Халқимизда "Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер
қиладиган ҳам хотин” деб бежиз айтилмаган. Арабларда эса "Ҳар бир улкан
шахснинг ортида аёл туради” деган мақол бор. Одатда янги уйланган
йигитга: "Энди ола хуржун бўйнингга тушди” дейишади. Аслида хуржуннинг
кўзи иккита бўлади, бири эрга, иккинчиси аёлга аталган. Яъни турмушнинг
оғирлигини эр-хотин тенг кўтармоғи керак. Чунки ҳақиқий муҳаббат
бир-бирининг кўзига боқишида эмас, балки икки томоннинг оила фароғати,
тотувлиги йўлида бирдай қайғуришларида намоён бўлади. Аёлнинг эрига
ёрдам бериши, ҳамдард бўлиши оилани мустаҳкамлайди.
Бир оилани
яхши танийман. Эр шаҳар марказида ишлайди. Ҳар куни иш юзасидан кўплаб
одамлар, жумладан аёллар билан мулоқотда бўлади. Истайдими-йўқми гўзал,
кўркам аёлларга кўзи тушади, қалбида уларга нисбатан ҳавас уйғонади.
Лекин ёмон фикрлардан ўзини чалғитади, сабаби у художўй, илмли одам,
ҳалол билан ҳаромнинг фарқига боради.Уйга келиб эса ўз аёлига назар
солади. Аёли уй ташвишлари билан ўралашган. Беихтиёр уни кўчадаги
аёлларга қиёслайди. Афсуски мойиллик тарозуси ўшалар томонга оға
бошлайди. Сабаби улар ташқи қиёфаларига қараган, жозибали кийинган,
хушмуомала. Бу хислатлар эса уйдаги аёлда турли сабабларга кўра
оқсайди. Эр албатта сабр қилади, аммо бу бир йиллик эмас ёки бир неча
йиллар давом этади. Борган сари эркакнинг кўнглида безанган, хушбўй
атир-упа сепган аёлларга нисбатан мойиллик кучаяётганлигини, жуфти
ҳалолига бўлган муносабат сусусайиб бораётганлигини ҳис этади. Аёлига
ҳурмати баланд, оиласини қадрлайди, аммо ўзи истаган гўзаллик,
хушмуомала, назокатни уйдан топа олмайди. Жозибали ҳаромга юришдан ёки
бошқа оила қуришдан ўзни фақатгина яратгандан қўрққани, тақво кучи
билангина ушлаб туради.
Лекин бу куч қанча вақтгача эркакни
ушлаб тураркин? Эътибор, муносабат борасида эркакнинг ҳам кўнгли нозик
бўлади. Аёл киши нафақат ташқи кўриниши, балки оқилалиги, гўзал хулқи
билан ҳам эрни оилага боғлаб турмоғи лозим. Бунинг учун у эркакнинг яхши
ва оғир кунида яқин дардкаши, маслаҳатчиси бўлмоғи керак. Сабр-чидамга
даъват қилиб, тушкунликдан чиқиши учун кўнглини кўтарадиган гаплар
айтиб, янада иродалироқ бўлишга ундайди. Шу йўл билан аёл ўз эрининг
яқин ёрдамчиси, ишончли кишиси бўлиб, уйдаги барча юмушларни тартибга
солиб туради. Ҳаттоки эрининг иш юзасидан бажармоқчи бўлган ишларига
ҳурмат билан қараб, ваъда ва учрашувларини ўз вақтида ўтказишига ёрдам
бериб турса, бу ҳолатда эрни янада уйга боғлайди. Чунки бундай оқила,
доно аёли бор ҳар қандай эркан ўз уйида роҳат-фароғат топади, хузур
кўради. Лекин барча нарса меъёрида бўлгани каби, аёл киши эрининг ҳар
бир катта-кичик, арзиган-арзмимаган юмушларига ҳам аралашавериши яхши
эмас, ҳар бир инсоннинг ўз эрки ва фақат ўзига хос юмуши бўлгани каби,
ҳар бир эрнинг эрки ва ўз иши борлигини унутмаслик лозим.
Улуғ
имомлардан бири Жаъфари Содиқ: "Битта солиҳа аёл ўз эрига етти кун
хизмат қилса, Аллоҳ унинг қаршисидаги дўзахнинг етти эшигини ёпади ва
жаннатнинг саккиз эшигини очади” деган эдилар. Баъзи аёллар итоатни
хору-зорлик, ўзини пастга уриш, мутелик деб тушунадиларда, эрнинг гапини
тан олмайдилар. Бунинг натижасида ўртада тушунмовчиликлар келиб чиқади.
Замон ўзгаргани билан ўзбекчилигимиз, ота-боболаримиздан,
момоларимиздан етиб келган урф-одатларимиз ҳеч қачон ўзгармайди. Баъзи
замонавийликни нотўғри талқин қилаётган аёлларнинг айниб кетишига
уларнинг фақат ўзларигина сабабчидирлар.
Бир аёл эри билан
ажрашиб, вояга етай деб қолган фарзандларини ота-онасига ташлаб Россияга
ишлашга кетяпти. Ногаҳон унинг ким биландир телефонда гаплашаётганини
эшитиб қолдим. "Ўша ерда учрашамиз” деяпти. Мана сизга ўзини
"замонавийман” дея нотўғри талқин этаётган аёллардан бири. Шошқалоқлик,
тез аччиқланиш, талашиб-тортишиш, тирноқ остидан кир ахтариш ва
ўзгаларга ўхшаб ҳаёт кечиришни талаб қилиш каби ишлар аёл кишига ҳеч
қачон обрў келтирмаган. Бундай манманликлар оилавий ҳаётни бузишга олиб
келади холос.