Среда, 16.10.2024, 05:19
ZERIKISHDAN UMID UZ!!!
 
Меню сайта

Категории раздела
Yangiliklar
Shou biznes
Tibbiyot
Ilm-fan
Telekomunikatsa
Xorij habarlari
Qiziqish hobbi
Tabiat
Oila va jamiyat
Sheriyat
Sport
Sevgi
Elyor Temirov
Foydali maslahatlar
Hikoyalar
Obidjon Obidov
EURO 2012 FOTO
Kashfiyot
Suxbat

Мини-чат
200

Наш опрос
Saytimizda nimalar koproq bolishini xoxlesiz?
Всего ответов: 124

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2012 » Сентябрь » 28 » Кўрмаганнинг кўргани
13:24
Кўрмаганнинг кўргани

Отамнинг машиналари кўп эди, одамларга ижарага берарди. Шундай ижарачилардан бири синфдошим Тўхтамуроднинг отаси Қодир ака эди. Фалокат оёқ остида деганларидек, қишнинг қорли-қировли кунларида у автоҳалокатга учрабди. Бахтига ўзи омон қолибди, лекин машина дабдала бўлганди. Қодир ака бор-будини сарфлаб, машинани тузатди. Аммо асличалик эмасди. Шунинг учун отам «Машина янги эди, мен тузатилган машинани олмайман, ўрнига янгисини қайтарасан», дебди. Қодир ака тузатилган машинани сотса, ярим пулини қиларкан, қолганига унинг кучи етмаслиги аниқ. Бундан ташқари, Тўхтамуроднинг тўйи яқин, аёли Мастура опа эса касалманд. Шу тариқа ойлар ўтиб кетди. Отамни юмшатиш илинжида Қодир ака бизникига кўп келди. Сўнгги келишида у билан кўришиб қолдим. Унинг чўккан елкалари, ўта тушкунлик ҳукмрон юзларидан жуда ҳайрон бўлдим. Ундан ҳол-аҳвол сўрадим. Мени ўзига яқин олганидан бор гапни айтиб берди. Қулоқларимга ишонмадим. Отамнинг бу иши қачонлардан бери давом этиб келаётган эътирозларимни довулга айлантирди-қўйди. Дарвозахонада менга мўлтираб қараб нажот кутиб ўтирган Қодир акага жуда раҳмим келди. Унга «Шу ерда ўтириб туринг-чи», дея отамнинг олдига – иккинчи қаватга кўтарилдим.
 
Отам ўз хонасида ёнбошлаб ётарди. Олдидаги дастурхондаги идишлар айқаш-уйқаш, кетма-кет бўшатилган ичимлик идишлари думалаб ётарди. Эшикнинг очилиб-ёпилишидан отамнинг кўзлари очилди, сўнг:
 
– Кел, ўтир, – деди.
 
Мен тик турган кўйи сўрадим:
 
– Бу нима қилганингиз?
 
– Нима қилибман?
 
– Қодир ака...
 
– Бу ишларга сен аралашма!
 
– Нега аралашмас эканман?! – кутилмаганда овозим баландроқ чиқди.
 
– Ўғлим, Қодир қарз бўлиб қолди. Бу ялангоёқ остонамга итдек ётиб олганидан безор бўлиб «Форд»ни бергандим. Яна қанақаси, янгиси! Мана оқибат, пачоғини чиқарди.
 
Кўз олдимдан дарвозахонада ўтирган Қодир ака ўтди. Атайин қилибдими, ҳаммаси Худодан.
 
– Нима иш қилаётганингизни тушуняпсизми?
 
– Бор, мени тинч қўй!
 
– Йўқ, кетмайман, одамлар нима дейди? Маҳаллада қандай бош кўтариб юрасиз?
 
Шу ерга етганда отамнинг сабри етмай бақириб юборди:
 
– Тупурдим ўша одамларингга! Ҳаммаси қўлимда ўйинчоқ! Йўқол, кўзимга кўринма!
 
Отамнинг барча қилмишлари кўзимга кўриниб кетди. Ўзимни тутиб туролмадим:
 
– Ким бўлибсизки, одамларга тупурасиз?!
 
Амал қилиб келаётган ва бўйинсунишимиз шарт бўлган ахлоқ-одоб мезонларидан четга чиқиб кетгандим. Отамнинг кўзига тик қарамаслигим, гап қайтармаслигим керак эди. Ушбу дамларда ҳар қандай меъёрларини бир четга йиғиштириб қўйиб, ҳиссиётларим кўрсатмалари бўйича иш кўраётгандим. Балки, мезон сифатида қабул қилинган бу нарсалар ҳар доим ҳам иш беравермас. Яна ким билади, дейсиз. Сўнгги гапимдан отам қутуриб кетди. Вужудидаги бор кучини тилига кўчирди:
 
– Аблаҳ!!! Йўқол!!!
 
Мен пинагимни бузмас, ўзимдан таажжубда эдим. Нега ўзимни бундай тутаётганлигимга ақлим етмасди. Бир томондан, кўз олдимдан Қодир ака кетмасди.
 
– Ота, битта машина билан бойлигингиз камайиб қолмайди-ку! Корхонангиз, ерларингиз, қанчадан-қанча машиналарингиз бор. Кўзингизга темир кўринади-ю, одам кўринмайдими?
 
Бақир-чақирлардан хавотир олган онам ҳаллослаган кўйи югуриб чиқибди, иккимизга бир-бир қараб, журъати етиб-етмай сўради:
 
– Тинчликми?
 
– Манави итга айт, қорасини ўчирсин! – отамнинг таҳдидли овози янгради.
 
Отамнинг ит деганидан хўрлигим келди.
 
– Ит деманг, ота.
 
– Бор, кет!
 
Отам онамга қараб гапира бошлади:
 
– Ўғлингга айт, кетсин!
 
Отам билан келишиш амри маҳол эканини англаб, пастга тушдим. Бақир-чақирлардан қўрқибми, Қодир ака кетиб қолганди. Отамнинг қолган гапларини онам бечора эшитди. Гарчи жаҳл устида айтган бўлса-да, отамнинг сўнгги гапи менга жуда оғир ботди: «Бунака ўғил ўстиргандан кўра ит боққаним афзал эмасми?!» Кўзимга беихтиёр ёш келди. Яна отамнинг олдига кўтарилдим. Отам мени кўриб таъби тирриқ бўлди, хушламай сўради:
 
– Нега келдинг?
 
– Мендан сизга ит афзалми?
 
– Бор, кет.
 
– Ит афзалми?
 
– Йўқол!
 
Бу мен учун сўнгги сўз эди. Индамай пастга тушдим-да, хонамга йўл олдим. Онам ҳадиксираганича мени кузатиб турарди. Нарсаларимни йиғиштирдим. Онам билан хайрлашдим. Воқеадан хабар топган акаларим дарвозахона туришарди. Катта акам истеҳзоли тиржайгандай ҳам бўлди. Уларга индамадим. Онам бечора пиқ-пиқ йиғларди, унга қарашга юрагим дов бермай уйдан чиқиб кетдим.
***
 
Ўша пайтларда магистратуранинг биринчи курсида ўқирдим. Уйдан кетган кундан бошлаб курсдошларимнинг ижарадаги уйида бирга яшай бошладим. Онамни соғинардим, раҳмим келиб, ичимдан зил кетиб юрардим. Онам шўрликка отам ва акаларим кун бермаслиги дилимни оғритарди. Уйда менсиз қолган онамдан хавотирланиб, ўқишга ҳафсалам қолмасди. Икки ой ана шундай эврилишларда ўтди. Ортиқ чидай олмадим. Нарсаларимни йиғиштириб, уйга қайтдим.
 
Қишлоққа етиб келиб, маҳалламизга кириб келганимда Қодир акаларнинг уйи олдида дўппи кийиб, қаторлашиб турган одамларни кўриб вужудим жимирлаб, кўз олдим қоронғулашгандай бўлди. Оёқ-қўлимдан мадор қочиб, уй томон қадамладим. Ичкаридан аёлларнинг айтиб йиғлагани эшитилганда юрагим ёмон нарсани сезиб гупиллаб ура бошлади.
 
Эшик олдида Қодир аканинг қариндош-уруғлари қўл қовуштириб турардилар. Улар мени кўришдию шундоқ ҳам тунд, қайғу кўланка солган юзлари буришгандек бўлди. Аста уларга яқин бордим. Мен таажжубда эдим. Турганлардан бири менга паст овозда деди:
 
– Қодир акадан ажраб қолдик, Анваржон.
 
Бошимга гурзи билан туширгандек бўлдилар. Гарчи гапиргувчи буни паст овозда айтган бўлса-да, уни элу олам эшитгандек эди. Мен нима қилишни билмай каловланиб турардим. Ичкаридан аёллар чиқа бошладилар. Ҳаммаларининг юз-кўзлари йиғидан қизарган, шишган эди. Шу пайт Мастура опанинг кўзи менга тушдию катта-катта очилди. Югура солиб ёқамга чанг солди.
 
– Эримни санлар ўлдирдиларинг! Нега келдинг, нега?!
 
У ёқамдан олиб, силкий бошлади. Атрофда қий-чув кўтарилди. Аёллардан икки-учтаси Мастура опани мендан ажратишга уринди. Уни уйга олиб кириб кетишаётганларида ҳам мени қарғашдан тўхтамасди.
 
Хўрлигим келганидан қўлимдаги нарсаларни ҳам унутиб уйимиз томон югуриб кетдим.
 
Дарвозамиз очиқ турарди. Кўчада қатор-қатор турган машиналар ва уйимизда куймаланаётган одамларни кўриб қандайдир тадбир бўлаётганини англадим. Ҳовлига югуриб кирдим-да:
 
– Ота!!! – дея қичқирдим.
 
Иккинчи қават айвонида отам кўриниш берди. Кўзлари хийла сузилган, юзлари қизарганди. У менга ҳайрон бўлгандек қаради. Афтидан, келганим уни таажжубга солганди. Отамнинг ортида катта акам кўринди.
 
– Нега келдинг? – сўради у.
 
Ўзимни йўқотдим, гапимни эсдан чиқардим. Шу пайт ичкаридан кичик акам кавшанганича чиқиб қолди, ўзи кутмагани ҳолда менга кўзи тушди. Менга ортиқ эътибор бермай отамга деди:
 
– Сизни ичкарида чақиришяпти.
 
Отам бош ирғаб қўйгач, менга буюрди:
 
– Бор, онангнинг олдига кир.
 
Бўшашганча онам томон қадамладим. Менинг отам ва акаларимга нафратим ортиб борарди. Маҳаллада бировникига аза келса-ю, уйда хурсандчилик қилишса... Нима дейишга ҳам ҳайрон эдим. Остонада онам шўрлик турарди. Унинг лаблари титрарди. Мени бағрига босди. Кўзимдан тирқираб ёшлар чиқиб кетди.
 
– Нима бўлди? Қодир ака нега ўлди?! – сўрадим анчадан сўнг.
 
Онам рўмолининг учи билан кўз ёшларини артди. Оғир хўрсиниб, гап бошлади:
 
– Ўғлим, Қодир аканг ўзини осиб қўйибди.
 
Қулоқларимга ишонмадим. Онамнинг гапи вужудимни оловдай ўйиб олгандай бўлди.
 
– Нима дедингиз?!
 
– Эшитганинг, ўғлим...
 
– Нега осади?!
 
Онамнинг боши қуйи солинди. Ўтган икки ой ичида унинг кўзлари атрофидаги ажинлари кўпайиб, қуюқлашганди. Бор гапни айтиш унинг учун осон эмаслигини англаб турардим.
 
– Отанг Қодир аканинг бўйнига катта қарз осиб қўйдилар. Сен йўқлигингда келди, худонинг зорини қилди, раҳматли. Отанг юмшамадилар. Ишингни судга ошираман, қаматаман, деб қўрқитдилар, – онам шу ерга келганда йиғлаб юборди. Йиғлаган куйи гапида давом этди: – Бир ердаги одам бўлсак. Қишлоқда нима деган одам бўлдик...
 
Онам ҳақ эди. Отам жуда ҳам ноинсофлик қилганди.
 
Иккинчи қаватдан ҳазил-мутойиба, қаҳ-қаҳалар эшитилиб турарди. Акаларим, келинойиларим хизматкорларга қўшилиб қўллари қўлларига тегмай хизмат килиб турардилар.
 
Зиёфат ярим кечагача давом этди. Шунгача игнанинг устида ўтиргандек эдим. Зиёфат тугагач отамнинг олдига кўтарилдим. Отам мени кўриб нохушланди. Нега келдинг, дегандек менга саволомуз қараб қўйди.
 
– Қодир ака узини осиб қуйибди, – дедим кира солиб.
 
Буни эшитиб отамнинг энсаси қотди. Унинг юзи ўзгаришсиз, маъносиз эди. Унинг учун одамнинг тирноқчалик қадри йўқлигидан ғижиндим.
 
– Бор, бошимни қотирма!
 
– Қодир акани сиз ўлдирдингиз! – деб юбордим ўзим кутмаганда. Нега бундай деганимга ўзим ҳам ҳайрон эдим. Бу гапдан сўнг отамнинг кўзлари катта-катта очилиб кетди. Ўрнидан турди-да, гандираклаганича мен томон кела бошлади. Олдимга келгач:
 
– Нима дединг? Яна бир қайтар! – деди у оғзидан кўпик сачратиб. – Нима дединг, итвачча?
 
– Уни сиз ўлдирдингиз.
 
– Аблаҳ! – отам шундай дея юзимга тарсаки тортиб юборди. Кутилмаган зарбадан йиқилиб тушаёздим. Яна қаддимни ростладим.
 
– Кўзимга куринма!!
 
– Анваржон, болам, отангнинг кўзларига тик қарама, – ортимдан онамнинг ялинган овози эшитилди.
 
– Анвар, ўзингни бос, – катта акам онамга қўшилди.
 
Акам гапиргани етмагандек, елкамдан ортга тортди. Мен унинг қўлларини сидириб ташладим.
 
– Нега ундай қилдингиз! Нега? Нега?
 
Акам мени куч билан меҳмонхонадан олиб чиқиб кетмоқчи бўлди. Мен уни осонлик билан деворга суриб қўйдим. Акам ожизлигини тан олгандай ортга тисарилди.
 
– Бировникида мотам, сиз бўлса ўйин-кулги қиласиз! Уялмайсизми, ота!?
 
Кутилмаганда отам менга ташланди. Бўйнимдан бўғиб олди-да, силкий бошлади. Шунда акам ҳам менга ёпишди. Кичик акам ҳам қараб тургани йўқ. Акаларим отамга иш қолдирмадилар. Қўлларига илинган нарсалар билан дўппослай кетдилар. Қандайдир оғир нарса билан берилган зарба мени мувозанатдан чиқарди. Йиқилдим. Шундоқ бўлса-да, атрофимда содир булаётган воқеаларни идрок этиб турардим. Акаларим мени шафқатсизлик билан калтаклашар, онам эса уларни мендан ажратиш учун чирилларди.
 
Вужудимни ўйиб-ўйиб олаётган, ҳушимни ўзимдан айираётган зарбалардан эмас, акаларимнинг ўз жигарларига, бир қориндан талашиб тушган укаларига қилаётган ваҳшийликлари хўрлигимни келтирарди. Оғир нарса билан ўнг тиззамга тушган зарбадан кўзим ярқ этиб очилиб кетди, оғриққа дош беролмай бақириб юбордим. Шундагина акаларим ўзларига келдилар. Бу зарба кейинчалик бутун умрга асоратини қолдирди. Шундан сўнг қўлтиқтаёққа суяндим.
 
Отамнинг кайфи учиб кетганди. Ерда чўзилиб ётган, инграб, оғриқлардан ҳушини йўқотаётган ўғлига қандай ёрдам беришни билмасди.
 
– Ифлослар! Шундоқ ҳам урасанларми?! Бор, дўхтир чақирларинг! Тезроқ!
 
У ёғига нима бўлганини билмайман, ҳушимни йуқотдим.
***
 
Кўзимни очиб, қаерда ётганимни тушунмадим. Тепамда онам ўтирарди. Назаримда мудраётганга ўхшарди. Атрофга разм солиб, касалхонадалигимни англадим. Танамни қимирлатиб, турмоқчи бўлдим. Бошим оғир, қўлларим ўзимга бўйинсунмасди. Ўнг тиззамдаги оғриққа чидаб бўлмасди, назаримда кимдир пичоқ билан тилаётгандек. Негадир нарсалар хира кўринарди. Нима бўлганини хаёлимда жонлантирмоққа уриндим. Хотирамда содир бўлган воқеалар тиклана бошлади...
 
Ўзимга келганимдан онамнинг боши осмонга етди.
 
– Вой, кўзингни очдингми, болам? Одамни шундоқ қўрқитдинг-а.
 
Икки ҳафта касалхонада ётдим. Онам бир зум бўлсин бошимдан нари кетмасди. Отам бир марта келиб кетди. Келинойиларим кун ора келиб туришди.
 
Гарчи ўзимга келган бўлсам ҳам, кўзларим хира кўрадиган, ўқтин-ўқтин бошим оғрийдиган бўлиб қолди. Қўлтиқтаёққа таяниб юрадиган бўлдим.
 
Уйга қайтган куним отам иккинчи қават айвонида ким биландир иш юзасидан гаплашиб ўтирарди. Мени кўрдию гапини йўқотди. Ўрнидан аста туриб, пастга туша бошлади. Менга яқин келиб:
 
– Келдингми, ўғлим? – деди.
 
Унинг журъати зўрға етиб айтган биргина сўзидаги афсусни сезиб ғалати бўлиб кетдим. Отам менга нисбатан килган ишларига афсус чеккан бўлса керак-да. Унга бош ирғаб ичкарига кирмоқчи бўлдим. Қўлтиқтаёққа таяниб кетиб борарканман, ортимдан қараб қолганини сезардим.
 
Келганимдан хабар топган бўлсалар-да, акаларим мендан хабар олгани киришмади. Балки, юзлари чидамагандир.
 
Келганимнинг учинчи ҳафтаси Мастура опанинг ақлдан озганлигини эшитдим. Бу даҳшат эди. Тўхтамурод ҳам армиядан муддатидан олдинроқ қайтибди. Уни йўқлаб боришга журъатим етмади.
 
Отамнинг эса ишлари ривож топиб борарди. Хорижга вагон-вагон маҳсулотларни юборишда давом этарди. Қаердадир яна қандайдир корхонаси ишга тушибди.
 
Мен уззукун уйда эдим. Кўзимнинг хиралиги ҳали аримаган, бошим вақти-вақти билан оғриб турарди. Ўнг тиззам яхши букилмаганидан қўлтиқтаёққа суяниб қолгандим.
 
Ўқишим ҳам қолиб кетди. Ҳамсабоқларим ўқишни якунлаб, магистр бўлишди...
 
Бир куни азбаройи зерикканимдан кўчага чикдим. Баҳор келган, хамма ёқни гулларнинг бошни айлантирадиган ифори тутиб кетибди. Ўпкамни тўлдириб-тўлдириб нафас олдим. Қаёққа боришни билмасдим. Дабдурустдан калламга Тўхтамуродларникига бориш фикри келиб қолди. Нега бундай қарорга келганлигимни билмасдим. Бир муддат тараддудланиб қолдим. Сўнг қўлтиқтаёғимга таяниб Тўхтамуродларникига йўл олдим.
 
Дарвоза очиқ эди. Илгарилари Тўхтамурод билан шу дарвозахонада ҳолдан тойгунча кураш тушардик. Қумли, кураш тушадиган ер эди-да ўзиям. У вақтларда бу ҳовлида эмин-эркин югуриб юрардим. Раҳматли Қодир ака ҳазиллашиб «Ҳаҳ шайтон, сен ҳам чарчармикинсан-а?» деб қўярди. Тўхтамурод иккаламиз Мастура опа томда қуритаётган туршакларининг адабини берардик. Бир марта жонидан ўтиб кетганидан Мастура опа қўлидаги косов билан қувлаганди. Бизни тутиб бўлармиди? Ўшанда ҳовлини бир айланиб жуфтакни ростлагандик. Хаёлимдан шу ўйлар ўтиб кулиб қўйдим. Шу ўйлар далдасида ҳовлига ўтдим.
 
Ҳовли ўртасидаги супада сочлари паришон Мастура опа ўтирарди. Кўзларини бир нуқтадан узмай, хаёл сураётганга ўхшарди. Унга аста яқинлашдим. Шунда кўзим тушган манзарадан даҳшатга тушдим: Мастура опа бир қўлидан супа четидаги дарахтга узун арқон билан боғлаб қўйилганди. Бақрайиб қолдим. Қаердандир Тўхтамурод пайдо бўлди. Мени кўрдию турган ерида тўхтаб қолди. Мен билан кўришишга иккиланаётганини сезиб турардим. Қўлтиқтаёғимни дўққиллатиб у томон қадам ташладим. Назаримда, у ортга тисарилгандек бўлди. Буни кўриб тўхтаб қолдим. У мендан нафратлангандек кўзларимга тикилиб турарди. Мен ҳам унинг кўзларига бир назар ташладим-да, ортимга бурилдим. Хўрлигим келди.
 
– Анвар! – ортимдан Тўхтамуроднинг овози эшитилди. – Тўхта!
 
Тўхтадим. Шунда супанинг устида ҳаракатсиз ўтирган Мастура опа қимирлаб, ўз-ўзидан гапира кетди:
 
– Анвар ёмонмас! Анвар – фаришта! Отаси ёмон! Отаси ёмон! Отаси кўндаланг тушиб ўлолмайди!
 
Мастура опанинг жазаваси тутди. Оғзидан кўпиги келиб, арқондан қутулиш учун ўзини ҳар ёнга ура бошлади. Тўхтамурод югуриб бориб онасини қучоқлаб олди. Буни кўргани юрагим дош бермай ташқарига югурмоқчи бўлдим. Қўлтиқтаёқларим халақит берди. Уларни икки четга ирғитдим. Югуришга ҳаракат қилдим, аммо ногирон оёғим менга бўйсунмай, юзтубан бўлдим...
 
Ҳеч кимнинг кўзига куринмасликка ҳаракат қилардим. Назаримда, изимдан фалокат изма-из эргашиб юраётгандек эди...
Категория: Hikoyalar | Просмотров: 1504 | Добавил: Admin | Рейтинг: 1.5/2
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Сентябрь 2012  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024Создать бесплатный сайт с uCoz