Воскресенье, 24.11.2024, 05:38
ZERIKISHDAN UMID UZ!!!
 
Меню сайта

Категории раздела
Yangiliklar
Shou biznes
Tibbiyot
Ilm-fan
Telekomunikatsa
Xorij habarlari
Qiziqish hobbi
Tabiat
Oila va jamiyat
Sheriyat
Sport
Sevgi
Elyor Temirov
Foydali maslahatlar
Hikoyalar
Obidjon Obidov
EURO 2012 FOTO
Kashfiyot
Suxbat

Мини-чат
200

Наш опрос
Saytimizga siz qaysi shaxar hududidan kirasiz?
Всего ответов: 249

Статистика

Онлайн всего: 3
Гостей: 3
Пользователей: 0

Главная » 2012 » Июнь » 30 » САИД МУХТОРОВ: «Тақдир мени икки йўл орасига солиб қўйди...»
08:40
САИД МУХТОРОВ: «Тақдир мени икки йўл орасига солиб қўйди...»
   Бугунги меҳмонимиз «Фарёд», «Девона фаришта», «Осий банда», «Тавба» каби фильмлари билан мухлислар қалбини, уларнинг ҳиссиётларини уйғотган, кўзларига ёш келтирган режиссёр ва истеъдодли актёр Саид Мухторовдир. Айни пайтда, у «Муҳаббат макри» номли янги картинаси устида ишлаяпти. Фильмда янги чеҳралардан ташқари, Аҳад Қаюм, Убайдулло Омон, Ойдин Юсупова, Лутфулла Саъдуллаев, Раъно Ярашева каби актёрлар роль ижро этишган. Суҳбатимиз ана шу иш жараёнида бўлиб ўтди.
    — Саид ака, мухлислар сизни ҳам актёр, ҳам режиссёр сифатида билишади. Бу касбларнинг қай бири асл мутахассислигингизга тўғри келади?
    — Биринчи касбим – актёрликни Театр ва рассомчилик институтида эгаллаганман. Талабаликдан кейин аввалги Ҳамза номидаги театрга ишга келганман. Ғани Аъзамов, Пўлат Саидқосимов, Наби Ғаниев, Зайнаб Садриевадек буюк устозлар қўлига тушганман. Мақтаниш эмас-у, ўша пайтдаги театр бош режиссёри Баҳодир Йўлдошевнинг ўзи кўп талабалар орасидан бизларни танлаб олган. Мен учун энг қадрлиси, айнан Ғани Аъзамовнинг комедик йўналишига мос тушганим. Шу-шу мен бу инсоннинг шогирди бўлиб қолдим. Гарчи бугун театр даргоҳида ишламасам ҳам, доимо унинг саҳнасини ўпишга тайёрман. Кўпчиликнинг хабари бор, бир пайтлар театримиз иккига бўлиниб қолди. 25 нафар устозимга қўшилиб, мен ҳам «Ёш гвардия» театрига ўтиб кетдим. Лекин янги жойда қандайдир тушунмовчиликлар, иккиланишлар кўп бўлди. Қолаверса, мен жамоада энг ёш актёрман. Бунинг устига устозим Ғани Аъзамов гарчи бошқа театрга ўтадиган актёрлар рўйхатида бўлишига қарамай, ҳадеганда, «Ёш гвардия»га келавермади. Ахир мен устозим туфайли иш жойимни алмаштиришга рози бўлган эдим. Тақдир мени икки йўл орасига солиб қўйди: на қайтишни ва на қолишни билмасдим.
    — Айтишларича, ўша пайтда иккита театр ўртасида қолиб кетиб, Москвага қочиб кетган экансиз?
    — Қочиб кетмаганман-у, таваккал қилиб, Москвага ўқишга борганман. Катта қийинчиликлар, яхши инсонларнинг ёрдами билан ВГИК олийгоҳининг режиссура факультетига ўқишга кирганман. У ерда Фурқат Файзиев, Улуғбек Камолов, Элжон Аббосов, Фотима  Фарҳодий, Жаник Файзиевлар билан таҳсил олдим. Режиссёрликни ҳужжатли фильмларни суратга олишдан бошлаганман. Биринчи диплом ишим – «Жумбоқ» фильмимда устозим Ғани Аъзамовни Бухорога олиб бориб, суратга олганман. Шу тариқа режиссёр сифатида кинога кириб келганман.
said_muxtorov.jpg
    — Яхши актёрсиз. Аммо киноларда кам кўринасиз. Чиқсангиз ҳам, кўпроқ эпизодик ролларда кўринасиз. Ёки бошқа режиссёрларнинг фильмларида роль ижро этишни эп кўрмайсизми?
    — Йўқ, гап унда эмас. Ўзи «Ўзбеккино» давлат уюшмасида актёр, режиссёр бўлиб ишлайман. Ўйлаб кўринг: маълум бир иш жойим бор, «Мени кинонгизга таклиф қилинг», деб бировнинг олдига бормайман-ку. Қишлоқдан келган боламан, ҳар ҳолда, ор-номусим бор! Баъзида ҳозирги актёрларга раҳмим келади. Худога шукр, суратга олаётган фильмларим орқали топаётган даромадим ўзимга етади.  
    — Хусусий кино индустриясида ишлаётган режиссёрлар орасида бугунги кунда рақобат қай даражада? Кимларни муносиб рақиб деб биласиз?
    — Пойтахтимизда Олой, Фарҳод, Кадишева, Сирғали, Юнусобод бозорлари бор. Қаерда арзон, сифатли маҳсулот бўлса, одамлар ўша жойга интилади. Қўпол қилиб айтганда, табака еймиз деб, ҳатто Янгийўлга бориб келадиганлар бор. Яхши кино бўлса, томошабин, албатта, киради. 20-30та режиссёр бўлганидан кейин орасида рақобат, ўзларига яраша сирлари бўлиши, табиий. Айни пайтда, режиссёрлар қобилиятига ва асосан, молиявий бюджетга қараб фильмлар ишлашади. Чўнтаги бақувватроқ продюсерга дуч келишса, фильм анчайин гўзаллашиб кетади. Ҳо¬зирги кунда актёрларнинг нархлари қиммат бўлиб кетган. Бир актёрнинг хизмат ҳаққи 5-6 минг доллар. Кунига 500-600 долларлаб оладиганлар ҳам бор. Бу катта пул. Шунинг учун ҳам охирги пайтларда янги чеҳраларни излаяпмиз. Шахсан мен қўлидан келган режиссёр кино олсин, деган фикрдаман. Ҳеч қачон бировга ғайирлик қилган эмасман.
    — Киноларингиздан кўнглингиз тўлаяптими?

    — Ҳеч ким боласини ёмонламайди. Тўғри, хато кўп. Мени қийнайдиган жиҳат: баъзи бир продюсерчаларимиз бор. Пул бергандан кейин унга уч ойда кино қилиб бериш керак ва у даромадини дарров олиши лозим. Шу шартига рози бўлмасангиз, у бошқа режиссёрга кетиб қолади. Демак,  шартларига кўниб ишлашга мажбурсиз. Лекин мавзу, мантиқ ва чегара деган қатъий қоидаларни бузмасликка ҳаракат қиламиз. Шахсан мен ўз йўналишимни белгилаб олганман. Меҳр-муҳаббатга зор, ўксик қалбларнинг ҳаётини бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатишни мақсад қилганман. Бир пайтлар «Маржона» фильмини ишлаганимда, ҳамма мени лўлига чиқарган экан. Соқовлар тўғрисида кино қилсам, соқов бўлиб қоламан ёки ота-онам соқов бўлади. Ногиронларни кўрсатсам, қариндош-уруғимни шунақага чиқаришади. Устозларим дунёни кузатиб, шуни экранлаштирсанг, эртага бу асар бўлиб қолади, деб ўргатишган. Бир куни ногирон инсоннинг тўйига борганман. Келиннинг ногирон отасини ўртага аравачада олиб чиқишганда, жуда қаттиқ таъсирланганман. Шу воқеадан кейин киноларимнинг драматургиясини белгилаб олганман.
    — Киноларингизда муҳаббатни чиройли кўрсатиб берасиз. Ўзингиз ҳаётда романтикмисиз?
    — Гўзалликни яхши кўраман. Бу дунёда севиб-севилиб яшаш керак. Ёш бўладими, қарими, юрак уриб турибдими, у севиш ҳуқуқига эга. Бугунги кунда севгининг тарозиси бузилиб қолган. Муҳаббат пулга сотилаяпти. Аслида эса, севги ўлчов билан ўлчанмайди.
    — «Девона фаришта» фильмингизда бош ролга Мадина Мухторовани таклиф қилганингизда ҳам¬ма ҳайрон қолганди. Чунки кўпчилик сиз билан бу актриса орасида олдиндан қолган гина-араз бор, деб ўйлашарди.
    — Мадина актриса сифатида жуда талантли. Буни афсуски, кўп режиссёрлар тушунишмайди. Мен уни актриса сифатида танладим. «Девона фаришта» фильмида Мадина кино соҳасида истеъдодли актриса эканлигини яна бир бора мухлисларга исботлади.
    — Фарзандлар учун отанинг ўрни катта. Ўғил-қизларингизга қаттиққўлмисиз?
    — Санжар ва Сардор исмли икки ўғлим бор. Неварам Сарварбек ҳам катта бўлаяпти. Ўғилларимни 10-14 ёшда кинога олиб кирганман, аммо улар бошқа соҳага қизиқиш билдиришди. Каттаси молиячи бўлди. Иккинчи ўғлимни ҳуқуқшунослик институтига ўқишга киритгандик, кейин билсам, ўша институтни ташлаб, Санъат институтига кириб олибди. Бизга буни билдирмабди. Болаларимни соатлаб сўроқлаб тураман. Ҳозирги оиламда икки қизчани катта қилаяпман. Исмлари Ширин ва Шаббона. Турмуш ўртоғим Азиза Мухторова билан бир неча йиллардан бери қизларимизга баҳоли қудрат тарбия бериб келаяпмиз.
    — Қандай армон билан яшайсиз?
    — Премьераларимда саҳнага чиққанимда, олд қаторда раҳматли онажоним ютуқларимни кўриб, хурсанд бўлиб ўтирса, бўлмасмиди, дейман... Шу армоним.
    — Қайси образингизда яшашни истардингиз?
    — Оиламизга, яқинларимизга яхшилик қилиш энг катта ниятим. Мана шу образда яшагим келади.
    — Ҳаётда нимага кучингиз етмайди?
    — Чорасиз қолганда, ўз жонига суиқасд қиладиганлардан кучлиман. Аммо баъзи пайтларда бировни бахтли қила олмасам, ана шу дамларда ўзимни кучсиз ҳис этаман. Фильмларимда ишлаб турсам, оилам тинч бўлса, Бухорога бориб, отамни кўриб келсам, умуман, яшаётганимдан хурсандман.

    БЛИЦ-САВОЛЛАР:
- Курашувчанмисиз?
- Оилангиз, ватанингиз, яқинларингиз учун курашиб яшайсиз-да...
- Хаёлингизни доим нима банд қилади?
- Ижод.
- Нимадан чарчайсиз?
- Сценарий ёзишдан.
- Кўз қачон қувончга тўлади?
- Фильмим премьераси кунида.
- Мардлик пулга боғлиқми?
- Кўчада алдов жуда кўп. Ана шундай шароитда мардлик пул билан ўлчаниб қолаяпти.
- Бугунги орзуингиз?
- «Бухоронинг етти пири» ҳақида фильм ишлаш.
- Сизни айблашса, нима қиласиз?
- Ҳақиқатга бўйсунаман. Шу пайтгача бошимдан нима ўтган бўлса, ҳеч қачон синмаганман.
Категория: Yangiliklar | Просмотров: 2820 | Добавил: Admin | Рейтинг: 0.0/0
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Июнь 2012  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024Создать бесплатный сайт с uCoz