Умидли дунё... Ҳатто энг тўкин ҳаёт кечирадиган одамларнинг ҳам қалбида қандайдир орзу-умидлар бўлади. Ва албатта ҳар биримиз орзуларимиз тезроқ амалга ошишини истаймиз. Афсуски, уларнинг ҳаммаси ҳам рўёбга чиқавермайди. Хўш, орзуларимиз армонга айланмаслиги учун нима қилишимиз керак? "Энг муҳими ишонч” дейишмоқда мутахассислар. Ҳа, аввало орзуларга ета олишингизга чин қалбдан ишонишингиз керак.
Инкорни инкор қилинг!
Бу усул амалий психологиянинг таркибий қисми бўлиб, фанда нейролингвистик дастурлаш (НЛД) деб номланади. У орқали сизни қийнаётган кўп саволларга жавоб олишингиз, ҳаётингизни ўзгартиришингиз, катта ютуқларга эришишингиз мумкин. Бу усул асосан сўзларни тўғри ишлатишга асосланган. Унга кўра, инкор этувчи фикрлардан узоқлашинг. Грамматикада "феълнинг бўлишсиз шакли” дея ном олган фикрлардан ўзингизни сақланг.
Оддий мисол: болага бирор ишни "қилма” десангиз, атайин шу ишга қизиқиб қолади. "Бақирма”, "тегма”, "йиғлама” сингари буйруқлар кўпинча тескари самара беради. Демак, "касал бўлмаслигим керак” деб эмас, "соғ-саломат юришим керак” деб ният қилишимиз яхшироқ самара беради. Ўзингизда етишмаган жиҳатлар (уй, оила, иш) ни худди бордек тасаввур қилинг ва ўзингизни ана шу жараёнга тайёрлаб боринг.
Бошмалдоқни букиб қўйсангиз бас...
Ниятингиз амалга ошгудек бўлса, худди ўша фурсатни яхшилаб эслаб қолинг. Масалан ўша пайтда қандай кийимда бўлганингиз, ўша онда қалбингиздан қандай туйғулар кечгани, ташқарида ҳаво қандай бўлганини ёдда сақлаб қолинг ва айни ўша дамда бошмалдоғингизни букиб қўйинг. . Хуллас, худди ўша лаҳзани тезда хотирада жонлантириш имкониятини вужудга келтиринг. Бу машқни кутилмаган совға олганингизда, ҳаётингизда бирор катта қувончли воқеа юз берганда ҳам такрорлашингиз мумкин.
Янги истак пайдо бўлганида яна бошмалдоғингизни букиб қўйсангиз бас, ўз ўзидан орзуйингиз рўёбга чиқишига ишончингиз орта боради.
Яхши жиҳатларни қидиринг!
Машҳур эзотерик олим Вадим Зеланд худди шундай фикрда. Ўзингизни кучли ва ҳар ишда қодир деб ҳисобланг. Эсингизда тутингки, дунё айнан сизнинг тасаввурингиздаги нарсалардан таркиб топади. Агар сиз "атрофимда фақат ёмон одамлар тўпланган” деб ўйласангиз, демак улардан ростдан ҳам ёмонлик келади.
Имкони борича ҳар қандай вазиятнгинг яхши тарафларини ўрганишга интилинг. Биро муаммога дуч келсангиз, иложи борича "минус” жиҳатларга катта аҳамият бериб юборманг. Дейлик, таътил пайтида бирор ёққа учиб кетолмадингиз. Бундан сиқилманг. Аксинча бунинг хайрли тарафларини топишга уриниб кўринг. Балки, учиб кетмай тўғри қилгандирсиз? Бошқа ишларни битириб олиш учун имкон туғилгандир?
Нима қилмоқ керак?
Дейлик, сиз кутаётган автобус келмаяпти. Сиз эса, ишга кечикяпсиз. Шубҳалардан йироқлашинг ва сиз кутган автобус ҳозирнинг ўзида етиб келишига ўзингизни ишонтиринг. Одамлар, истаклар, вазиятлар, нарсаларга бўлган муносабатларингизни имкони борича яхши тарафга ўзгартиринг. Шунда кўз олдингизда бошқача манзара намоён бўлади.
Шу билан бирга яқинларингизга берган меҳрни ўзингиздан ҳам дариғ тутманг. севинг. Шунда бошқалар ҳам сизни севишади. Ҳамма нарсага кучим етади, деган фикр билан яшанг.
Истаклар кўплиги зарарлими?
Ҳинд донишмандларининг фикрича, орзулар қанча кўп бўлса, одам шунча кўп қийналади. Ростдан ҳам, агар бирор истагингиз амалга ошмаса, қанча сиқиласиз, эзиласиз. Шу боис истакларга қаттиқ боғланиб қолманг, улар сизнинг жуда катта руҳий ва ижодий куч-қувватингизни сўриб олади. Масалан сиз уй сотиб олмоқчисиз. Ҳар доим шу ҳақда ўйлайсиз, руҳий ва жисмоний куч-қувватингиз шунга сарфланади. Бу орзу амалга ошса хўп-хўп, ошмаса-чи?... Қанча асабийлашасиз, соғлигингизни йўқотасиз.
Одатда истаклар икки хил: инсоннинг шахсий эҳтиёжлари ва бошқаларнинг бахтли ҳаёт кечиришига қаратилган бўлади. Худбин орзуларнинг амалга ошмаслиги кўп ҳолларда руҳий зўриқиш ва изтиробларга сабаб бўлади. Олижаноб орзулар эса, ҳамиша инсонларга бахт, қувонч хурсандчилик олиб келади. Чунки, улар рўёбга чиқса, атрофдагилар шодлигига шерик бўласиз. Аммо уларнинг амалга ошмаслигидан ҳам кўп нарса йўқотмайсиз. Зеро, ўз бахтини ўзгаларнинг бахтиёрлигида кўрган одам чинакам бахтлидир, деб бежиз айтишмаган.
Орзуларингизни ёзиб боринг
Маълумотларга кўра, инсон миясида бир кунда ўртача 60 мингта ғоя ва фикр пайдо бўларкан. Шу боис энг зўр ғоя ва фикрларни дарҳол бирор ерга қайд қилиб қўйинг. Бўлмаса, тафаккурингиз уларнинг барчасини сақлаб қўйишга ожизлик қилади. Бирор орзуни қайд этдингизми, албатта унга илова ҳам қилиб қўйинг: "мен бу ишни албатта қила оламан, кучим етади, ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўта оламан!”.