Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов «Юксак маънавият —
енгилмас куч» асарида «Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини
шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири
беқиёсдир. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳиссий
тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади», — деб
эътироф этган эдилар.(И.А.Каримов. Юксак маънавият — енгилмас куч. Т.,
«Маънавият», 2008. 52-б.)
64 фоиз аҳолиси ёшлардан иборат бўлган мамлакатимизда оилавий тарбиянинг
ўрни янада беқиёс. Фарзандлари тарбиясига ёшлигидан алоҳида эътибор
берган, мунтазам шахсий ибрат кўрсатиб юрган, ўғил-қизлар ва
набираларининг кунлик ўқиш — иш фаолиятини назоратга олиб бораётган жуда
кўплаб оилалар борки, булар биз учун ибрат тимсолидир.
Вилоятимиздаги мактаб ўқувчиларининг Мустақил Ҳамдўстлик Мамлакатларида,
Россия, Испания, Арманистон, Веътнам, АҚШ каби мамлакатлардаги халқаро
мусобақа ва олимпиадаларда миллатимиз, юртимиз шарафини муваффақиятли
ҳимоя этиб келаётганликлари нафақат таълим ходимлари, балки оилада бола
тарбиясига алоҳида эътибор билан қаралаёт-ганлигининг ёрқин мисоли
ҳисобланади.
Оила бошлиқлари таълим муассасалари ва педагог ходимлар билан мунтазам,
самимий ҳамкорликни йўлга қўйганларидагина кутилган натижага эришиш
мумкин.
Кузатишлардан аниқланишича, энг аввало, ўқувчининг кунлик ўқиш тартиби
белгилаб қўйилиши керак. Мазкур тартибнинг ижросини таъминлашга болалар
ҳамиша ҳам тайёр эмаслар. Дарс тайёрлаш, бадиий асар мутолаа қилиш,
ижодий иш билан шуғулланиш ўрнига тенгқурлари билан суҳбатлашиш,
компьютерда ўйнаш, қўл телефони орқали мулоқот, телекўрсатувларни
узлуксиз томоша қилиш сингари «замонавий» жараёнлар пайдо бўлаяпдики, бу
ҳолларни фақатгина оилада тартибга келтириш мумкин.
Абдирауф Фитрат ёзганларидек «Инсонларнинг давлатманд бўлиши, бахтли
бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши, заиф бўлиб хорликка тушиши,
фақирлик жомасини кийиб, бахтсизлик юкини тортиб эътибордан қолиши,
ўзгаларга тобе, қул ва асир бўлиши болаликдан ўз ота-оналаридан олган
тарбияларига боғлиқ».
Шундай экан, фарзанд тарбияси учун ота-оналар масъул эканлигини
унутмайлик, баъзида шахсий машинасини техник назоратдан ўтказишга, уни
ювиб-тозалаб бошқаришга вақт топаётган инсонларнинг таълим
муассасаларидаги ота-оналар йиғилишига бормаётганлиги, фарзандларини
тибиий назоратдан ўтказишга беэътибор қараши, кундалик дафтаридаги
баҳоларини назорат қилмаслиги, нега ўқишдан кеч келиши билан
қизиқмаётганлиги каби ҳолларни кузатиб ҳайрон қоласан, киши. Улар ўз
фарзандларига ибрат кўрсата олса, намунали оилалар билан ўзаро тажриба
алмашиб борса, бола тарбияси ҳақидаги асарлардан баҳраманд бўлиб борса
кутилган натижага эриша олади. Бунинг учун эса:
— мактабларда ота-оналар университети фаолият кўрсатишга эришиш;
— ҳафтада бир марта ўтказилаётган тарбиявий соатларнинг таъсирчанлигини ошириш;
— ибратли оилаларнинг тажрибасини ўрганиб, уни кенг тарғибот-ташвиқот қилиш;
— мактаб, оила, маҳалла ҳамкорлигини янада такомиллаштириб бориш лозим, деб ўйлаймиз.