Наш опрос |
|
Статистика |
Онлайн всего: 1 Гостей: 1 Пользователей: 0 |
|
Главная » 2012 » Октябрь » 15 » Ноламсан...
|
...Кўнглим нотинч... Баҳор ёмғири ювиб ўтган йўллардан аста одимларканман, фасли хазондан ёд қолган япроқлар бир-бир шамолда чайқалиб, йўлларимни тўса бошлайди. Баҳор бағрида... хазон! Бу хазонлар менга яна сиздан сўз оча бошлади, яна сизнинг ҳаёлларингиз сари етаклади: жони соғмикин, ожизгина юраги нотаниш бир қизнинг исмини айтиб, уриб турганмикин? Ўзга сарҳадлар чегаралаган олис мамлакатда сиҳатига сафарбар қилинган совуқ тиғнинг заҳрига бардоши етармикин? Бу шамоллар, бу эпкинлар бунчалар совуқ бўлмаса? Негадир кўзларимга ёш қуйилиб келяпти. Лабларимни қаттиқ тишлаб, юрагимда кўтарилган оғриқ исёнини босишга уринаман. Бекор... шу қадар ожизманки, кўз ёшларимни тутишга-да қудратим етмайди. Журъатим етмайди. Шу лаҳза имконим бўлса-ю, сизга қўнғироқ қилолсам, соғинч нафаси сезилиб турган овозингизни эшита олсам... Гарчи, кўнгил уйингиз эшикларини мен учун буткул ёпган бўлсангиз-да, доим кўзларингизда менга интизор нималарнидир кўрардим. Умид, илинж, чорасизлик... Билолмасдим. Изн бермасдингиз қалбингиз осмонини қоплаган қора булутларни тарқатишга. Уларнинг кўланкасида ниманидир мендан яширишга, сир тутишга уринардингиз. Дод солиб юбормаслик учун қаршингизда лабларимни тишлаб яшашга мажбур қилгандингиз... Кунларнинг бирида тоқатим китоби сўнгги саҳифага етди: - Нега бунчалар узоқдасиз? – (ҳаё чегарасидан ярим одим ўтган бўлсам-да!) - Тақдир ҳукмига бўйсуняпман холос... - Инсон тақдирини ўзи яратади ахир! – туйғуларингизга шубҳа қилишга ўзимни ҳақсиз сезаман. - Мен ҳам ўз тақдиримни яратишга уриняпман. - Тошюраксиз! – кўзёшларимни яшириш учун сиздан юзимни ўгираман. - Қанийди, тошюрак бўлганимда... – изимдан оҳиста пичирлайсиз. Йўл бўйи кўз ёшларимни тия олмай, аламли ўйларга эрк бераман. "Бўлди, бас! Ортиқ исмингизни тилга олмайман! Ортиқ қўнғироқ қилмайман! Сиз юрган йўллардан юрмайман... Етар шунча хўрликлар! Ҳар куни дуч келганим – умидсиз нигоҳларингиз, ҳароратсиз сўзларингиз, ўзингиздан ҳам сир тутадиган ўша совуқ сўз... Мени ёлғизлик денгизига ғарқ этиб бўлдингиз!” Рангсиз ўта бошлаган кунларимнинг бирида опангизнинг қўнғироғи дарди-дунёимни зулматга кўмди: энди барчаси аён эди... Нега ахир?! Нега мендан яширдингиз? Ўша дамда юрагингиз тошга айланиб қолишини, ҳар қанча хасталикни енгиб ўтишга иродангиз етишини қанчалар истаганимни билсангиз эди... Ёнингизга боришга юзим қора-ю, журъатим нолон эди. Ҳар тоатимда Худойимдан сизни асрашини сўраб, илтижо қилардим. Ниҳоят... Ниҳоят улар сизни олиб кетадиган кун келди. Сизни кузатгани чиқолмадим. Сўнгги кун. Сўнгги дийдор. Сўнгги... Шу сўзга рўбарў келишдан қўрқдим. Йўқ, барибир кўнгил устунлик қилди. Югурдим. Сизни яна бир кўриш илинжида, кўзларингизда ўша ўзим соғинган умидни кўриш илинжида... Етолмадим... Темир қанотли оқ қуш самога кўтарилди. Кечадан буён Худойимга ёлвораман: "Бор дунёларнинг соҳиби, тирикликнинг сабабчиси, кўкни замин қошига соқчи қилган зот! Дунёингда заррача адолатинг бўлса, унинг дардини олиб, менга бер! Токи, у бугун тонгда ҳушҳол кўз очсин. Дунёларга ҳавас билан боқсин. Нурини йўқотган ҳаётига ранг бер! Эвазига унинг жонини тирнаб ётган азобларни менга рўпара қил...” Тонгга яқин кўзим илинади. Гўзал тушлар кўраман. Сизнинг истиқболингизга шошиламан. Ва ногоҳ бевақт қўнғироқ овозидан уйғониб кетаман. - Мен, тошюракман... - ... – йиғидан ўзимни тутолмайман. Севинч ёшларининг асирасига айланаман. - Йиғлама! Тез кунда қайтаман. - Соғ бўлсангиз, менга шунинг ўзи кифоя... - Сени тушимда кўрдим... - Ўзингизни уринтирманг, сизга мумкин эмас... - Менга ҳеч нима бўлгани йўқ. Тошюракман-ку! - Ҳадеб эслайвераркан-да... - Жиннивой! - Тонг отяпти. Қуёш чиқяпти. Бирам чиройли манзара... - Бу ерда ҳали тонг отмади. - Майли, қайтганингиздан сўнг гаплашармиз. Ўзингизни эҳтиёт қилинг... - Сен ҳам ўзингни эҳтиёт қил. Мен учун ҳам! - Кўришгунча... – алоқа узилган бўлса-да, анча пайтгача телефонни бағримга босиб туравераман. Кутилмаганда юрагимда санчиқ туради. Мен эса... Табассум қиламан. Лабларим эса биргина сўзни пичирлайди: "Ўзингга шукр, Худойим... Нолаларим сенга етди!”
Асрларга чўзилади тун... Юрагимда симиллар оғриқ... Сокин эртак бошлабон очун, Ширин тушга кўмилар борлиқ...
Шу бир ҳаёл - менга етакчи, Ва борлиги - борлиқ борлиги... Изларига кўз тутдим, гарчи - Пешонада видо ёрлиғи...
Юрагимга кафтимни босиб, Юрагида оғриқ - туяман... Ҳақ оташни билса муносиб - Унинг ўтда ўзим куяман...
Тилайманки, жони соғ бўлсин, Тикан кўрса - бағримда ханжар... Дард билмасин, шодлигим билсин, Билмасин, дард - ханжарин санчар...
Хушҳоллигин кўрсам - бўлгани, Шу бир куним ўтар-да... Mайли... Дунёимга ўт кетган мани - Қўлим етмас орзу туфайли...
Эртагингни бошла, эй, очун, Тонгда зорим кўз очсин шодон... Не бўлса ҳам... Уни мен учун - Паноҳингда асра, Художон!!!
Алияхоним ижодларидан
|
Категория: Hikoyalar |
Просмотров: 1265 |
Добавил: Admin
| Рейтинг: 0.0/0 |
|
|
|