«Туркманистон хаво йўллари» миллий хизмати Туркиянинг Polimeks
ширкатига 2016 йилнинг августигача Ашхободда ўтказиш имконияти соатига
1600 кишига тенг бўлган халқаро аэропортни қуриб битказиш ҳақида
кўрсатма берди. Бу ҳақда, Туркманистон ҳукуматидаги расмий манбаларга
асосланиб, CA News хабар бермоқда.
Умумий қиймати 2,2 миллиард долларга тенг бўлган лойиҳани амалга ошириш 2013 йилнинг январидан бошланади.
Янги аэропортни қуриш бўйича халқаро тендер натижалари Туркманистон
Вазирлар маҳкамасининг яқинда бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида
эълон қилинган. Polimeks компанияси шу кунгача Туркманистонда 120дан
ортиқ объектларни, жумладан, Каспийбўйидаги Туркманбоши аэропортини
қуриб битказган.
2012 йилнинг сентябрь ойида, халқаро тендер ғолиби сифатида,
Германиянинг Airport Consulting Partners/ILF Consulting Engineers
ширкати Туркманистонда қуриладиган янги халқаро аэропортларнинг
қурилишини назорат қилувчи консалтинг компанияси вазифасини ўташи маълум
бўлганди. Туркманистон делегацияси бир ярим йил аввал Германиянинг
Мюнхен шаҳрида хизмат сафарида бўлиб, йирик халқаро аэропортларни қуриш
ва уларга техник хизмат кўрсатиш билан боғлиқ масалаларни ўрганишган
эди.
Аввалроқ, Ашхобод халқаро аэропортини қуриш бўйича халқаро тендерда
Германиянинг EWC ва Hoshtief, Франциянинг Bouygues ва VINCI Construction
каби ширкатлари иштирок этаётгани ҳақида хабар берилганди.
manba: kun.uz
|