
«Сенга нима ёмонлик қилувдим, нима?!».
Гунг бўлиб қолгандим ўша дам. Ҳатто уни юпатиш ҳам қўлимдан келмади. Айбдор эдим. Агар севишни айб деб санашса, ҳа, ана шу «айб»имни тағин тасдиқладим. Баралла айтдим унга:
«Баҳор, сени ростдан ҳам...».
«Бас қил!-у аламидан бақириб юборди.-Нима, билмайсанми, тўйим бўляпти-ку! Индинга фотиҳам бўлади, фотиҳам!».
Мен карахт бўлиб қолдим. Очиғи, бу хабар мен учун янгилик эди. Наҳот шу пайтга қадар эшитмаган бўлсам? Нима, яширишдими? Нега? Бирор ҳунар кўрсатмасин дебми? Қўлимдан нима ҳам келарди ўзи... Мана, шахмат ўйинидаги мот қилинган шоҳ ҳолига тушдим. Энди тамом. Ҳаммаси тамом.
Синфдош қизлар, кейин йигитлар синфга чуввос солиб кириб келишди. Баҳор шоша-пиша сумкасидан рўмолча чиқарди, кўзларини артиб олди. Кейин... кейин консультация бошланди. Ундан сўнг имтиҳон... Банкет. Шу билан ўқувчилик давримиз ҳам ниҳояланди. Орадан бир ой ўтиб... туйқус дарвозамиз тақиллаб қолди. Шошиб чиқдим. Эшикни очсам... Баҳор дугонаси билан турибди.
«Уч кундан кейин тўй, албатта ўтгин, мана бу сенга». Қўлимга ярим кафтчалик қоғоз узатди. Таклифнома экан. Исмим босма ҳарфларда ёзилган: «УЛУўБЕК». Юрагимда бир нима «чирт» узилгандек бўлди. Гапиришга тилим айланмади. Кўзларига тикилганча қотиб қолибман.
«Бормасанг, хафа бўламан». Қайта таъкидлади у. Кейин кетди. Юрагимга алам-қайғулар, ҳажр оловини пуркаб кетди. Шу оқшом тонггача мижжа қоқмадим. Йиғладим. Биринчи муҳаббатимнинг аламли қиссаси мана шу.
Очиғи, Баҳорнинг менда кўнгли йўқ эди. Қизиқ, шундай бўлсаям, ўзига яқин оларди. Энг қадрдон дўсти каби. Мен эса, галварс, ҳатто, «Бахтли бўл», деб тилак билдирмабман. Тўйига-ку, бормадим. Ўртоқларим қанча қисташди (ахир яхши кўрган қизимнинг тўйига қандай бораман?)...
Юрагимнинг бир чеккасига армон тоши юк босди. Йўқ-йўқ, юрак армон тегирмонида янчилди.
Ҳаёт ҳали олдинда экан. Китобларда «Бу қайтар дунё» қабилидаги ҳикматларни кўп ўқиганман-у, уқмагандим. Энди билсам, донишмандлар ҳам ҳаёт тажрибасига суянишар экан. Ҳар бир ҳикматда, мақолда ҳаёт уфуриб турар экан.
Мактабни битирган йилим НамДуга ҳужжатларимни топширдим. Филология факультетига. Бахтимдан ўргилайки, «толиб» деган номга муяссар бўлдим. Оврўпочасига айтадиган бўлсак: «студент».
Икки ҳафта ўтар-ўтмас пахтага олиб кетишди. Бу мавсумнинг боп жойи шундаки, кимлигинг беш қўлдай аён бўларкан-қоларкан: меҳнаткашлигинг, интизоминг, ахлоқинг... Яхши бола бўп юрсанг майли­ку-я, ножўя иш қилгудай бўлсанг... таъзирингни беришади домлалар ҳам, «акахон»лар (юқори курсдагилар) ҳам. Бизнинг ўй-хаёлимиз ҳам, ишимиз ҳам битта: пахта.
Курсдошларим билан қалинлашиб, қадрдонлашиб борардик. Тушликни бирга қиламиз, хирмонга юкларни бирга олиб чиқамиз, хуллас, бир ёқадан бош чиқарамиз.
Пахтага келганимизнинг бешинчи куни эди. Ён қабатимдан бир курсдошим тушган. У биринчи кунданоқ ҳаммани эътиборига қаратган, айниқса, деканимиз шу қизни намуна қилиб кўрсатавериб, барчамизнинг юзимизни шувут қилиб қўйганди. Бутун курс бўйича пахта теришда унга тенг келадигани йўқ эди. Ўша куниёқ унинг номи Намуна бўлди-қолди. Ҳатто ҳайиқмай, олдида Намуна қиз деб чақирадиган бўлишди. Мен бу ном унга қилинган ҳимматданми, деб юрсам, асл исми шу экан.
Мана, ҳозир пилдираб ишга киришиб кетди. Бирам чаққон. Мен битта чаноққа қўл теккизгунимча у учта-тўртта чаноқдан пахта юлиб олади. Бир кўз юмиб очгунча икки одимга ўзиб кетди. Эгатига боқаман: қилча ҳам пахта қолдирмай териб боряпти. Туйқус у ари чаққандай «вуй»лаб юборди. У томонга қарадим. Чўккалаб олибди. Қандайдир хавфни кўнглим сезди, этакни белимдан бўшатиб, олдига бордим. Бармоқларини сўл кафтига олган, маҳкам қисиб ўтирибди.
«Нима бўлди?»,-олдига яқинлашдим. У қаддини ростлади. Дарров қўлларини этагига тиқди.
«Э, шунчаки...»,-нописандлик билан деди у. Зимдан кузатдим. Этагига қизил доғлар теккан, ўзи лабини тишлаб, у ёқ-бу ёққа нигоҳ ташлаяпти. Гўёки атрофни томоша қиляпти.
«Шунчаки бақириб юбордим денг...»,-жиғига тегмоқчи бўлдим. У афтимга бир тикилиб олди. «Ишинг нима», дегани бўлса керак-да?
Энди сездим, бояги қизил доғлар пича кенгайибди. Миямда яшин ургандек бўлди-қон! Шимимнинг чўнтагидан дастрўмолча олиб Намунага узатдим. Янги, ҳали фойдаланмагандим.
«Болалик қилманг, қўлингиздан қон оқяпти, сириб боғланг», дедим. У амримга бўйсунди. Тирноғи орасига чаноқ қадалган экан. Шунга «дунёни бошига кўтарибди». Намуна билан қадрдонлашувимиз, йўқ, унинг менга боғланиши шу воқеадан бошланди.
Пахта терими ҳам тугади. Барчамиз соғинганимиз-иссиққина уйларимизга қайтдик. Ўқишлар тағин изига тушди.
Намунани фақат илғор теримчими десам, тиришқоқ ҳам экан. Дарсларда фаол, ҳар бир машғулотда, албатта, сўзга чиқади. Дафтар-дафтар конспект ёзади. Бир сўз билан айтганда, у исми жисмига монанд қиз эди. Унга бутун синф ҳавас қиларди-ю, мен... тўғрисини айтсам, жўнгина муносабатда бўлардим, фақат шу. Бўлмаса на ҳуснида, на ахлоқида нуқсони бор, ҳурлиқо.
Бир куни шамоллаб, ётиб қолдим. Ўқишга уч кун боролмадим. Иккинчи кун телефон бўлди. Гўшакни кўтарсам... Намуна. Аҳволимни сўради қуюқ қилиб. Саволларига наридан-бери жавоб бердим. Қизиқ, рўйхуш бермасам ҳам ўзига олмайди. Кўнгли нақадар пок қиз... Аммо мен...
Биринчи семестр тугади. Таътилга чиқдик. Мен қарздор эдим. «Экология»дан «2» олганман, тузатишим керак. Шу мақсадда факультетга ўтдим. Деканатга кирсам, Намуна ўтирибди.
«Фидойисиз-да, ҳамма маза қилиб дам оляпти...», дедим салом-аликдан кейин.
У билинар-билинмас жилмайиб қўйди. Кейин университет қошидаги тилшунослик тўгарагига қатнаётганини, инглиз тилини ўрганаётганини айтди. Мен ҳам «мақтаниб» қўйдим:
«Шу экологияга меҳрим тушган...».
Намуна идрокли эмасми, фикримни дарров илғади. Яна табассум қилди.
«Экологиягами ё экология домласигами...». Беихтиёр кулгу кўтарилди. Кейин жиддий тортиб, мен ажабланадиган гап айтди.
«Сиз ўтгансиз, домланинг ўзи айтди. Ишонмасангиз, бориб сўранг».
«Нима?!».
Чин экан. Домлага учрашгандим. Менга фамилиядош талабанинг баҳосини қўйган экан. Имтиҳон варақасини кўрсатишни талаб қилсам бўларди-ю, хоҳламадим. Нима кераги бор ортиқча даҳмазанинг.
Етти кун етти дақиқадай зув ўтиб кетди. Тағин дарслар бошланди. Янги фанлар киритилибди. Намуна ҳамон ўша-ўша: тиришқоқ, зийрак, аълочи ва... меҳрибон.
Бир куни қизиқ иш бўлди. Жисмоний тарбия дарсидан қайтгандик. Нафасим ичимга тиқилган, бир томондан терлаб-пишиб кетганман. Чанқоқ азоб беряпти. Факультет ҳовлисида кран бор. Ўша ерга бордим. Кран мурватини бураб, энкайиб, сувга энди ҳовучимни тутган ҳам эдимки, шариллаб оқаётган сув бирдан тинди. Бошимни кўтарсам, тепамда ғўдайиб Намуна турибди.
«Шу ҳолингизда совуқ сув-а, яна касал бўлгингиз келдими?», деди у жаҳл билан.
Тушунолмай қолдим. Ўзи ким бу? Нега хўжайинлик қилади? Ҳар нимага тумшуғини тиқади? Парво қилмай тағин кран мурватини бурадим. Намуна яна ўжарлик қилди. Мен бошқа чидаёлмадим:
«Нима, хотиниммисиз, менга хўжайинлик қиладиган?!».
Унинг аввал лаблари титради, кейин юзлари ўзгарди. Бирдан ортига бурилиб чопиб кетди. Назаримда, йиғлади-ёв. Кўнглини оғритдим мен аҳмоқ. Ўзи нега қайсарлик қилади? Очиғи, тушунмаётгандим. Шу тариқа кунлар, ойлар ўтди. Биз бу орада гаплашмай юрдик. Мен тўнка, ҳаттоки, кечирим ҳам сўрамадим ундан. Биринчи курс тугаши арафасида йиғилишдик. Шаҳар чеккасидаги одмигина кафеда музқаймоқхўрлик бўлди. Ҳамма бирин-кетин ҳасратини ёзди. Намуна ҳам бор эди. У ўзини анча олдирган, олдинги қувноқлигидан асар ҳам қолмаганди. Чўкканди бояқиш. Гал унга келганди. Дардини тўкиб ташлади. Сўнгги гапи қулоқларимда қайта-қайта янграгандек бўлди:
«...Мен ўқишимни Тошкентга кўчиртиряпман. Журналистикада давом эттираман. Хафа бўлмайсизлар энди...».
Мен Намуна билан ярашолмадим. Негадир йигитлик ғурурим, ғўрлигим бунга йўл қўймаётганди. Юрагимнинг туб-тубида ундан кечирим сўраш истаги учқунлаб турарди-ю, лекин негадир журъатим етмасди.
Ўқишлар тугаб, катта таътил бошланди. Ҳамма уй-уйига кетди. Мен яна битта фандан қарздор бўлиб қолдим. Шу иш билан деканатга, кафедрага қатнадим. Ишим оғир кечмади. Бир курсдош қиз ҳам мен «йиқилган» фандан «2» баҳо олган экан. Бирга топширдик... омад икковимизга ҳам кулиб боқди. Бу қиз Намунанинг қадрдон дугоналаридан эди. Мен Намунанинг нима мақсадда ўқишини Тошкентга кўчирганини билмасдим. Шуни дугонасидан сўрадим.
«Шунчалар гўлсиз-а, Улуғбек, Намунадай қиз қаерда бор яна? У сизга кўп яхшиликлар қилган. «Экология»дан ҳам баҳоингизни ўша оберган...».
«Нима?». Юрагимда олов қўзғалди.
«Тоғаси бўларди-ку, ўша «экология» домласи, билмасмидингиз?»,-у ҳайрон бўлиб тикилди менга.
«Йй-ўқ. Лекин бу ишни нима учун қилди, нимага?».
«Қизиқ, биласиз деб юрардим, у сизни севарди, Улуғбек!».
Мен бошқа ажабланмадим. Чунки ҳаммаси аён бўлган эди. Намунанинг менга ғамхўрлиги, тергашлари-ю меҳрибончилиги-ҳамма-ҳаммасини англаб етдим. Қизиқ, негадир кулгим келди. Бутун вужудимни кулгу эгаллаган эди-ю, истиҳолами, андишами, уятми-шунга ўхшаш ҳис йўл бермаётганди. Йўқ, мен Намунанинг муҳаббатига, унинг юрагини асир қилган пок туйғуга эмас, мендек омадсиз бечора бир йигитнинг севилишига кулгим қистаганди. Дугонасининг кейинги гапи ҳаммасидан ҳам ошиб тушди.
«У сизни деб Тошкентга кетди. Унутиш учун...».
Ҳаёт қизиқ-да: сен кимгадир кўнгил қўясан, кимдир сенга. Сен бировни деб эзиласан, юрагинг куйиб кетади, бошқа биров эса сени деб шу кўйга тушади.
Ҳа, Намунага кўнглим йўқ эди. Ҳаммадан гўзал, одобли бўлса ҳам, меҳрибон, ғамхўр бўлса ҳам, негадир мен учун... йўқ-йўқ, наздимда уни ҳамма йигитлар севиши шартдек эди-ю, фақат мен...
Баҳор ҳали-ҳалигача тушларимга киради. Баъзан уйқум ўчиб, ўйлар комига тортади. У билан хаёлан суҳбат қураман. Тўймайман... тўймайман...

Категория: Hikoyalar | Просмотров: 1114 | Добавил: Admin | Рейтинг: 0.0/0
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Май 2012  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024Создать бесплатный сайт с uCoz