Кеча Мисрнинг Поtрт-Саид шаҳридаги футбол стадионида юз берган тартибсизликлар
оқибатида 77 киши ҳалок бўлди. Бунинг ортидан мамлакатда уч кунлик
мотам эълон қилинди. Маҳаллий «Ал-Масри» ва Қоҳиранинг «Ал- Аҳли»
клублари ўртасидаги ўйиндан сўнг мухлислар олушиви бошланиб кетган.
Тахминларга кўра, бунга биринчи таймдан кейин «Ал-Аҳли» мухлислари илиб
қўйган ҳақоратомуз плакат сабаб бўлган. Ўйин тугашини билдирувчи ҳуштак
чалиниши билан 3:1 ҳисобида ғолибликни қўлга киритган «Ал- Масри»
жамоасининг мухлислари майдонга отилиб тушишган. Улар нафақат рақиб
жамоанинг мухлисларини, балки футболчилар ва мураббийларни ҳам
дўппослашган. Айрим мухлислар пичоқдан, баъзилари пиротехникадан
фойдаланган. Стадионда ёнғин келиб чиққан. Полиция
тартибсизликларга деярли аралашмаган, фақат қоҳиралик футболчилар ва
уларнинг мухлисларини махсус машиналарда олиб кетиш билан шуғулланган. Сўнгги маълумотларга қараганда, тартибсизликлар оқибатида 77 киши ҳалок бўлди, 250 киши турли даражада жароҳат олди. Ички ишлар вазирлиги тартибсизликларда қатнашган 47 кишининг қўлга олинганини маълум қилди.
Порт-Саид губернатори ва хавфсизлик бошқармаси бошлиғи истеъфога
чиқарилди. Миср футбол федерацияси эса навбатдаги барча ўйинларни бекор
қилди. Бугун Қоҳирадаги Таҳрир майдонига юзлаб кишилар йиғилиб,
майдонга олиб келадиган йўлларни беркитиб қўйди. Улар хавфсизлик
кучларини Порт-Саиддаги воқеаларга атайин аралашмаганликда айбла,
мамлакатнинг ўтиш даврида раҳбари – маршал Ҳусайн Тантовийнинг
жавобгарликка тортилишини талаб қилишди.