Таклифнинг кўплиги нархларнинг ҳам турли-туманлигидан дарак беради. Пойтахтимиздаги автобозор ҳам бундан мустасно эмас, бу ерда бир хил товарнинг нархи мутлақо турлича бўлиши мумкин. Масалан, 2009 йилда ишлаб чиқарилган, унчалик кўп йўл босмаган (40 000 км гача), бирор жойи урилмаган, яхши ҳолатда, ортиқча дабдабаларсиз ва тюнингсиз, заводдаги бўёғи билан бўлган Daewoo Nexia ни 8 000 ш.б. га ҳам, 10 000 ш.б. га ҳам учратиш мумкин. Нархлардаги бундай катта фарқни (2 000 ш.б. сезиларли фарқ) тушунтириш жуда осон – савдо. Биринчи ҳолатда, харидор нархни ҳеч бўлмаганда 100 ш.б. га тушириши даргумон, аммо иккинчисида 1 000 ёки 1 500 ш.б. гача туширишнинг реал имконияти мавжуд.
Ҳар ҳафталик обзорларимиз чоғида биз бир неча бор бундай битимларнинг гувоҳига айланганмиз. Масалан, январь ойида автобозорни кўриб чиқар эканман, қизиқарли бир битимнинг гувоҳига айландим. 2008 йилда чиқарилган, яхши ҳолатдаги 64 000 км йўл босган Матиз автомобили бор-йўғи 5 200 ш.б.га сотилди.
Агар Матиз автобилига бўлган нархларни кўриб чиқадиган бўлсак, юқорида сотилган Матизнинг нархи ҳақиқатан ҳам паст эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Табиийки, бундай вазиятда шубҳа туғилиб, нархнинг арзонлиги машинадаги бирор бир камчилик билан шартланган, деб ўйлашингиз мумкин. Автомобилни яна қайтадан кўриб чиқар эканман, унинг олд ойнасига ёпиштирилган эълон эътиборимни тортди, унда автомобилнинг нархи 6 000 ш.б. деб ёзиб қўйилган эди.
|