Воскресенье, 06.10.2024, 22:49
ZERIKISHDAN UMID UZ!!!
 
Меню сайта

Категории раздела
Yangiliklar
Shou biznes
Tibbiyot
Ilm-fan
Telekomunikatsa
Xorij habarlari
Qiziqish hobbi
Tabiat
Oila va jamiyat
Sheriyat
Sport
Sevgi
Elyor Temirov
Foydali maslahatlar
Hikoyalar
Obidjon Obidov
EURO 2012 FOTO
Kashfiyot
Suxbat

Мини-чат
200

Наш опрос
Saytimizga siz qaysi shaxar hududidan kirasiz?
Всего ответов: 249

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2012 » Июль » 27 » ҚАРИ ЕТИМ
18:02
ҚАРИ ЕТИМ
«Тоштемир олиб кетаман деганида, кетсам бўларкан, ай…»
     Бобомиз эшик олдидаги қайрағоч остига ўтириб, дарахтга суянаркан, келинининг очилмайдиган қовоғи кўз олдига келиб, оғир уф тортди: «Майрам авлиё бўлган экан, «Шу қизни келин қилмайлик», деб Худонинг зорини қилувди-я. Ўзимнинг уруғим дебман, ўзимники дебман, холагинамнинг невараси дебман. Ана, нима қилди? Биттагина ўғлимни шаҳарга олди-кетди. Келин бўлиб нима хизматимни қилди? Хизматни Майрам қилсин эди-да. Э, Майрам тилло бўлган экан-да».
2.
     Бобомиз Майрамни илк кўрганда ҳарбийдан энди қайтган, мушаклари кўйлак енгини йиртиб чиқаман дейдиган, аскарча босган қадамидан ўт чиқадиган, унда-бунда унга ҳавас билан боққан қизларга бургутдек қараганда кўзи чақнайдиган, Бекмирза исми жисмига монанд, бекларнинг мирзоси, мирзоларнинг беги эди. Май¬рам ўшанда дугоналари билан мактабидан келаётган эди. Дугоналари Бекмирзани «томоша» қилишди. Ўзларича Бекмирзага баҳо берган бўлишди.
     - Кўзи одамни ейман дейди-я? - деди бир дугонаси.
     - Умрида қиз кўрмаганми дейман, - кулди Майрам. - Ҳе, кўзинг тешилсин!
     Қизларнинг кулгисидан бир тўп чумчуқ осмонга кў¬тарилди. Бекмирза Майрамнинг гапини эшитди. Унга яхшилаб разм солди. Кўнглига шу гапни тугди: «Кўзингни тешмасам, йигит эмасман!»
     Бекмирза Майрамнинг кўзини тешолмади. Кўзларини бир кун кўрмаса, туролмайдиган бўлди. Бекмирза мактабга танда қўйди. Бекмирза мактаб атрофида айланиб қолди.
     Майрамнинг мактабни битириши қийин бўлди. Майрам мактабни битиргунча Бекмирза адо бўлди.
     Бекмирзанинг ота-онаси Майрамнинг ота-онасини амаллаб кўндиришди.
     Майрам мактабни битирган йили ўзининг ҳам¬ма орзу-умидларини Бекмирза яшайдиган уйнинг остонасига кўмди ва шу остонадан ҳатлаб ўтди.
    Майрам Бекмирзанинг ота-онаси дунёдан ўтиб кетгунча ўз билганича бирор марта овқат пиширмади. Ўғлига бошқоронғи бўлганидаям кўнгли тусаган овқатни бировга айтмади. «Ота, нима овқат қилай?» деб сўради мудом. Бекмирзанинг отаси ўтиб кетгач, ҳар кеч унинг саволи «Эна, нима овқат қилай?» бўлди. Бекмирзанинг онаси ўлиб кетгач, «Нима ов¬қат қилай, Тоштемир?»га алмашди бу савол. Тоштемир Бекмирзанинг оти бўлди. 
    Майрам Бекмирзани бирор марта эрим демади, «хўжайин», ақалли «дадаси» демади. Эрининг отини умрида тилга олмади. Тоштемири туғилгунча Бекмирзанинг оти «Ай» эди, «Анов киши» эди. Тоштемир туғилгач, Бекмирзанинг оти Тоштемир бўлди.
3.
     - Тоштемирим тош бўлди, темир бўлди, - дея бобомиз ва инқиллаб-син¬қиллаб ҳовлига кирди.
     Ҳайҳотдек кимсасиз ҳовлига қараб, дунё кўзига тор келди. Бобомиз бир замонлар «Остида невараларимиз ўйнасин», деб момомиз билан эккан олма остидаги сўри устига чиқиб ёнбошлади. Ўз-ўзича сўзланди: «Нимага отини Тоштемир қўйган эканмиз, Майрам? Тош билан темирда меҳр бўлмас экан, Майрам! Тош билан темирда меҳр бўл-маслигини билмас эдингми, Майрам? Сен кўп нарсани билар эдинг-ку? «Тош қўйманглар боламнинг отини, темир қўйманглар», десанг бўлмасмиди? «Меҳр қўйинглар, Меҳрибон қўйинглар», десанг бўлмасмиди, Майрам? Ай, сенда ихтиёр йўқ эди-да! Ўзи бирор марта ихтиёр сенда бўлганмиди, Майрам? Бўлган экан. Ана шу Тоштемирни туғишда ихтиёринг ўзингда эди-я! Аммо ўшандаям ўзингни ўйламадинг-а, Майрам?»
4.
    - Аёлингизга туғиш мумкин эмас, - деди дўх¬тир Бекмирзага. - Ҳеч бўлмаса, яна беш йил туғмаслиги керак. Шундаям бизнинг назоратимиз остида битта туғиши мумкин.
    - Дўхтирлар айтаверади-да, битта туғармишман, яна уларнинг назорати остида эмиш, - деди Майрам эрига. - Беш йилда сиз тенгиларнинг боласи бешга киради-ку! Туғиб ким ўлибдики, мен ўлсам?
    Майрамнинг ўлишига сал қолди. Бекмирза туғруқхонага олиб борганда, у беҳуш эди. Юрагининг уриши эшитилмасдиям.
    - Сиз одам эмас экансиз! - деди Майрамнинг қорнини ёриб, боласини олган дўхтир. - Аёлингизга туғиш мумкин эмас, демаганмидим? Нима қилдингиз бечорани? Мана, туғди, ота бўлдингиз, кўнглингиз жойига тушдими? Энди уни ўзингиз катта қиласиз!
    - Ни-нимага? - каловланди Бекмирза.
    - Нимага?! Хотинингиз ўлаяпти, мана, нимага! Э-э, бу одамларимизнинг қачон кўзи очилади-а? - яна операция хонасига қараб кета бошлади дўхтир.
    -  Мен нима қилдим? - ерга қаради Бекмирза.
    Бахтига Майрам ўлмади. Икки ой ҳеч кимни танимай, шифтга термилиб ётди, аммо ўлмади. 
5.
    -  Ота, очқаб кетмадингизми?
    Бобомизнинг хаёллари тўзғиб кетди. 
    - Э, болаларим бор бўлсин, овқатлантириб бўлиб, бирини мактабига, бирини далага жўнатгунимча намозгар бўлиб кетди, - дастурхон ёзиб,  шўрвага патир тўғраб сола бошлади Ўрингул.
    - Совимасдан ичиб олинг, ота. Патирим энам ёпгандай чиқмасаям, олиб келавердим. Энам «Отанг шўрвани патир билан ичишни яхши кўради», дерди.
    - Менам энангни эслаб ўтирувдим, қизим, - бир тўғрам патирни қўлига ол¬ди бобомиз. - Ҳа, энанг ҳаммасини билар эди. Кўнглимдан нима ўтса, биларди. Кўчадан келаётганимдаёқ кайфиятимни билар, шунга қараб муомала қилар эди. Энанг авлиё бўлган экан-у, билмаган эканман-да, қизим, билмаган эканман. Ҳай, аттанг!
    Бобомизнинг кўзлари ёшланди. Ўрингул аввал ҳиққиллаб йиғлади, кейин ҳўнграб-ҳўнграб йиғлади, айтиб-айтиб йиғлади. Бобомиз индамади. Юрагини бўшатиб олсин, деди. Бобомизнинг ўзи ҳам қизига қўшилиб йиғлади.
    - Ҳалиям овқатни ичмапсиз-ку? - деди бир маҳал ўзига келган қизи. - Энам кетди, чидаймиз-да. Сиз ўзингизга эҳтиёт бўлинг, ота. Бу¬нақа ич-этингизни еяверсангиз, сизгаям бир гап бўлиб қолса, мен нима қиламан? Менинг кимим қолади?
    - Ундай дема, қизим, эринг, болаларинг бор…
    - Э, ҳаммасини ташлаб, олдингизга келиб ўтирсам, қанийди? Хизматингизни қилиб, дуонгизни олиб юрсам, қанийди? Нима қилай, пешонам шу экан-да.
    - Кунига уч маҳал хабар оласан, қизим, сениям ташвишга қўйдим, - татинган бўлди бобомиз.
    - Доим кўз-қош бўлолмаяпман, - деди Ўрингул. - Уйимга боришга кўнмаяпсиз. Борсангиз, доим кўз ўнгимда бўлардингиз.
    - Шусиз ҳам икки кўзинг менда-ку, қизим! Энанг билиб, сени шу Нортўхтанинг ўғлига бердиртирган экан. «Борим бор, йўғим бор, бир сари қадам яқин бўлади, Ўрингулим сиздан хабардор бўлади», деган эди ўшанда раҳматли. Аммо мени уйингга боришга кўндиришга уринма, - яна кўзлари ёшланди бобомизнинг. - Мен энангни ташлаб, қаёққа кета олардим? Энанг ҳар куни шу ерга келади-ку, қизим!
    - Майли, отажон, майли. Ҳадеб энамни ўйлайверманг, касал бўлиб қоласиз. Мен борай, кечқурун яна хабар оламан. Овқатни қолдирмай, ичиб қўйинг, - йўлга тушди Ўрингул. - Кечга нима овқат қилиб келай?
    Бобомиз маъюс боқди:
    - Энангга ўхшайсан, қизим, худди энангга ўхшайсан. Менга овқат керак эмас. Ўзинг ҳам келиб юрма! Болаларинг бир хабар олиб кетса, бўлади.
    - Ўзим келмасам бўладими, ота? Барибир, келавераман, - деб эшикдан чиқди Ўрингул.
    «Қизинг, ўзингга ўхшади, Майрам. Бекорга оти Ўрингул бўлмаган экан. Ўрингулинг ўрнингга қолган экан, Майрам!»
6.
    Тоштемири пилдираб юра бошлагач, ҳаммасини унутди Майрам. Тоштемирни туғаман деб, бир ўлимдан қолганиниям, «Яна туғдирса, эрингни бўғиб ўлдираман», деган дўхтирнинг огоҳлантиришлариниям унутди.
    - Уйимизда қиз бўлмаса, бўлмайди, - деди Майрам. - Отага энг меҳрибон қиз бўлади. Тоштемирингиз уйланса, ҳали ким билади қанақа хотин тушади? Тоштемирингизнинг бурнидан ип ўтказиб олиб, биздан совитиб юборсаям, ажаб эмас. Қиз бола бошқача бўлади. Отасини ҳеч ким қизидай яхши кўрмайди.
    Аммо ана шу қизини, Ўрингулини туғишда Майрам бир мартага ўлди. 
    - Аввал хотинингни сақлаб қолай, кейин сен одамхўрни отаман! - деди ҳарорати зўрлигидан отилиб-отилиб тушаётган, ўзини билиб-билмай ётган Майрамни операция хонасига олиб кетаётган дўхтир.
    Отишига ишонмаса-да, бир ҳафта дўхтирнинг кўзига кўринмай юрди Бекмирза. Аммо Майрам жонлантириш бўлимидан  умумий хонага олингач, бош-оёқ сарпо қилиб, совға-салом билан дўхтирнинг хонасига кирди.
    - Энди ўзи туғаман десаям, туғолмайдиган қилиб қўйдим. Ўзи биринчи сафар шундай қилишим керак экан, - деди дўхтир ва қаҳри келганидан Бекмирзани сенлаб, койиб берди: - Бор, кўзимга кўринма! Опкелган тўрва-халтангни ҳам кўтар! Кўришга кўзим йўқ сендай туғдиргич эркакларни! Ўзи сени туғдиролмайдиган қилиб ташлашим керак эди, аслида!
    Айтганини қилиб қўймасин, дедими, Бекмирза совға-саломини қолдириб, милтиқнинг ўқидек дўхтирнинг хонасини тарк этди.
    Туғилган қизнинг отини ҳам шу дўхтир Ўрингул деб қўйиб берди. Чунки Ўрингулга Ўрингул деб от қўйишганда, Майрамнинг тирик қолишига ҳали ҳеч кимнинг кўзи етмас эди.
    Ўрингул  Майрамнинг ўрнига Ўрингул  бўлиб қолиши ҳақиқатга яқин эди. Аммо Яратганнинг Майрамга раҳми келди. Майрам Майрам момо бўлгунча унинг жонини олмади.
7.
    Бобомиз овқатнинг ярмини ичиб, дуо қилди:
    - Берган ризқингга шукур. Илоё, Майрамнинг жойини жаннатда қилгин! Ундан мен рози бўлдим, у ҳам мендан рози бўлган бўлсин!
    Бобомиз ёнбошлаб оларкан, «Мендан ҳам рози бўлган бўлсин», деган сўзлари ўзига таъсир қилди. Момомизни кўп ранжитганлари эсига тушиб, ўзидан ранжиди. Баъзан кун бўйи тиним билмайдиган Майрамдан нолиган онасининг гапига кириб, унга терс муомала қилганларини ўйлаб, надомат чекди. 
    - Менинг оналик ҳаққим йўқми? - шикоят қилди бир куни онаси Бекмирза ҳовлига кирганидан. - Шўрва ос, деб тайинласам, хотинчангиз палов дамлаб ўтирибди. Билади менинг паловни хуш кўрмаслигимни, жўрттага қилади.
    Бекмирза аччиқ устида бориб, палов дамланган қозонни ағдариб ташлаган, «Қозонни ювгин-у, дарров шўрва ос!» деган эди. Жаҳли келганида ақли қочиб, «Кечқурун ўртоқларим келади, палов дамлаб қўй», деб ўзи айтгани ҳам эсидан чиқиб кетган Бекмирза ўртоқлари билан шўрва ичган, аммо Майрам бир оғиз «Ўзингиз буюрувдингиз-ку?» демаган эди. 
    Шуларни эслаб, бобомиз ўрнидан туриб кетди. Пешонасига муштлаб, доимгидек ўз-ўзига гапирди:
    - Мендан қандай рози бўласан, Майрам? Озмунча азоб бердимми сенга?
8.
    Бобомизнинг феъли торроқ эди ёшлигида.
    Бобомиз бобо эмас, Бекмирза ака бўлган кезлари тамаки экиладиган кафтдек ернинг устида талашиб, Майрамнинг акаси билан уришиб қолди. 
    Эрини муросага келтира олмаслигини билган Майрам акасига кўзёш қилди.
    - Жаласойда менинг еримдан бошқа ер қуриб қоптими эрингга? - бақирди акаси. - Келиб-келиб менинг еримга ёпишадими? Тирик эканман, еримни унга бермайман!
    - Ўлдириб бўлсаям, ўша жойни оламан! - бўлди Бекмирзанинг гапи.
    Майрамнинг ота-онаси Майрам тарафда бўлармиди? Майрам тарафда бўлишгани куёв тарафда бўлишгани эмасми? Куёв тарафда бўлишгани ёв тарафда бўлишгани эмасми? Улар ўғли тараф бўлишди.
    - Ё мени дейсан, ё акангни!
    Майрам акасини дея олармиди? Ота-онасини дея олармиди? Бекмирзанинг остонасидан ўтганида энди менинг эрим шу, энди менинг паноҳим шу, энди менинг отам ҳам шу, энди менинг акам ҳам шу, бору йўғимни, хонумонимни шунга топширдим, деб Бекмирзанинг қошу қовоғига қараб ўтаётган Майрам акасини дея олармиди? 
    Майрам эрини деб акаси билан юз кўришмас бўлди. Майрам эрини деб ота-онасиникига боролмай ўтди. Майрам ота-онасини бировларнинг тўйида, маъракасида кўриб ўтди.
    Акаси ҳам Майрамникига бир марта келди. Ундаям Майрамнинг жанозасига келди. 
9.
    Бобомизнинг кўзлари илинибди. Шугина қуш уйқусида ҳам туш кўрибди бобомиз.
    «Мана шу шаҳар бўлади, ўғлим», деб бир замонлар Тоштемири болалигида уни олиб борган шаҳарнинг кўчаларида Тоштемири билан юрган эмиш. «Мана шу шаҳар бўлади, ота», дермиш ўғли. «Ҳар ёққа алангламай тўғри-тўғри юринг, ота», дермиш Тоштемири бир замонлар «Қўлимдан ушлаб ол, адашиб қолма тағин, ўғлим», деган отасига. «Мана шу бизнинг уй бўлади, ота, зиналарини яқинда бўяганман, шунинг учун киришдан олдин бир калишларингизни ювиб олинг, келинингиз саннаб ётмасин тағин», дермиш ўғли бир замонлар «Шаҳарлик сенинг шиппагингга кулмасин, манави янги батинкани кийиб ол, ўғлим», деб Тоштемирига «лакрон туфли» олиб берган отасига. (Бобомиз «лакированные туфли» деёлмас эди).
    Бобомиз олма шохларидаги қушлар айтган азондан уйғонганда шом вақти бўлган эди. Шошиб бориб, таҳорат қилди бобомиз. Момомиз чиққан уйга кириб, шом намозини ўқиди бобомиз. Намоздан сўнг узоқ дуо қилди бобомиз. Йиғлаб-йиғлаб дуо қилди бобомиз. Бундай дуо қилиш одат бўлиб қолган эди бобомизга. 
    - Э-э, ҳеч кимни қариганда етим қилмасин экан, - дея ўрнидан турди бобомиз.
    Бобомиз бориб, яна сўрига чиқмоқчи бўлди, аммо бир нима эсига тушгандай бўлиб, сўридаги бир кўрпача ва иккита ёстиқни кўтариб, яна кампирининг уйига кирди. «Майрамнинг уйи», дейди бобомиз кампирининг жонсиз танаси бир кеча меҳмон бўлган хонани. Бобомизни излаганлар ҳам уни ё шу хонадан ёки сўридан топади. Бобомиз чиқса, сўрида ўтиради, кирса шу хонада. Ухласа ҳам, сўрида ёки шу хонада ухлайди. Бобомиз на бошқа ерга боради, на бошқа ерда қолади.
    Бобомиз кўрпачани доимги жойига тўшаб, ёстиқларни ёнига қўйиб, ёнбошлади ва кўрган тушини эслади. «Ҳа, нодон ўғил-а, - деди бобомиз чуқур уф тортиб. - Шаҳарингга бормайман, калишимни ювмайман. Тириклайин бўялган зинапоянгни босмайман. Келинни саннатмайман, ўғлим!»
10.
    Бобомиз ҳали бобо эмас, ёшгина Бекмирза, аниқроғи, Бек, унданам аниқроғи, Беги, энг аниғи, Бекча бўлган замонларда шаҳардаги холасининг уйига онаси билан тез-тез бориб турар, уларнинг шаҳарда яшашига ҳаваси келарди. Холаси пиширган ширин кулчаларнинг, ичига ёнғоқлар, мурабболар солиб пиширган ҳар хил пишириқларнинг таъми, ялпоқ идишларда камгина-камгинадан берилган, Беги отини билмайдиган овқатларнинг мазаси оғзидан то холасиникига кейинги сафар боришигача кетмас эди. Онаси ҳар гал шаҳардаги синглисиникига боришида уйда онасига кимнинг қўшилиб бориши жанжалсиз ҳал бўлмас эди. Кейинроқ отаси болаларнинг онаси билан бирга боришини қатъий навбат қилиб қўйди. Аммо онаси бир-икки сафар синглисини навбатсиз олиб кетса ёки «ўғринча» холасиникига олиб борса, Бек онасидан аразлаб юрарди.
    Холасининг уйидаги озодалик, деразаларга тутилган иккитадан каптар сурати тўқилган оппоқ пардалар, шунақа суратли оппоқ сочиқлар, симкаравотга дазмоллаб солиб бериладиган иссиққина, оппоққина, ажиб ҳидли, ёқимли бўлган чойшаблар, деразалардаги қатор терилган гултуваклардаги гуллар, поччаси тўр қафасда боқадиган чиройли какликларнинг бари-бари Бегига сирли-сирли туйиларди. У бу нарсалар фақат шаҳарда бўлади, фақатгина холасиникида бўлади, деб ўйларди. Ҳатто ўша япалоқ идишларда санчқи билан овқат ейиш ҳам шаҳардагина мумкин, деб ўйларди. Бек ҳамма маданият шаҳарда, шаҳарликда бўлади, дерди ва ич-ичидан шаҳарликларга, холасининг болаларига ҳавас қиларди.
    Ана шу ҳавас Бекмирзани улғайганида ҳам тарк этмади. Катта бўлганида ҳам холасиникига борганида, худди байрамга боргандек, жиддий тайёргарлик кўриб борар эди Бекмирза. Холаси яхши кўрадиган қишлоқда етиштириладиган сабзавотлардан, мевалардан, сут-қатиқ, қаймоқлардан олиб борар эди Бекмирза. Борса, албатта, бир кеча холасиникида ётиб келар эди Бекмирза. Гарчи холаси ишлатадиган ўша чойшаблар, ўша пардалар, ўша сочиқлардан энди ўзиникида бўлса ҳам, улардан ҳам чиройлиларини Майрам олиб келган бўлса ҳам, Бекмирза холасиникида бир кеча ётиб, холаси солиб берадиган кўрпа-тўшакларни ҳидлаб-ҳидлаб келар эди. 
    Аслида, Бекмирза у соғиниб-соғиниб ҳидлайдигани беғубор болалигининг ҳидлари эканини, бу ҳидлар Бекмирзани болаликнинг ширин хотираларига етаклашини билмайди. Бекмирза шоирона гапларга кўпам тушунавермайди. Аммо ҳар гал холасини соғиниб бораверади, ҳар гал бир кеча ётиб қолганида ўша чойшабларни, каптар суратли ёстиқ жилдларини ҳидлайверади.
    Ана шу ҳидлар меникида ҳам бўлсин, деди Бекмирза. Холамнинг уйидай менинг уйим ҳам озода бўлсин, деди Бекмирза. Холам пиширган пишириқлар менинг ҳам уйимда пишсин, деди Бекмирза. Холасининг неварасини келин қилди Бекмирза.
    Холаси холаси экан. Бекмирза учун холаси минг тирилиб, минг ўлар экан. Бекмирзани холаси ардоқлар экан, «Опагинамдан қолган ёдгорим», деб. Холаси суяр экан Бекмирзани.
    Холасининг невараси на қишлоққа кўнгил қўйди, на Бекмирзанинг уйига. На Бекмирзанинг иззатини қилди, на Майрамнинг.
    Холасининг невараси на деразага оппоқ парда илди, на гултувакка гул экди. На Бекмирза соғинган пишириқни пиширди, на мазали-мазали овқат пиширди. Овқат қилса, идиш-товоқни ювмади, идиш-товоқни ювса, овқат қилмади.
    Бекмирзани бобой деган, Майрамни момой деган холасининг невараси қишлоқда қололмади. Шаҳарга кетди. Ўзи кетса, майли эди…
    - Ё мени дейсиз ёки мана шу сассиқ қишлоғингизни!
    Тоштемири қишлоқни дермиди?
     Тоштемири шу кетганича Тоштемир бўлди. Тош бўлди, темир бўлди. Бекмирзанинг ўзи соғиниб бормаса, Тоштемири буларни соғиниб,  қишлоққа бир келмади. Келди. Тўй-маракада келди. Келди-ю, бир кеча ётмай кетди.
    - Келиб одам хурсанд бўлмайди, - бўлди Тоштемирининг гапи. - Келсанг ё электр токи бўлмайди ёки газ бўлмайди. Улар бўлса, сув бўлмайди. Шуям ҳаётми? Маданиятсизлик! Ёввойилик! Қуртлари биж¬ғиб ётган ҳовуздаги  сувдан болаларимга ичиришим керакми? Ҳеч қачон!
11.
    Бобомиздан хабар олгани синглиси келди.
    - Ғилминдини яхши кўрардингиз, ака, - деди синглиси биттасини ўраб, бобомизнинг қўлига тутаркан. - Эсингиздами, энам пиширганда доим мен билан талашиб-талашиб ердингиз? Олинг, ака, совиб қолмасин.
    - Ҳеч нима егим келмайди, Хайринисо, - деди бобомиз синглиси қўлига бериб қўйган ғилминдини товоққа қўяр экан. - Сен ҳар нимани пишириб, кўтариб юрма. Ҳали Ўрингул қўйиб кетган овқат ҳам турибди.
    - Сиз ундай қилманг-да, ака, ундай қилсангиз, бир куни ётиб қоласиз, - деди синглиси ва бироз ўйланиб тургач, бобомизнинг кўнглига қўл солиб кўрган бўлди: - Ёки чой-пойингиздан хабар олиб турадиган, кийим-бошингизни ювиб бериб турадиган бирорта маҳрам топайликми, ака?
    - Оғзингни юм, Хайри, - ўрнидан туриб кетди бобомиз. - Келдинг, кўрдинг, тирик эканман. Энди уйингга жўна!
    «Сен билан гапимиз тамом», дегандек, жойнамозини тўшаб, хуфтон намозига такбир айтди бобомиз.
    Бобомиз намозини ўқиб бўлган ҳам эдики, Ўрингул билан куёви кириб келишди.
    - Ҳа, ота, аммамни хафа қилибсизми? Йиғлаб кетиб бораяпти, - деди Ўрингул  салом-аликдан сўнг.
    - Амманг мени хафа қилиб кетди, - деди бобомиз аччиқланиб. - Амманг энангни хафа қилиб кетди.
    - Лекин аммамизнинг гапида жон бор, - гапга қўшилди куёви. - Бизам сизга битта зўр ҳамроҳ топсак, отамиз яна яшариб кетармикан, деб ўйлаб юрувдик.
Бобомиз куёвига бир ижирғаниб қараб қўйди-ю, унга гапиргиси ҳам келмади. Ўрингулга қараб, деди:
    - Қизим, неча марта айтдим, ҳар куни келма, деб. Агар малол келаётган бўлса, умуман келмай қўя қол!
    - Энам ҳам ўлаётганида, «Ўрингул, отанг мендан кейин хорланиб қолмасин, бирор инсофли хотин топиб беринглар, отанг жуда тортинчоқ одам, ўлиб қолсаям, бирор овқат қилиб бер ёки манави киримни ювиб бер демайди», деб менга тайинлаган эди. Отажон, менга сиздан хабар олиб туриш малол келмайди, аммо сизга яхши бўлармикан, дегандик.
    - Энди энангнинг олдига борсам, яхши бўлади менга, - овозини кўтарди бобомиз. - Менга овқат ҳам олиб келманглар, кўчириб кетаман деб ҳам хомтама бўлманглар. Айтайми, менга нима керак? Менга энангнинг ёнидан икки қулоч жой керак. Бошқа нарса керак эмас.
    Қайтиб на оғиз очди бобомиз, на қовоқ очди.
    - Дуо қилинг, биз қайтайлик бўлмаса, - деди ийманибгина куёви.
    - Омин, илоё, ҳеч ким қариганда етим бўлмасин!
    - Оминингиз ҳам ғалати бўлди-я, бу нима деганингиз? - деди куёви. - Ота-онангиз ўлиб кетганда етим бўлмаганмидингиз?
    - Ота-онам ўлгандаги етимлик ҳам етимлик бўптими? Қариганда Майрамдан кейин қолиб, етим бўлганимдан ҳам оғир етимлик борми? Ана энди етим бўлдим-ку! - деди мунғайиб бобомиз ва рўмолининг учини тишлаб, йиғлай бошлаган қизининг елкасидан қучди. - Бор, энди, қизим, йиғлама. Умр шу экан, ҳаммаси ўткинчи экан. 
12.
    Бобомиз кечаси туш кўрди. Бобомиз бир замонлар бўлган ишни бошқатдан кўрди. 
    Бобомиз билан момомиз Тоштемир шаҳарлик бўлиб кетиб, Ўрингул ҳам ўрнини топиб кетган замонларда ёлғизгина иккалалари худди иккита мусичаларга ўхшаб, бир-бировгиналарига суяниб яшаётган кунларнинг бирида бобомиз касал бўлиб қолди. Бобомизнинг биқини санчиб, ўқчиб-ўқчиб ётди. Момомиз оёғи куйган товуқдек типирчилаб қолди. Бировни чақирай деса, бемаҳал. Дўхтирни чақириб келай деса, бориб келгунча чоли худди ўлиб қоладигандек. Ана шунда бир иш қилди момомиз. Ана шунда момомиз бобомизни орқасига опичлаб, Дўнгсойдаги Ҳаким дўхтирникигача кўтариб борди. Ҳаким дўхтир ҳали-ҳали гапириб юради: «Э, бу Майрам кампир полвон экан-ей, бобойини Жаласойдан менинг уйимгача ерга қўймай кўтариб кепти», деб. Агар шундай қилмаса, кўричаги ёрилиб кетган Бекмирза бобо ўшандаёқ ўлиб кетган бўлиши мумкинлигини ҳам айтиб юради шу Ҳаким дўхтир.  
    Бобомизнинг тушида момомиз бобомизни яна ўшандагидай кўтариб юрган эмиш.
    «Мени қаерга олиб бораяпсан, Майрам?» дер эмиш оппоқ кийиниб олган бобомиз.
    «Чанқаб кетибсиз, Тоштемир, сизни Кавсар ҳовузига олиб бораман», дер эмиш оппоқ либосдаги момомиз.
    «Кавсар ҳовузи у дунёда бўлади-ку, Майрам, мен қандай бораман?» дермиш бобомиз.
    «Ҳа, Кавсар жаннатда, Тоштемир, эртага келасиз, мен сизни жаннатга олиб бораман-да», дермиш момомиз. «Ҳа, мени чақирибсан-да, Майрам? - деди бомдод намозини ўқиб бўлиб, тушига таъбир топган бобомиз. - Мени чақирибсан, Майрам. Ўзи анча бўлувди бошингга бормаганимга. Бораман, Майрам, бораман. Ҳозироқ бораман, Майрам».
13.
    Бобомизни доимгидек сўри устида кўрмади Ўрингул. Ичкарига кириб, на «энасининг уйи»дан топди бобомизни, на бошқа хонадан. Ҳовлидан ҳам бобомизни тополмаган Ўрингулнинг юраги шиғиллаб кетди: «Отамни хафа қилиб қўйибмиз!»
    Бирпасда ҳамма оёққа турди. Ахтарилмаган жой, суриштирилмаган қариндош қолмади. Кимдир бобомизнинг бормаслигини билса-да, Тоштемирга ҳам қўнғироқ қилди. Бобомиз ҳеч қаерда йўқ эди.
    - Бекмирза бобо қаб¬ристонда кампирининг мозорини қучоқлаб, йиғлаб ётибди.
    Норбўта чўпоннинг бу гапидан кейин кўпчилик қабристонга қараб югурди.
    Аммо совуқ қабрни қучоқлаб ётган бобомизнинг танаси аллақачон совиб бўлган эди…
Тамом.
Категория: Hikoyalar | Просмотров: 1764 | Добавил: Admin | Рейтинг: 0.0/0
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Июль 2012  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024Создать бесплатный сайт с uCoz