Четверг, 21.11.2024, 22:50
ZERIKISHDAN UMID UZ!!!
 
Меню сайта

Категории раздела
Yangiliklar
Shou biznes
Tibbiyot
Ilm-fan
Telekomunikatsa
Xorij habarlari
Qiziqish hobbi
Tabiat
Oila va jamiyat
Sheriyat
Sport
Sevgi
Elyor Temirov
Foydali maslahatlar
Hikoyalar
Obidjon Obidov
EURO 2012 FOTO
Kashfiyot
Suxbat

Мини-чат
200

Наш опрос
Saytimizga siz qaysi shaxar hududidan kirasiz?
Всего ответов: 249

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2012 » Март » 6 » Оддий воқеа
10:02
Оддий воқеа
Ёшинг улғайгани сайин ташвишларинг ҳам «катталашиб» боравераркан.
Яширишга на ҳожат. Одам боласи ҳамиша ўзини «ёшман» деб, елиб-югуриб юраверади. Бир маҳал қарасаки, кечагина кўчада шаталоқ отиб юрган ўғилчаси бўйи ўзига етиб, уйланадиган бўлиб қолибди.
Кечагина «Болалар боғчаси»га етаклаб борган жамалаксоч қизчаси бугун институтни битиряпти...
Нимаям дейсиз? Бирини уйлантириш, иккинчисини узатиш керак. Бу бурч дейиладими, ота-онанинг фарзандлар олдидаги ҳаққи, вазифаси ҳисобланадими, ҳар қалай, турмушнинг ёзилмаган «темир қонуни!».
Бирёқда иш. Тонготардан кунботаргача тирикчилик кўйида ғимирлаб юрасан. Уйинг ҳам «гастинса»га айланиб қолгандек туюлади. Бирёқда уй-рўзғор ташвиши. Қозон-товоқ, сигир-бузоқ дегандек...
Хуллас, қайси бир машҳур қўшиқда айтилганидек, «умр ўтавераркан дарё мисоли...».
Очиғини айтсам, кейинги пайтларда бизда ҳам шунақа бўлиб қолди. Мактабни битиргач, ким ўзини ўқишга, ким ишга уриб кетди. Бир вақтлар «Бир умр бирга бўламиз. Тез-тез кўришиб турамиз. Бир-биримизни унутмаймиз», деган гаплар ҳам болаликнинг ўша, олис чанг кўчаларида қолди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Ҳеч ким ўзидан ортмайди.
Собиқ синфдошлардан тўрт кишигина шоирлар айтмоқчи, «дўстлик ришталари»ни сақлаб қололдиг-у, лекин бу ҳам узоққа бормади. Яна бир-биримизни йўқотиб қўйдик.
Яқин-яқингача, мактабда муаллимлик қилиб, ҳозирда коллежда директор бўлиб юрган Тешани бир кўрганимда танимай қолибман. Ҳадеб «Одам ҳам шунақа ўзгариб кетадими? Ўша, ўзимизнинг Тешавойми?», дейман ўз-ўзимга.
Тарвуздек юм-юмалоқ. Оқ оралаган сочлари сийраклашиб, пешонаси очилиб қолибди. Кўзида кўзойнак. Бўйнида галстук. Қўлтиғида ўзидек семиз сумка. Савлатидан от ҳуркийди...
Қудратни-ку, умуман таниб бўлмайди.
Бир гапириб, икки кулиб турадиган шалпангқулоқ йигитча юз-кўзларига ажин тўр ташлаб, қовоғи солиқ, жиддий киши бўлиб қолибди.
Катта бир идоранинг бошлиғи. Важоҳат зўр. Тагида «хизмат машинаси». Назарингда, ҳамма унинг бир оғиз гапига мунтазир бўлиб қараб турганга ўхшайди...
Эгнида яп-янги костюм-шим. Димоғ баланд. Сен билан гаплашади-ку, қулоғида «сотка». Ўта банд, ўта серташвиш, гўё бутун оламнинг бор ташвиши унинг елкасида тургандек тутади ўзини.
Ким билсин, балки ўзим ҳам бошқаларнинг кўзига шунақароқ кўринарман? Ҳар қалай, менинг ҳам ўзгарганим аниқ. Аввалги «романтика» йўқ, чўнтагимдаги пулимдан тортиб, ҳар бир дақиқамгача ҳисоб-китоб қилиб юрадиган бўлиб қолганимни ўзим ҳам биламан.
Қачонлардир ана шу «улфати чор» вақт топиб, баъзан чойхонада дўппидеккина ош дамлаб ўтиришлар, баъзан ишдан кейин ё дам олиш кунлари бирон қаҳвахонада пивохўрлик қилиб юришлар қайда? Олис ва яқин, ширин бир тушга ўхшайди.
Дарвоқе, «улфати чор» деганимга ҳайрон бўлаётгандирсиз-а? Ҳақиқатан ҳам биз тўрт оғайни ботирлар эдик.
Тўртинчи улфатимиз Собиржон эди.
У бизга ўхшаб «Институтда ўқийман», демади, «Фалон жойда ишлайман», деб югуриб-елмади. Бошқачароқ қилиб айтганда, «шляпа ҳам киймади, галстук ҳам тақмади, ҳашаматли хонада, баланд креслода ястаниб ҳам ўтирмади». Оддий ҳайдовчи бўлди, холос. Ўзи болалигиданоқ темир-терсакка ўч, мактаб партасида ўтирган пайтларидаёқ «ғинғиллаб», «би-бип»лаб ўтиргувчи эди. «Бола бошидан», деганларидек, охири шофёр бўлди.
Қизиғи шундаки, биз тўрттовимиз ҳам ким бўлишимиздан қатъи назар бир-биримизга муносабатларимиз ўзгармади. Ҳали-ҳамон «сенлашиб» гаплашар, ҳар бир учрашувимиз нақ байрам бўлиб кетарди.
Аммо бу «байрам»лар ҳам узоқ давом этмади. Юқорида айтганимдек, ҳамма ўзининг қувончу ташвишлари билан андармон бўлиб, учрашишга ҳам қўлимиз тегмай қолди.
Орамизда фақат ана шу Собиржонгина оқибатлироқ чиқди, холос. Ёлғиз угина йўли тушганда юк машинасини буриб, ё мени ё бошқа оғайниларимизнинг уйига ёки ишхонасига мўралаб, ҳол-аҳвол сўраб турарди. Кейинги пайтларда у ҳам кўринмай қолди ва тўғрироғи, ўзимиз бехабар олдинда кутаётган маъюс ва ғамгин воқеалар шундан кейин бошланди...
Бир куни «Собирнинг мазаси йўқ эмиш», деб эшитдим-у, унчалик эътибор бермадим. «Иссиқ жон. Нималар бўлмайди», деган хаёлларга бордим.
Шу тахлит кунлар ўтди. Очиғи, бу ҳақда унутиб ҳам юбордим. Бу орада беш-ўн кун хизмат сафари билан вилоятларга чиқиб кетдим ва келган куним кимдандир «Собиржоннинг касали жиддий эмиш», деган хабарни эшитдим. Шу куниёқ Қудратга қўнғироқ қилдим.
-Да-а... эшитмабман, чатоқ бўпти...-деди катта идорада «каттакон» бўлиб ишлайдиган оғайнимиз ҳамдард оҳангда.-Кейинги пайтларда кўп-кўп ичяпти, деб эшитардим. Ароқ филниям йиқитади. Мана, резултат!..
-Нима бўлгандаям яқин оғайнимиз... Бир бориб кўриб келамизми?-сўрадим ундан.
-Майли... Тешабой Турсунович билан бир боғлан! Бирон гап бўлса, мен ўзимдаман. Вақт топиб ўтиб келамиз!-деди у «гап тамом» деган маънода.
Аммо Қудратнинг «вақт топиб, ўтиб келишга» имконияти бўлмади. Мен эртасигаёқ Тешага қўнғироқ қилиб, аранг топдим. Қанақадир мажлисга кетган экан.
-Қўйсанг-чи,-деди коллеж директори бўлиб ишлаётган биродаримиз.-Қайси куни кўчада синглисини кўргандим. «Йўқ, яхшилар. Жигарлари сал шишибди», дегандек бўлувди. Ваҳима кўтаришнинг ҳожати йўқ. Уйигами, касалхонагами вақт топиб, бир ўтиб келармиз!..
Аммо бу ният ҳам амалга ошмади. «Каттакон» оғайнимиз Қудрат хизмат сафари билан ўн кунга чет элга кетди. Кутишга тўғри келди...
Мен эса ишга бориб, ишдан келиб юравердим-у, негадир барибир кўнглимнинг бир чеккаси ғаш, дўстимиз Собиржонни бир бориб кўриб келмаётганимиздан хижолатда эдим.
Ҳатто, бир куни туш ҳам кўрдим.
Тушимда тўрт оғайни қандайдир дарё бўйида улфатчилик қилиб ўтирган эмишмиз. Ҳамма хурсанд, еб-ичиб, нарда ташлаб, оёқни узатиб дам олармишмиз-у, фақат Собиржонгина хомушроқ кўринар, маъюс бир ифода қотиб қолган кўзларини бизга тикканча, жимгина сигарет тутатиб қараб турганмиш.
-Нега хода ютгандек қаққайиб турибсан?-дебман унга.-Ўтир! Ароқдан ич, нарда ўйна! Кабобдан ол!
-Йўқ, раҳмат,-дебди у бош чайқаб.-Томоқдан ҳеч нима ўтмаяпти... Шундоқ сизларга қараб... дийдорларингга тўйиб олгим келяпти...
Бу гапни эшитиб оғайниларимга маъноли қараб қўйибман-у, аммо уларнинг парвойи фалак ўтиришганини кўриб, ўзим ҳам ортиқча эътибор бермабман.
Шундан кейин қийқиришиб чўмилибмиз. Собирни ҳам судраб дарёга олиб тушибмиз ва шу пайт у шарқираб оқаётган сув ичида кўздан ғойиб бўлиб қолибди. Тоза бақир-чақир қилиб қидирар эмишмиз. Йўқ!..
«Собир!.. Со-бир-жо-он!..», дея қичқириб уйғониб кетдим...
Қисқаси, яна бир-бирини қувалаб кунлар, ҳафталар ўтди.
Ахийри бўлмади. Собирнинг уйига қўнғироқ қилдим. Негадир гўшакни ҳеч ким олмади. Кўнглим баттар ғашланди. Теша билан боғландим. У «Бўпти, Қудрат билан гаплаш. Ишдан кейин бирров ўтиб келамиз», деди.
Лекин шу куни Қудратнинг вақти бўлмади. Ишхонасидаги бухгалтер аёлнинг юбилейи экан. Узрини айтди. «Раҳбар сифатида ўша ерда бўлиши керак» экан. Учрашувимизни бошқа кунга қолдиришга тўғри келди.
...Ва орадан уч кун ўтгач, уч оғайни бир амаллаб вақт топиб, бозор қилиб, ишдан кейин Собиржонникига ўтдик. Бахтга қарши у ҳамон касалхонада ётган экан. Қизи бизга «отасининг хасталиги оғирлашиб қолганини» айтиб, йиғлаб юборди. ўоят мутаассир бўлиб, ғалати аҳволда ортимизга қайтдик...
Эртаси иш, ташвишлар билан бўлиб яна қўлимиз тегмади. Индини сўраб-суриштириб касалхонага бордик. Бахтимизга кўчада дори-дармон солинган елим халта кўтариб бораётган Собирнинг хотини учраб қолди. У ҳам эрининг эски қадрдонларини кўриб, ўзини тута олмай йиғлаб юборди. Тасалли беришга ҳаракат қилдик.
Собиржоннинг муштдеккина бўлиб қолган кекса онаси билан укаси ҳам шу ерда, касалхона ҳовлисидаги пастаккина скамейкада ўтиришган экан. Ҳол-аҳвол сўрашдик. Собир реанимация бўлимида ётган экан. Ёнига киритишмади. Қудрат касалхона раҳбарлари билан гаплашгани кетди-ю, зум ўтмай паришон бир аҳволда қайтиб келди. Теша икковимизга «Собирнинг жуда мазаси йўқ дейишяпти», деб шивирлаб қўйди. Унинг оқарган юзига, титраб турган дўрдоқ лабларига қараб қотиб қолдик.
Шу пайтгача дўстимизнинг ҳолидан бирон марта хабар ололмаганимиздан, оғир кунларида ёнида бўла олмаганимиздан ниҳоятда ноқулай аҳволда эдик.
Собирнинг кампир онаси бўлса, ҳадеб дуога қўл очади, бизни алқайди.
-Бир ҳафта олдин болам бечора анча тузук эди. Ёнига олиб киришувди,-деди у кўзлари ёшланиб.-Сизларни эслаб кўп гапирувди... Тез-тез хабар олиб турганларингни айтди. «Ҳеч нимадан хавотир олманглар. Теша бор, Қудрат, Элдор бор. Хабар олиб туришибди. Ҳеч нима керак эмас», девди... Илоҳим, барака топинглар! Ўртанглардаги ана шу меҳр-оқибат йўқолмасин! Собиржоним тузалиб кетиб, яхшиликларингда қайтарсин!..».
Мен «ялт» этиб Тешага қарадим. Теша Қудратга... Ўртага таранг бир жимлик чўкди. Шу лаҳзаларда бир-биримизнинг кўзларимизга қарай олмас, бунга журъат ҳам эта олмасдик.
Ана шу лаҳзаларда серсавлат Теша ҳам, «каттакон» Қудрат ҳам кўзимга жуда майда кўриниб кетгандек бўлди...
Мен ҳам уларга қумурсқадек кўринганим аниқ. Ҳар қалай, бу жуда ачинарли, хунук ва совуқ бир манзара эди. Энг даҳшати, биз на бир-биримизнинг, на оғайнимизнинг бизни дуо қилаётган онасини, маъюс укаси, ғамбода хотинининг кўзларига қарай олмасдик. Аммо ўзимиздан ўтганини бир-бировимизга сездирмасликка уринардик, холос. Зеро, бошқа иложимиз ҳам йўқ эди...
***
...Эртасига Собиржоннинг реанимация хонасида ҳуши ўзига келмай вафот этгани ҳақидаги совуқ хабарни эшитдик. Юрагимнинг бир парчаси узилиб кетгандек, ичим ҳувиллаб қолгандек бўлди.
Тешанинг олдига югурдим. Икковлашиб дўстимизнинг жанозасида қатнашдик. Аммо бу ҳам хижил кўнглимизга таскин бера олмади. Қадрдонимизнинг сўнгги кунларида бир марта бўлса ҳам бориб кўрмаганимиз, кўнгил сўрай олмаганимиз армони ҳамон юракларимизни ўртаб турарди.
Тешани билмадим-у, аммо менинг қулоқларим тагида раҳматли Собиржоннинг кекса онаси айтган гаплар жаранглаб турарди:
«Болам бечора сизларни эслаб анча гапирди. Теша бор, Қудрат, Элдор бор. Хабар олиб туришибди», деди...».
Яна бир хунук нарса, Қудрат жанозада қатнашолмади. Идорасига худди шу куни чет эллик меҳмонлар келган, уларни шаҳар айлантириб, диққатга сазовор жойларни кўрсатиб юрган экан...
***
«Бу жуда оддий, туриш-турмушимизда учраб турадиган ҳодиса-ку», дерсиз?
Балки шундайдир? Лекин, ана шундай - бир қараганда кўз илғамас оддий воқеа-ҳодисалар ҳам бир умр юрагингга ўрнашиб, хотирангга муҳрланиб қоларкан.
«Нега?», дейсизми? Чунки, мен ана шу, сиз юқорида ўқиган воқеаларни ҳам мана энди, орадан 20 йил ўтгач ёзяпман. Сабаб – яна ўша, қўлим тегмади...
manba: okay.uz
Категория: Oila va jamiyat | Просмотров: 1100 | Добавил: Admin | Рейтинг: 0.0/0
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Март 2012  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024Создать бесплатный сайт с uCoz