Гарчи
ибодат қилиб турсам-да, даҳшатли қўрқувдан юрагим ларзон. Қизи куёв
гўшангасида қувончли ва шу билан бирга таҳликали илк кечани ўтказаётган
лаҳзаларда ҳеч бўлмаганда, турли-туман шубҳаю гумонларга бориб, изтироб
чекмаган биргина онаизор топилармикан? Илк кечасига қадар бокиралигини
сақлай олмаган қизлар оз дейсизми? Ана шундай қизнинг ота-она,
қариндошларининг покиза номларига қора доғ тушириб, уйига шармандаларча
қайтишидан қўрқмайдиган она қайда бор? Нохуш ҳолатлар юз берганда, эл
ичида бош кўтара олмай азиз Ватанини тарк этиб, ўзга юртларга кўчиб
кетган, мен гувоҳи бўлган бадном оилалар оз эмас.
Шукрки,
бўлажак куёвим ажойиб инсон. Ёши 28да, қизим эса ундан 6 ёш кичик.
Қизимнинг сепи дуруст. Куёвимиз томондан ҳеч қандай эътироз бўлмаслигига
аминман. У биздан нақд 200 рупий олади. Ундан ташқари, берадиган олтин,
бриллиант, кумуш тақинчоқлар ва янги сарполарни айтмайсизми? Бир
нарсага ишончим комил: қизим ғурур билан бош кўтариб, янги оилага
киришга ҳақли. Чунки оилага қашшоқ инсон сифатида кириб бормайди. Қизим
туғилган кундан бошлаб, отаси билан мен унинг сепини ғамлашга
киришганмиз. Уни рисоладагидек узатиш учун ягона ўғлимизни кўп нарсадан
маҳрум қилганмиз. У қўли гул бўлишига қарамай, дурадгорлик асбобларини
олиб бермаганимиз учун устахона очолмай армонда қолди. «Доимо уни
ўйлайсизлар», деб нолийди ўғлим. Ўзи жуда ҳам қайсар, тоқатсиз. Опаси
бир эмас, иккита бўлганда нима қилар эди, деб ўйлайман. Қизим
гўзал эмас, аммо унда уй бекалигини уддалай олиш ва болапарвар она
мақомини оладиган гўзал фазилатлар бор. Cуртмадан ялтираб турган қора
сочлари силлиқ қилиб таралган, юзи ҳуснбузар ва тошмалардан холи. У
қорачадан келган, аммо бу эри учун ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. У
эрига садоқатли бўлиб кўпгина ўғил фарзандларини ҳадя қилса бас.
Пазандалигини айтмайсизми? Ниҳоят,
кутилган кун етиб келди. Эрта тонгданоқ кокосли пальмага осилган
кучланишли радиодан таралган мусиқа бутун қишлоқни уйғотди. Хабарчини
юборишга ҳожат йўқ. Ҳаял ўтмай, меҳмонлар ташрифи бошланди. Бировлар
патнисга пул солса, бошқалар таъзимда турган болаларнинг отасига
совғалар улашмоқда. - Совғаларингиз муҳим эмас, - дейди у назокатли эҳтиром билан. - Сиз азиз меҳмонларни қизимиз тўйида кўрганимиздан бахтлимиз. Ўзим
ёрдамга келган қўшниларимга турфа неъматларни ташиш, столларни оралаб,
меҳмонларни зиёфатга таклиф қилишни буюриб, қизим ёнидан жилмай
ўтирибман. Қизимнинг келинлик либосларига назар соламан. Бошидаги оппоқ
шоҳи ёпинғич жуда узун. Суратга тушиш учун бораётганда, ортидан икки қиз
этагини кўтариб боради. Эгнидаги сари шу қадар жозибалики, унга
қадалган олмос мунчоқларнинг жилосидан кўзлар қамашади. Оёғидаги отаси
шаҳардан келтирган кумуш туфлисига барча ҳавас билан боқади. Аммо
болалигидан далада, деҳқончиликда оёқ яланг ишлашга одатланган қизимга
бу баланд пошнали туфли азобдан ўзга нарса эмас. Шу боис қизим юра
олмаслигини ўйлаб лабларини тишлаб ўтирибди. - Ана, куёв билан қудалар келишяпти, - деди ҳовлиққанича ҳазилкаш аёл. Уларнинг
қўлида гулдаста ва бетель (қалампирдошлар оиласига мансуб ўсимлик,
япроғи сақичдек чайналади) япроқлари билан дхоби (совчи) тўшаган
пояндозни оҳиста босиб келишяпти. Куёв ёнида неча киши келаётганини
билиш учун бетель япроқларини санай бошладим. - Санашнинг ҳожати йўқ. Одамларимиз кўп, -деди куёвнинг тоғаси. Куёвнинг
дўсти менга гулдаста узатди. Куёвга боқар эканман, қалбим ғурур ва
ифтихор билан тўлиб-тошди. У баланд бўйли, сарвқомат, кенг елкали - асл
йигитлардан. У ҳам қизимдек қорачадан келган. Юз-кўзларида меҳр нури
порлаб турибди. Устидаги сарполари нақадар жозибали, ярашиқли. Аммо ҳар
жиҳатдан тўкис куёвимнинг бир камчилиги бор: бир кўзи ғилай. «Ғилай
кўзли инсон бахт келтиради», дейдилар. Авваламбор, у бадавлат ва энг
муҳими, гўзал фазилатларга бой инсон. Бир
вақт ўғлим удумга кўра, поччаси олдига тиз чўкиб, оёқларини юва
бошлади. Бу мулозамат учун куёв қайнисига тилла узук ҳадя қилди. Келин-куёв
никоҳ маросими ўтказиладиган саҳнага чиқдилар. Дхоби саҳнага гуруч
сепишни ҳам унутмади. Келин-куёв саҳнага икки рупийга тенг танга
сочишди. Никоҳ дуоси ўқилгач, дхоби меҳмонлар даврасини ёриб ўтиб,
куёвга етти марта таъзим айлаб, унга бетель япроғини берди. Куёв япроқни
келинга, у эса менга (онасига) узатди. Бу тўй маросимининг энг қизғин
лаҳзаларининг бошланишига ишора бўлди. Қизим 22 йиллик туз-насибали
уйини, ота-онасини тарк этиб, шаҳзодаси уйига кетади. Биз
ота-она ва қариндошлар юзимизда куйдиргидек оққан кўз ёшларимиздан
шўрланган лабларимиз билан қизимизни қучиб, ўпиб хайрлаша бошладик.
Хўрсина-хўрсина кўз ёшларимизни артгач, дхоби энг муҳим вазифани
бажарди. У ғурур ва ифтихор билан оппоқ мато тасмаси - холуни келтиргач,
куёв уни қизимнинг белига боғлади. Тасманинг биргина оппоқ покиза
кўринишиёқ юрагимни қинидан чиқара ёзди. Акам (келиннинг тоғаси)
куёвнинг чап, келиннинг эса ўнг қўлларидаги жимжималоқларини қўшиб,
заррин ип билан боғлаб, тугун устидан сув қуйди. Сўнг учаласи саҳнани уч
марта айланиб чиққач, никоҳ маросими якун топди. Биз
қизимизнинг янги оиласига совға улашишни бошлаб юбордик. Куёвга тегишли
200 рупий, келинга эса олтин, гавҳар, кумуш тақинчоқлар, кийим-кечак ва
ётоқ гарнитур совға қилдик. Совғалардан ҳайратда қолган қуда томондан
кимдир: «Совғалар кутганимиздан ҳам соз ва зиёда бўлди», деб
миннатдорчилик билдирди. - Бўлдиларингми? Чиқайлик энди, - буюрди кимдир. Қизим
кўз ёшлари билан бўйнимга осилди. Иккаламиз бир-биримизни қучиб, бир
вужудга айлангандай бўлдик. Наҳот абадий жудолик бўлса?! Кети
кўринмас автомобиллар занжирида куёв хонадонига бораяпмиз. Бизни
кетма-кет отилган мушаклар остида кутиб олдилар. Ажойиб ноз-неъматлардан
букилган столлар атрофидан жой олдик. Кенг хоналардаги нодир
жиҳозлардан ҳайратда қоласан киши. Бу шоҳона хонадонда қизимнинг бахтли
яшашига шубҳа йўқ. Меҳмонлар катта конвертларда куёвга пул ва қимматбаҳо
совғалар улаша бошладилар. Унинг онаси эса бу манзарани диққат билан
кузатиб турибди. Назаримда, озғин, қош-қовоқлари солиқ бу кампир ҳамма
ишларда мукаммалликни талаб қиладиган кўринади. Мен эса қизим унинг
ҳамма талабларини кўнгилдагидек оқлашига аминман. Вақт
анчага борган. Кетишимиз керак. Мен охирги марта қизимни қучдим. У эса
қоронғи уйда ёлғиз қолган боладек менга ёпишди. Кейин отасининг оёғига
тиз чўккан кўйи ризолик сўради: - Отажон, берган нон-тузингизга рози бўлинг! Ота
юраги парчаланиб, кўзларидан ёш эмас, қон оққандай бўлиб, уялмай
ҳўнграб йиғлади. У бир калима айтишга куч тополмай, қизининг бошини
силар, пешонасидан ўпарди. Бироз сукутдан сўнг хўрсина-хўрсина деди: -
Худо бахтингни берсин, ёлғизим! Шаҳзодангга муносиб малика бўл! Унинг
ота-онасини бизнинг ўрнимизда кўр. Чунки улар ўғли қатори сени ҳам
фарзандим, деб ҳисоблайди. Бошингдан бирор ситам ўтса, сир сақла.
Қош-қовоқ қилмай, хушчақчақ юр. Юзингдан табассум аримасин. Янги
оилангнинг садоқатли бекаси бўл. Аммо... бизларни ҳам унутма… Хайр...
хайр, м-менинг суюкли оқилам! Қизим
қалби вайрон бўлиб, отасининг оёқларини қучиб йиғлар, кўз ёшлари оққан
юзларини унинг оёқларига сурар, этакларини ўпиб тавоф қиларди. Бир
маҳал: «Отажон, ташлаб кетманг мени!» деди-ю, ҳушдан кетдими, ерга
йиқилди. - Қизим, нима бўлди сенга, кўзингни оч! - фар¬ёдим борлиқни тутди. Куёв
томондан ваҳима билан икки аёл ёрдамга шошилди. Улар қизимни турғазиб,
суяб, келин хонасига етаклаб кетишди. Мен орқамга бурилиб, ўпкам тўлиб
йиғлаяпман. Юришга мажолим йўқ. Синглим қўлтиғимдан тутиб, уйимгача
кузатиб борди. Чарчаб ўзимни диванга отдим, аммо уйқу қайда? Қизимнинг
кейинги ҳолати ва илк висол туни кўз ўнгимдан кетмайди. Ҳаяжоним
даҳшатли тун қизим ва оиламиз қисматига нимани насиб этади? Ҳозир
одатга кўра, янгалардан бири қизимга лозим маслаҳатларни бериб, уни
куёв билан танҳо қолдиради. Аммо бегона аёл оначалик тинчлантира
оладими? Асло! Азобли тун мунча чўзилмаса? Қачон тонг отади-ю, қизимнинг софлиги ҳақидаги хушхабарни эшитиб, тинчлансам... Юрагимда
вулқон бош кўтариб, вужудимни титроқ қамради. Борди-ю, қизимга бўлган
ишончим оқланмай, у тавқи лаънатлар билан уйга кузатилса, бу
шармандаликка дош беролмай, ўзимни қудуққа ташлашдан ўзга чорам
қолмайди. Қаймоғи олинган сутнинг кимга кераги бор ахир?! Тонг ҳам бўзаряпти. Юрагим қинидан чиққудай. Тақдирим нима кечади? Ҳаётми ё фожиали ўлим?!... Во
ажаб! Кутилмаган мўъжиза! Куёв уйи томонда «қасир-қусур» билан
портлаган мушакларнинг камалак ранг юлдузлари бутун осмонни тутди.
Барабанлар тинимсиз чалиняпти. Тўй давоми эмас, янгилангандай! Ақлдан
озгандай, тўзиган сочларим юз-кўзларимга сочилиб, дарвозага отилдим.
Болаларнинг отаси севинч ёшларимни кўриб: -
Ҳа, Люси Хами хоним, шундай бўлишини ўйлабмидинг? - сўради у киноя
билан. - Сен портлаган мушаклар «қасир-қусур»ини ва барабанларнинг
овозларини эшитмасам керак, деб ўйлагандинг? - Жуда қўрққандим. -
Унинг софлигига қатъий ишончинг бўлмаган бўлса, сен она бўлиб, қизингни
яхши билмас экансан, - деди у синовчан кўзларини менга тикиб. Унинг
киноя ва кесатишларига қарамай, бахтдан сармаст эдим. Майли, нима
деса-десин, нима ўйласа-ўйласин, бироқ оналик қалбим тинчиди. Бу оқшом
мен ғам-ғуссалардан холи, ҳаловат билан ҳузурланиб ухлайман. Уйга
кирмоқчи бўлганимда, дарвозадан қувонч билан янга хонимлардан бири
қўлида патнисда бетель япроқларию ҳозиргина узилган гулдаста билан кириб
келди. Қувончим ичимга сиғмай, патнисни қабул қилар эканман, аёл
қаршисида беҳад қувончимни сир тутиб, илгари ҳам тўрт-беш қизни соф ва
покизалигича узатган онадай ўзимни мағрур, кибр билан тутдим... Аммо
беихтиёр чарақлаган кўзларим ва юзимда ёйилган ширин табассумим ҳаддан
ортиқ сир тутган қувончимни ошкор айлади. Мен хушхабар учун аёлни
севинч ёшларим билан қучиб, уни симзарли рўмол билан сийладим. Қизининг
софлиги ҳақидаги эзгу гапни эшитган она учун бахтлироқ онлар бормикан
ҳаётда?! Ҳа, мен шундай бахтга муносиб она бўлдим! manba: bekajon.uz
|