Келинг шу ўринда бугунги кунда тарвуз билан бирга кўпинча ёнма-ён тилга олинадиган селитра ҳақида ҳам бироз тўхталиб ўтсак. Селитра – асосан қишлоқ хўжалиги экинларини озиқланштиришда ишлатиладиган минерал. Рангсиз кристалл модда. "Селитра” атамаси лотин тилидаги "sal nitri” (азот тузи) атамасидан келиб чиққан.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, катта ёшдаги инсон организмига тушадиган 350 миллиграммдан ортиқ селитра зарарли саналади. Нитратлар инсон танасига тушгач, гемоглобин билан реакцияга киришади ва қизил қон таначаларини ҳужайраларга кислород етказиб бериш имконидан маҳрум қилади. Селитра қовун, тарвуз сингари полиз экинларининг асосан пўстлоғида тўпланиб қолади.
Селитрадан зарарланмаслик учун маҳсулотлар, айниқса, фақат тўлиқ пишган ҳолатда истеъмол қилиш зарур. Етилиб пишган тарвузда селитранинг таъсири нисбатан камаяди. Айниқса, август-сентябрь ойлари айниқса, тарвузлар анча "хавфсиз” бўлиб қолади.
Ўғит меъёрида бўлса...
Етилиб пишган тарвуз таркибида селитра миқдори 60 мл.дан ошмаслиги керак. Афсуски, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 110-125 мл.га етмоқда. Шу боис, ҳаддан ташқари катта тарвузларни ҳам сотиб олишда эҳтиёт бўлинг.
Қандай қилиб уй шароитида селитра миқдорининг меъёрдан ортиқлигини аниқлаш мумкин? Етилиб пишган, ўғит меъёрда солинган ва ўз ўрнида парвариш қилинган тарвузнинг пўстлоғи унча қалин бўлмайди. Шунингдек, селитрага тўйинмаган тарвуз доналари симметрик "терилган”, ёрқин ва тиниқ рангда бўлади, эзилмасдан осонгина бўлакларга ажралади. Селитра миқдори кўп бўлган тарвузнинг меваси эса, пишиб етилмаган бўлиб, пўстлоғи қалин, оғир, кам ҳолларда хира-қизғиш тусда бўлади. Тез эзилади, таъми оддий тарвузга нисбатан тахир, уруғлари "уяча”сидан силжиган бўлади, нимакосада ўртадан ўтган оқиш-оч пушти чизиқлар ўрнига сарғиш чизиқлар илдиз шаклида яққол кўзга ташланиб туради.
Тарвуз таркибида селитранинг кўп бўлиши кўнгил айниш, қайт қилиш, ошқозон оғриқлари ва ич кетишга сабаб бўлади. Селитра айниқса ёш болалар ва буйрак касалликлари билан оғриган беморлар учун жиддий хавф туғдиради. Селитрали маҳсулотлар зарарини камайтиришда аскорбин кислотаси истеъмол қилиш ва кўпроқ чой ичиш тавсия этилади. Манба: darakchi.uz