«Ўтмиш — унутилган, келажак — ёпиқ, бугунги кун — тортиқ қилинган», дерди «Кунг-фу Панда» мултьфильмидаги кунг-фу устози Угвей. «Қийин»,
«Кўп вақт олади», «Қандай қилишни билмайман», «Бажара олмасам-чи?» —
булар ишни маълум вақтгача чўзилишига олиб келувчи оддий сабаблардир.
Бунақа чалкаш фикрлардан қутулиш жуда осон. Шунчаки «Бу иш мен учун жуда
осон», «Қисқа фурсатда яхши натижага эришаман», «Ўзимга керакли ҳамма
нарсани биламан,билмаганларимни ўрганишга тайёрман!» сўзларини
такрорланг ва ишга киришинг. Натижа эса... келинг, синаб кўрамиз. Тўғри нишонга урамиз Гоҳида
қайси йўлдан боришни, нима қилсак, манзилга етишимизни билмай қоламиз.
Баъзилар қисқа фурсатда тўғри йўлни топиб, катта муваффақиятларга
эришади, кимдир йўлдан адашиб, хато қилади, яна бошқаси эса қайси йўлдан
боришни билмай қолади. Ҳаёт эса ўтаверади ва ўша одам кексайганида бир
жойда тўхтаб қолганини билиб, афсусланади. Бундай бўлишни истамасангиз,
бугундан ҳаракат қилинг. Бугунги ишингиздан қониқмаяпсизми? Балки сиз
умуман бошқа жабҳада ўзингизни синаб кўрмоқчидирсиз? Ўйлаб кўринг,
орзуингизни амалга оширишни бугундан бошланг. Эртага кеч бўлишини
унутманг! Илҳомланинг Бирор қизиқарли китоб ўқиганда ёки яхши
фильм томоша қилаётганда, қалбингизда ажиб бир ҳис пайдо бўлганини,
аниқроғи, ўқиган китобингиз ёки томоша қилган фильмингиздан илҳомланиб,
бирон-бир янги иш билан шуғулланишни истаб қолаcизми ёки ўша иш,
назарингизда, жуда осон ва фойдали туйиладими? Пайдо бўлган ғояни дарҳол
қоғозга қайд қилиб боринг. Кейинчалик ҳамма қайдларингизни бир бошдан
кўздан кечиринг ва улардан бирини амалда қўлланг. Агар ғояларнинг ҳеч
бирини ҳаётга татбиқ этмасангиз, сиз ҳаётингиз давомида ҳеч нарсага
эришолмайсиз. Шуни билингки, ғояларни ёзиб бориш ҳеч нарса бермайди,
улардан фойдаланиш керак! Бугун кечадан бошланади Агар эртанги
кун унумли ва фойдали бўлишини истасангиз, эртага қиладиган ишларингиз
учун бугундан ҳаракатга тушинг. Ишни режалаштиришдан бошланг. Бу кўп
вақтингизни олмайди, аммо эртанги кунингиз ҳақиқатдан ҳам жуда омадли
келишига замин яратади. Ишни режалаштираётганда қуйидаги саволларга жавоб беринг: 1) Менинг эртанги кундан мақсадим нима? 2) Орзуимга эришиш учун даставвал қайси ишларни бажаришим керак? 3) Бу ишга қанча вақт сарфлайман? 4) Иш куни давомида асосий ишимдан ташқари яна нималар қилишим керак? Жавобларингизни,
албатта, қоғозга туширинг. Чунки кун давомида қилмоқчи бўлган
бир-иккита майда ишларингиз эсингиздан чиқиб қолиши мумкин. Ҳеч нарсани эшитмайман… Қадимда
одамлар йўлбошчи ҳайвонларнинг кўзларига кўз¬бойлоғич боғлашганини
кўпчилик билмаса керак. Бу усул ҳайвонлар йўлда атрофга қараб, тўхтаб
қолмаслиги ёки ён-атроф унинг диққатини ўзига жалб этмаслиги учун
қилинган. Фараз қилинг, иш столингизга ўтириб, энди иш бошламоқчи
бўлганингизда телефон жиринглади, бу ҳам камдек ҳамкасбингиз «сўнгги
янгиликлар»дан сизни хабардор қилиш учун ёнингизга келди. Бунақада ишлаб
бўладими? Албатта, йўқ. Шундай экан, юқорида айтиб ўтганимиздек,
кунингизни олдиндан режалаштириб, бунақа майда-чуйдалар билан
шуғулланмаслик учун қулоғингизга қулоқчин (наушник) тақинг ёки
ҳамкасбларингизни сизни маълум вақт мобайнида безовта қилмасликларини
илтимос қилинг. Тўғри, бошида улар сиздан бироз хафа бўлишлари мумкин,
аммо вақт ўтиши билан бунга кўникиб кетишади. Қўрқувлар Ўзимиз
ўйлаб топган қўрқувлар «одамхўрдан» сира қолишмайди. У ичимизда туриб,
бизни олдинга қадам қўйишимизга доим тўсқинлик қилиб туради. Шунинг учун
ҳам биз кўп ҳолларда дадил бўлиб, қатъий қарор қабул қилишдан қўрқамиз.
Энг қизиғи, кўп ҳолларда бизни мағлубият эмас, айнан мақсад томон
етаклайдиган қўрқувлар енгади. Бу ҳис-туйғулардан қутулишнинг ягона йўли
— ўзига бўлган ишончни ошириш! Ўз кучингизга ва билимингизга ишонинг,
шунда марра сизники бўлади!