-Саида... Акаси... Саиданинг юрагида санчиқ тургандай бўлди. «Овозимда титроқ сезилмасин», дея бир неча сония унсиз қолди. -Саида, сенмисан? -Ҳа, ака... -Тинчликми? Соғлигинг яхшими? Уйлар, жиянлар? -Ҳаммаси яхши, ака, Худога шукр! Баҳодирга
ҳам «Мен фалон соатда йўлга чиқяпман, сен нима қарорга келдинг?», деб
сўраш осон бўлмаётганини Саида ҳис қилиб турарди. Қани эди, акаси шу
саволни бермаса, Саида қийналмаса... -Саида, мен... -Ака, мени қийнаманг, юрагимдаги тош эримаяпти. Мен... узоқдан соғиниб, интиқ бўлиб борган қиз ролини ўйнай олмайман... -Сендан
буни ҳеч ким сўрамайди. Фақат шу аёлнинг уч кунлиги борми-йўқми, армон
билан кетмасин, сенга бир назари тушсин, дегандим... Саида «Армон
билан кетсин, жигарлари титилиб кетсин, «болам» деганда оғзидан тутун
чиқсин», дегиси келди. Аммо акасида нима айб? Акасининг тақдири
Саиданикидан осон бўптими? -Ака, қачон йўлга чиқасиз? -Эртага, саҳарлаб... -Мен ўзим сизга қўнғироқ қиламан... -Хўп... Акаси-ей...
Саидани жуда аяйди. Ака-ку... ҳаққи бор. «Борсанг ҳам борасан,
бормасанг ҳам борасан, шу аёл сени тўққиз ой қорнида кўтарган, нима
бўлсаям оналик ҳақ-ҳуқуқи бор», десаям бўлади-ку. Аммо ҳеч қачон бундай
қилмайди, доим кўнглига қарайди. -Онажон, биз келдик,-жаранглаган
овоздан Саиданинг хаёллари бўлинди. Ич-ичидан тошиб келаётган йиғини
қайта ютди. Қўйни-қўнжи тўлиб бозордан қайтган ота-қизга пешвоз чиқди. -Намунча? Бозорни кўтариб келдиларингми? -Ҳозир, ҳозир, ҳозир... -Ҳаммасини
бирма-бир кўрсатамиз, фақат диванга ўтириб олинг, нафасингизни
ростланг!-қизи Сурайё катта-кичик сумкаларни титкилаб, керакли буюмни
ахтараркан, онасига ҳазил қилди. -Аввал ўзингникини, укангникини
кўрсат,-Саида бир чеккада ўзининг қилган ишидан хурсанд жилмайиб турган
эрига кўз қирини ташлаб, қизига гапирди. -Йўқ, аввал дадажонимнинг сизга олган кийимларини намойиш қиламиз... Қизи
«Бу сизга, бунисиям сизга», дея ёзлик халат, шиппакларни териб қўяр
экан, Саиданинг кўзларида ёш ҳалқаланди. «Яхшиям шулар бор, бўлмаса,
кўксимдаги дард мени еб адо қиларди», деган хаёлнинг ўзи ҳам тасалли,
ҳам оғриқ эди. -Раҳмат қизим, раҳмат дадажониси... Сиз мени сийлабсиз, сизни Аллоҳ сийласин. Исроилжон
эшикдан кирибоқ хотинининг юзида ўзига таниш ифодани кўрган, яна ўша
Саиданинг қалбини тилка-пора қиладиган мавзуда гап бўлганини билган эди.
-Саи, яна Баҳодир акам қўнғироқ қилдиларми?-деб сўради Исроилжон
қизи бозордан олиб келган бор бисотини мақтаб-мақтаб кўрсатиб, ҳаммасини
йиғиштириб, жойлагани уйга кириб кетгач. -Ҳа... -Менга қара,
онаси, бу бош қотирадиган нарса эмас. Бўлган нарса бўлиб ўтиб кетди, бир
аср нарида қолди. Одамзод хотираси билан эмас, бугуни билан яшаши
керак. Мендай эринг борми-бор, ўғил-қиз бердими Худо-берди. Уй-жойинг,
касб-коринг, дўст-ёринг - ҳаммаси бадастир, тўкис... Ҳадеб ўзингни ўзинг
азоблайверма. Оддий бир воқеадай қара бунга, тақдирнинг иши -
тамом-вассалом! Сенинг кайфиятинг болаларга таъсир қилади, қолаверса,
ношукрчиликка ўтиб кетмасин бу ёғи... Бор-да, бир мартага кўриб кел, ҳеч
нарса бўлмайди,- Исроилжон ич-ичидан хотинини ҳис қилиб турса-да, уни
бугунги изтироб исканжасидан олиб чиқиб кетмоқчи бўларди. Қирқ йил
бир-бирига назари тушмаган она-бола учрашувини оддий бир ҳодисадай
тушунтирмоқчи бўларди. Аммо Саиданинг юраги кўнармиди? Ақлнинг ўз ҳаёти
бор, юракнинг, кўнгилнинг ҳаёти-бошқа... -Бораверайми бўлмаса? *** Машина
бир текис юриб борарди. Саида аввал болалари, эрини ҳам бирга олиб
кетгиси келди. Тўшакка михланиб қолган аёлга (Саида уни хаёлида «Она»
деб айтар, айтганда товушлари юрагига тегиб оғритар, яна «ўша аёл» деб
атар, гўё хаёлидаги бу аташ билан уни қандайдир даражада жазолар эди)
яқинларини кўрсатиб «Қаранг, сиз хор қилганингиз билан толе мени азиз
қилди», демоқчи бўлди. Аммо биринчи учрашувни минг хил тасаввур
қилаётгани учун уларни олиб боришга... юраги бетламади. Қолаверса, акаси
ҳам... шуни истаётгандек туюлди. -Атрофни томоша қилиб кет, Саида. Йўл юриш ҳам бир яхшилик. Кўрмаганингни кўрасан... -Ҳа,
кўпдан бери чиқмаган эдим. Болалар билан ўралашиб... Чиройли жойлар
экан, теракларнинг бир текислигини қаранг. Йўлларни айтмайсизми, қушдай
учасан... -Ҳа, юрт ўзимизники бўлди-ю, йўллар, кўприклар,
иморатлар... Эҳ-ҳе, синглим, одамнинг кўкраги кўтарилади... Бу жойларни
баҳорда кўрсанг... Ёзнинг ҳам гашти бор... -Баҳодир синглисини ўз
ўй-хаёллари билан ёлғиз қолдиргиси келмасди, тинмай гапирарди. Саиданинг
хаёлини бир зумгина акасининг қадрдон овози бўлар, аммо бора-бора бу
овоз ҳам уни бошқаролмай қолди. Хотиралар уни етаклаб кетди... ...Саида
эгнидаги қизил жемпер, жемпернинг олдидаги оқ йўл-йўл чизиқларни, қизил
қалпоғи, қизил туфличасини эслайди... Уни қачон, ким кийдирган, ёдида
йўқ. Фақат уни бошига оқ рўмол ёпинган, тиззаларига рўмолининг
шокилалари тушиб турган аёл олдига олиб келишди. Атрофда ҳам кўп аёллар: -Кел, қизим, ойингга салом бер,-дейишди. Саида икки қўлини кўксига қўйиб: -Ассайлом...-деди.
Кимдир уни аёлнинг бағрига итарди. Бу бағирни, «дук-дук»лаган юрак
овозини Саида ҳеч қачон унутмайди. Кейин... билса, бу ўгай онаси экан...
Дадаси уйланган куни уни «Бир-бирига меҳри тушсин», дея бағрига итарган
эканлар... Аммо меҳр дегани шунақа мўъжизаки, у бировнинг айтгани билан
тушмайди. Меҳр дарёсининг дарғаси-Аллоҳ... Кимнинг кимга меҳрини
тушириш унинг измида. Саиданинг бу аёлга меҳри тушмади. Чунки у
оқ-қорани танигач, ота-онаси уч ёшлигида ажрашиб кетганини, она аталмиш
зот уни дадасига қолдириб, акасини олиб кетганини билди. -Онангга
Худонинг зорини қилдим «Қизингни олиб кет, қиз болани бировга ишониб
бўлмайди», деб. Йўқ, ўғлини олиб кетди. Эрта-бир кун боқади, деган-да! Саида
бу гапни ўз холасидан-онасининг опасидан эшитди. Кўнгли синди. «Мени
нега ташлаб кетади? Она ҳам ўз боласини ташлаб кетадими?». «Ташландиқ»
сўзининг оғирини, «ташландиқ» сўзининг ҳасратини эрта кўтарди Саида. Бу
сўз уни ҳақоратлар, хўрлар, кўчадаги ўзи тенги қизлар билан ўзини тенг
ҳис қилишга қўймасди. ўгай она уни эртаклардагидай уриб-сўкмас, оч
қолдирмас, аммо бағрига ҳам босмас, сочларини силамас, кўз ёшларини
артмасди. Дадаси эса кўча одами эди. Кетма-кет дунёга келган ўгай укалар
дадасини ҳаракатга солиб қўйган, ўзи билан ўзи эди. Саида, айниқса,
ўсмир ёшларини изтироб билан эслайди. Кимнидир соғинар, кимгадир зор
эди, тунлари юзларини ёш юварди. Бу соғинчнинг эгаси она эканини
билса-да, тан олмасди. -Онанг Наманганга эрга тегиб кетди, юрт ошмаса йўқ эди. Одам ҳам шунақа тошбағир бўладими?.. -Саида, онангни кўрдим, беш тийин ҳам бермади «Қизимга рўмолча олиб бер», деб, эссиз оналик... Холаси
Саидани ҳар йўқлаб келганида оғзидан чиқаётган шу тарздаги сўзларни
эшитганда қизалоқнинг эти жунжикарди. Худди сўзлар эмас, бу аёлнинг
оғзидан илон вишиллаб чиқаётганга ўхшарди. «Хола онага ўхшайди». Саида
қаердадир шу гапни эшитган эди, ҳеч ким йўғида онасини тасаввур қилиб
кўрмоқчи бўлар, кўз олдига оғзидан вишиллаб илон ўрмалаб чиқаётган
холаси келарди. -Дада, холам келмасин, айтинг!-кунларнинг бирида
дадасига шундай талаб қўйди. Дадаси ҳам аслида шуни истаркан, шекилли,
«Қизимга онасини эслатяпсиз, биз уни бутунлай унутмоқчимиз», деди... *** -Ана,
энди тоққа тирмашяпмиз, энг баланд жойига келганда, тўхтатаман, пастга
қарайсан... ўзингни худди осмонда тургандай ҳис қиласан...-деди Баҳодир
ўриндиққа қийшайиб, хаёл дарёсига бутунлай ғарқ бўлиб кетган
синглисига... -Ҳа-а-а... -Йўқ, сен ҳозир унинг қанақалигини тасаввур қилолмаяпсан... жуда бошқача... Акажони,
жон акажони... Саиданинг бахтига яралган акажони... Агар Баҳодир
бўлмаганда... Саиданинг синиқ кўнгли ўзининг вужудини абадий яралаб
келармиди?...
(давоми бор.)
|