Дарахтсиз ҳовлидан ўтдим, бошимдан офтоб ўтди, Жоним онам, жоним отам, санинг қадринг ёмон ўтди... (Халқ қўшиғидан)
Қишлоқдаги ҳовлимизнинг икки табақали ғужум дарвозаси бўлиб, ёнидан
лойқа сувли ариқ ўтар, супасида иккита балхи тут, чорбоғида уч туп
ёнғоқ, шафтоли, анжир, анор ўсар, пахса девор ёқасида эса гилос дарахти
бор эди. Ана шу ҳовли ҳафтада, ўн кунда ёки ойда бир марта тушимга
киради. Мен деразаси чорбоққа очиладиган хонада дарс тайёрлаб ўтирган
бўламан. Онам аста юриб, ёнимга келади. Елкамга қўлларини оҳистагина
қўйиб, майин товуш билан «Ухла энди, болам, вақт алламаҳал бўлиб қолди.
Кўзингга раҳминг келсин...» дейди. «Онажон, яна бир варақ қолди»,
дейман, китобдан кўзимни узмай. «Майли, чироқни ўчириш эсингдан
чиқмасин». Онам қандай келган бўлса, шундай сассиз чиқиб кетади.
Кўзларимни очаман. Ҳеч ким йўқ, бир хона, бир ўзим...
Буларнинг ҳаммасини ўнгимда кўришнинг имкони йўқ. Чунки қишлоқдаги
ҳовлимиз ер юзидан йўқолиб, дарахтлари кесилиб кетганига ҳам, онамни
тупроққа топширганимизга ҳам кўп йиллар бўлди. Бу ҳовлига киндик қоним тўкилган. Шу ерда меҳр-муҳаббат, алам-нафрат нима эканини тушуниб етганман.
* * *
Авжи баҳор палласи. Дарахтлар қийғос гуллаган, айниқса, якка
гилоснинг оппоқ шуъласи кўзни қамаштириб турар, бу ердан бир қадам
нарига жилгим келмасди. Ўшанда 8-синфда ўқирдим ва сураткашликни
ўрганишга ҳаракат қилардим. Уззукун гилос гулларини «чирқ-чирқ» суратга
олиб, уларни амаллаб қоғозга кўчириб, сифатидан сира кўнглим тўлмай,
жиғибийрон бўлардим. Оппоқ, тароватли гуллар фотосуратда қорайиб,
ажабтовур чиқар, мен нима қилишимни билмай, ҳайрон эдим. Шу тахлит
қийналиб юрган кунларимнинг бирида, нечанчи марта билмайман, пахса девор
устига чиқиб, гилос новдаларини жуда яқин масофадан суратга ола
бошладим. — Ҳой, Жамол, ҳадеб қуруқ дарахтни суратга олавермай,
мени ҳам расмга туширсанг-чи! — қўққисдан эшитилган товушдан чўчиб,
девордан қулаб тушишимга озгина қолди. Ариқ қирғоғида қизил шохи
кўйлак кийган қўшни қиз Насиба жилмайиб турарди. Унинг сочлари майда
ўрилган, кўйлагининг ранги ёноқларига уриб турар, лабларидаги ним
табассум мени тамоман довдиратиб қўйганди. Нима дейишни билмай, «Дарахт
эмас, гулларни суратга олаяпман», дедим ғўлдираб. Мен негадир Насибани
кўрдим дегунча, йўлимдан ҳам, сўзимдан ҳам адашардим. Ўзимдан бир ёш
кичик бу қиз қандайдир кўзга кўринмас куч билан тобе этганди гўё.
Унинг илтимосини рад этолмасдим, лекин «Сурат олиш ҳали унчалик
қўлимдан келмайди», дейишга эса ғурур йўл қўймасди. Хуллас, бир неча
сония икки ўт орасида қолдим. «Йўқ», десам, қиз хафа бўлади. «Хўп»,
десам, гилос гулини эплаб ололмаган киши, бу ёғи қандоқ бўларкин?.. — Нима бало, аппаратингда плёнка йўқми? — қиз ортиқча ўйлаб ўтиришимга фурсат қолдирмади.
Ноилож, пахса девордан тушдим, амаллаб қизни суратга олдим. Насиба
қўлидаги челакни сувга тўлдирди-ю, миннатдорчилик билдириб, уйига кириб
кетди. Мен эса нима қилишимни билмай, ариқ бўйида серрайиб туриб қолдим.
Насибанинг суратлари гилос гулларидан ҳам баттар чиқди. Шундай кўҳлик
қизни суратда танишнинг сира иложи йўқ эди. Аламимдан йиғлаб юборишимга
оз қолди. Сарғайиб кетган фотоқоғозларни йиртиб ташладим-да, Насибага
«Плёнка куйди», деб айтдим. У ҳеч нима демади, фақат беозор жилмайиб
қўйди, холос. Мен эса узоқ вақт унинг кўзига кўринолмай юрдим. Йиллар ўтиб, сураткашликни анча мукаммал ўргандим, лекин қайтиб Насибани суратга туширгани юрагим бетламади.
* * *
...Бу ҳовли ҳафтада, ўн кунда ёки ойда бир марта тушимга киради. Куз
тонгларининг бирида юрак хуружи, қон босимидан азобланиб, таним турли
ниналар зарбидан озурда, касалхонада ётганимда яна туш кўрдим. Онам оқ
ҳарир либосда эдилар, секин ёнимга келиб, «Ҳа, ўғлим, сенга нима бўлди?»
деди. Сўнг пешонамдан ушлаб кўриб, бир коса сув узатди: «Шуни ич,
болам, тузалиб кетасан...» Чўчиб кўзимни очдим. Деразадан ғира-шира нур тушиб турар, касалхона боғида қушлар чуғури авжига чиқмоқда эди. Шу кундан эътиборан тузала бошладим.
* * *
Мен ҳозир бошқа ҳовлида яшайман. Бу ҳовли ёнидан ариқ ўтмайди, тут,
ёнғоқ дарахти ҳам йўқ. Лекин, барибир, йиллар ўтиб, ўғилларимнинг тушига
шу ҳовли киришини истайман. Агар тушларига кирса, хурсанд бўламан...
|