"Система" компанияси директорлар кенгаши раиси ва унинг асосий мулкдорларидан бири Владимир Евтушенков қатор ОАВда тарқалган хабарларни рад этиб чиқди. Унинг сўзларига кўра, "МТС-Ўзбекистон” мобил алоқа оператори бош директори ҳеч қаёққа қочиб кетмаган. "Буларнинг бари сафсата", - дейди "РИА Новости”га жавоб берган Евтушенков.
Эслатиб ўтамиз, яқинда қатор Ўзбекистон ва Россия ОАВларида "МТС Ўзбекистон” бош директори Бехзод Аҳмедовнинг иш фаолиятида қонунбузилишлар аниқлангани учун мамлакатдан чиқиб кетгани ҳақидаги хабарлар тарқатилганди. Бироқ ушбу хабарлар на ҳуқуқ-тартибот органлари ва на "МТС” томонидан тасдиқланмаган. Манба: ria.ru