Главная » 2012»Июнь»23 » Биттагина янги қўшиқ ёхуд Саидовнинг тантилиги!
09:31
Биттагина янги қўшиқ ёхуд Саидовнинг тантилиги!
Баҳор ва ёз концертлар мавсуми. Бу йилги концерт дастурларининг сони эса ҳар йилгидан ҳам кўпайди. Яқинда хонанда Фарҳод Саидовнинг "Истиқлол” санъат саройидаги илк яккахон концерт дастури бўлиб ўтди.
Декорация қандай? Яна катта экранми?
Декорацияни тайёрлаш жараёнида ижодий гуруҳ миллийликка алоҳида эътибор бергани сезилиб турибди. Саҳнанинг икки четида катта рубоб чолғу асбоби илинган бўлиб, доира шаклидаги экранда эса миллий куй-қўшиқларга мос тасвирлар бериб борилди. Декорациянинг икки четига эса нақш чизилган устунлар ўрнатилган. Катта экран йўқ.
Концертни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ўткир Сиддиқов олиб борди. Қўшиқлар ўртасида эса Зокир Очилдиев ўз латифалари билан меҳмонларнинг кўнглини хушлади. Дастур уч бўлимдан иборат бўлиб, унда 27 та қўшиқ ижро этилди. Концертда Ўзбекистон хизмат кўрсатган артист Гулсанам Мамазоитова меҳмон бўлиб Фарҳод Саидов билан биргаликда "Пошша санам” номли дуэт қўшиғини куйлади.
27 та қўшиқдан 17 таси жонли!
Концертдаги қўшиқларнинг 17 таси жонли ижрода куйланди. Бу билан Саидов ўзининг маҳорати ва жонли ижродаги имкониятларини яна бир бор намойиш қила олди. Аммо концерт давомида куйланган қўшиқларнинг деярли барчаси эски тароналар. Дастур давомида фақатгина битта янги қўшиқ куйланди холос. Бу эса янги қўшиқ эшитаман, деб келган мухлисларга ёқмагани аниқ.
Хонанда миллий қўшиқларга кўп эътибор қаратган. Қувонарлиси шундаки, мухлислар деярли барчашўх қўшиқларига рақсга тушиб хонандани қўллаб туришди. Шунингдек у жаҳон классик мусиқасидан ҳам намуналар ижро этди. В. Монтенинг "Чардаш” номли қўшиғи ҳам шулар жумласидандир.
"Концерт ким учун берилаяпти ўзи?”
Концерт мухлислар учун ташкил этиляптими, демак мухлисларнинг талаб ва истаклари инобатга олниши ҳам даркор, назаримизда. Сўнгги пайтларда барча концертларда мухлислар томонидан олиб келинган гулларни хонандага бериш муаммога айланган. Фақатгина концерт сўнггида гул беришга рухсат этилмоқда. Саидовнинг концертида ҳам деярли шундай бўлди. Ўриндиқлар орасидан кўпчиликни безовта қилиб, қўлидаги гул билан зўрға саҳна олдига етиб келган томошабинларни қўриқчилар қайтариб юборишлари тўғримикан? Шундай бўлсада, хонанда белгиланган вақтда гулларни олди. Гулларни олаётиб эса "пул сарфлаб менга олиб келган гулларингизни ерга қўймайман, уни бошимда кўтариб юраман” дея мухлисларига чексиз ҳурматини ҳам билдирди. Шундан кейин тантилик қилиб гулдасталарни ўзи билан саҳна ортига олиб кириб кетди.
Хонанданинг яна бир ютуғи шундаки, икки кунлик концерт давомида ҳам залда бўш ўриндиқ бўлгани йўқ. Ҳатто концерт бошланганида ҳам чипта қидириб юрган кишиларга кўзимиз тушди.