Ўқишга
киришни мақсад қилиб қўйганмисиз? Айни пайтда абитуриент бўлиб,
имтиҳонларга тайёргарлик кўраяпсизми? Қайси касбни танласам экан, деб
бош қотириб ўтирибсизми? Бугун айнан сиз учун маҳоратли психолог
Бахтинисо Азимбоева ўз маслаҳатларини беришга тайёр. Эътиборингизга
ҳавола этилаётган тавсияларга риоя қилиб, талабалар сафидан ўрин олишдек
катта орзуларингиздан бирига эришишингизга биз ҳам тилакдошмиз. Энг катта муаммо Абитуриентлар
биринчи навбатда, танлаган касби ўзларига мос эканлигига аниқлик
киритиб олишлари керак. Одатда ёшларимиз кўп жабҳада ўзидан катталар –
ота-она, ака-ука, ҳола ёки тоғаларга ишонишганлари учун, бу каби
инсонларнинг маслаҳатларига суяниб қолишади.
Натижада ёшлар билиб-билмаган ҳолда
ўша инсонларнинг ҳохиш-истакларини ўзларига сингдириб оладилар. Вақт
ўтгач эса, катталар томонидан мажбурлаб сингдирилган касб туфайли
аксарият ёшлар ота-онасини айблаб, улар билан қарши бўлиб қоладилар. Айниқса,
андиша сабаб, ёшларимиз кўп ҳолларда ўзидан катта инсонларга "йўқ” дея
олмайди. Гарчи ўша касб кўнглига ёқмай турса-да, барибир уни эгаллайди.
Юз-хотирлик кучлилик қилиб, яқинларини йўқотиб қўймаслик учун, шуларга
ёққан касб бўйича ўқиш йўналишини танлайди. Яна
бир жиҳат, ёшларимиз оиласининг моддий ёки маънавий шароитидан келиб
чиққан ҳолда ҳам касбли бўлишга ҳаракат қилади. Масалан, деҳқон
боласига: "Авлодимиз деҳқончилик билан ўтган бўлса, сендан қанақа
ҳуқуқшунос чиқарди?” - деб, фарзандига маънан таъсир кўрсатади. Бундай
инсонларда бу соҳани фақат бадавлат одамлар эгаллай олади, деган тушунча
бўлади. Кўраяпсизми, демак мана шундай ота-оналар ҳаёт тарзидан келиб
чиққан ҳолда, ёшларга нотўғри касбни танлаб беришади. Табиийки,
катталарнинг бу ўгитини инкор қила олмаган абитуриент бўлғуси
имтиҳонларга жонли равишда тайёрланишга иштиёқи бўлмайди. Шунчаки биров
ҳафа бўлмасин, деб ҳаракат қилиш эса, ўзини алдаш билан баробардир.
Натижада бундай ёшлар ўқишга кира олишмайди. Балки ёшлар норозилигини
ўша пайтнинг ўзида билдирмас, лекин ҳаёти давомида бир кун келиб, улар
барибир кўнглининг тубида сақлаб келган дардини очадилар. Ота-онасидан
юз-хотир қилган баъзи болалар ичида ўқишларга муваффақиятли кириб кетган
ҳолатлар ҳам кўп. Аммо улар ичидан кимдир ўқишини ярим йўлда ташлаб
кетади ёки ўқишни битирганлар ҳам ўша касб эгаси бўлиб ишламайди. Ечими бор Ўқишни
танлаётганда, энг аввало ўзига ёқадиган, шу йўналишда келажагини кўра
оладиган касбни танлаш керак. Мана шу танловни тўғри билиш лозим. "Шу
касбнинг эгаси бўла оламанми?” деган саволни ўзига бериб, шунга кўзи
етиб, тасаввурига сиғдириши керак. Бунинг учун абитуриент ўзини ўша
ўқишда юргандек тасаввур қилиб кўрсин, ўқиётгандек хаёл қилсин. Бу руҳий
ҳолатни тайёрлаш ҳисобланади. Шу ўқиш, касб меники деб тан олса, коинот
унга ёрдам беради. Мўъжиза рўй бериб, ўқишга кириб қолганини ўзи ҳам
билмай қолади. Мен ўзимнинг ҳаётимдан бир мисолни келтириб ўтишим
мумкин. Ўқишга киришимдан олдин, Тошкентни эмас, Москвада ўқишни орзу
қилганман. Қишлоқда яшасам ҳам, ўзимни худди Москвада ўқиётгандек, рус
талабалари ёнида ўтиргандек тасаввур қилардим. Шунга қарамай, мен
биринчи йил барибир Тошкентга бориб, тиббиёт олийгоҳига ўқишга
топширдим. Энг қизиғи, ўқишга кира олмадим. Кейинги йил ҳам пойтахтга
келдим, аммо айнан шу йили Россияга тиббиёт йўналиши бўйича ўқиб келиш
учун абитуриентларни йиғишаётган экан. Қаранг, демак Худо менга бир
йилча ўқишга кирмай тур, кейинги йил орзуингга эришасан, деган экан.
Хоҳишимни жўнатганман-ку, коинотга, шу сабаб ҳам Тошкентга ўқишга
киргизмай турган. Хуллас, Россиянинг Волгоград шаҳридаги тиббиёт
олийгоҳига ҳужжат топширдим. Аммо у ерда бизларга жой қолмай, Москвага
жўнатишди. Ўшанда 10 000 абитуриент ичидан атиги 25та бола танлаб
олинган. Ана шу 25та ёш ичида менинг ҳам бўлганим ҳақиқий мўъжиза
бўлган. Биласизми, ҳамма нарса аввал хаёлан келади. Кейин ҳаракат
бошланиб, сўнг натижа олинади. Иккиланиш душманингиз! Иккиланиш
ўқишга киришга тўсқинлик қилувчи омил ҳисобланади. Иккиланиш бўлса,
натижага эриша олмайсиз. Имтиҳонга яхши тайёргарлик кўрмаган бўлса,
инсонни ҳаяжон босиши тайин. Тўлиқ илм эгаси эмасман, деб ўйлаган
абитуриентни қўрқув босади. Ҳаяжонни босиш учун у "имтиҳонда мен
биладиган саволлар тушади” деб, ўзини ишонтириши керак бўлади. Ҳаяжон
ичида билган билимлари ҳам эсидан чиқиб кетади. Ҳатто чуқур билим эгаси
бўлса-да, у ҳаяжоннинг оқибатидан қутула олмайди. Шундай экан, инсон
ўзини бошқаришни ўрганиши керак. Ҳаяжонни йўқотиш учун мана бу машқни
бажариб кўринг: Бунинг
учун, имтиҳон саволларини бегона одам билан машқ қилиш керак. Кимгадир
айтиб берилган билим хотирада яхши қолади. Қолаверса, бегона одамнинг
олдида ҳаяжонни босишга эришган инсон ҳақиқий имтиҳон олдида ҳам уни
енга олади. Демак, у ҳаяжон тўсиғидан ўтган бўлади. Ҳар
бир мақсадга эришишда турли тўсиқлар бўлади. Бу эса инсондан
қатъиятлиликни талаб қилади. Қатъият бўлмаса, ўзини ўша касбда кўра
олмаса, у мақсадига эриша олмайди. Мақсад қўйишда ҳеч нарсага қарамаслик
керак. Молиявий ҳолат бўладими, оилавий шароитми, мен албатта уддалай
оламан, деб мақсадига киришса, у шунга эришади. Тайёргарлик Абитуриент
ҳар бир фанга тайёргарлик кўрар экан, ўз йўналишидаги фанни чуқурроқ
билиш учун, энг аввало уни яхши кўриши керак. Меҳр қўймасдан ўзини
мажбурлаб ўқиса, натижа ололмайди. Фаннинг устаси бўлиш учун, унга
муҳаббат бериш лозим. Касб танловида маълум бир фанлардан тайёргарлик
кўриб, уларни имтиҳон сифатида топшириш ҳам тўсиқлардан бири. Агар
танлаган касбингизни яхши кўрадиган бўлсангиз, фанлар ҳам сизга ёқиши
тайин. Тайёргарлик ҳам шунга яраша ёқимли бўлади. Ҳар инсоннинг ўзига
яраша қобилияти бор. Истеъдодсиз одамнинг ўзи йўқ бу оламда. Афсуски,
биз яшаб турган, келиб чиққан жойимизга, турли маслаҳатчиларимизнинг
сўзларига қараб, ана шу талантимизни ёпиб қўямиз. "Бу сенинг қўлингдан
келмайди, бу сен учун эмас, авлодимиздан олимлар чиқмаган, бу қиз
боланинг касбимас, ўғил бола ҳам пазандачилик қиладими” каби гап-сўзлар
ёшларга салбий таъсир қилади. Ҳар бир касб эгалланганда, мана шундай
инкор гаплар бўлиб туриши тайин. Натижада ёшлар бу чиндан ҳам мен учун
эмас экан, деб мақсадини йиғиштириб қўя қолади. Аслида эса ҳеч кимга
эшшитирмасдан, "бу мен учун, мен шуни қила оламан, албатта қўлимдан
келади” деб интилса, йўллари очилаверади. Шу сабабдан ҳам, қобилиятга
қараб касб танлаш керак. Ўзига ишончни уйғотиш Маълум
бир касбга ишончни шакллантириш учун, ўша касб эгалари билан
суҳбатлашиш керак. Кимдир шифокор бўлмоқчими, бориб шифокорлар билан
гаплашиб кўрсин. Агар уларнинг ишини кўриб, фикрларини эшитиб, ҳавас
уйғонадиган бўлса, инсонда ўша касбга бўлган иштиёқи ошади. Ёшларга
асосан ён-атрофдагилар маслаҳат беришади. Фақат биттагина мутахассис
билан чекланиб қолмай, бир нечта одамлардан бориб, ўша касб ҳақида
маълумот йиғиш керак. Ижобий ва салбий томонларини қўшиб суриштирсин.
Зеро, ҳар бир касбнинг пасту баланди бўлади. Шу омилларнинг барчасини
тарозига қўйиб кўриш керак. Ҳаёт йўлимизда бизга тўрт гуруҳ инсонлар
қаршилик кўрсатишади: 1. Ота-она. 2. Яқин дўст. 3. Ён-атрофдаги қавму қариндошлар. 4. Мен Қаторнинг
биринчи уч гуруҳи билан келишса бўлади. Аммо ашаддий қарама-қаршилик
қиладиган МЕНнинг ўзи ҳисобланади. Чунки инсоннинг ўзи доимо иккиланади,
ичида қўрқув бўлади, бирор-бир касбнинг эгаси бўлишга кўзи етмайди.
Лоқайдлик қилиб, ўқишга иродаси етмайди. Ана шу қарама-қаршиликни енгиб
ўтиш керак. Тасаввур қилинг, инсоннинг ўзи иккиланиб турган бўлса, у
коинотга қайси истагини жўнатади. Зеро, коинотга фақат аниқ жавоб керак.
Иккиланиш пайтида қатъиятлиликни устун қўйиш жуда муҳим. Иккиланаётган
вақтда ўзингиздан сўранг: "Шу иш менга керакми ёки керак эмасми? У менга
нима беради?” деган саволга аниқ жавоб топинг. Ана шунда иккиланиш
йўқолади. Имтиҳон даҳшатли маҳлуқ эмас Абитуриентлар
имтиҳон кунидан жуда қўрқишади. Аслида ҳар кунимизнинг ўзи бир имтиҳон.
Имтиҳонни даҳшатли кун сифатида кўрмаслик учун, ўша куни сизни синовдан
ўтказадиган ўқитувчиларни мактабимдаги оддий устозлар, аудиторияни эса
синфим, деб тасаввур қилинг. Ана шунда имтиҳон даҳшатидан қутуласиз.
Имтиҳонни қабул қилувчилар бошқа сайёрадан келиб қолмаган, улар ҳам сизу
биздек оддий одамлар. Ҳозирги абитуриентларга ҳавасим келади. Оғзаки
имтиҳонлар деярли йўқ, синовлар асосан ёзма равишда бўлади. Ёзма
имтиҳонларда эса оғзаки имтиҳонлардачалик катта ҳаяжон бўлмайди. Унда
ёшларга ичидаги билимларини бемалол чиқара олиш имкони катта. Лекин
бутун умр ёзма жавобларга ўрганиб қолиш ҳам керак эмас. Чунки ҳаётимизда
ҳамма нарса ёзма равишда ҳал қилинмайди, шуни ёдда тутинг. Қайси соҳани
эгаллашингиздан қатъий назар, одамлар билан муомалада бўлиб ишлайсиз.
Қачонки, ўзингизга ишонсангиз, имтиҳонларга яхши тайёргарлик кўрган
бўлсангиз, синов кўзингизга даҳшатли кўринмайди. Ота-оналар кўмаги Ёшлар
иккиланиб турган пайтда ота-оналарнинг ўрни муҳим. Улар мана шу вақтда
болаларига мадад бўлишлари керак. "Сенинг қўлингдан келади, сенга
ишонаман” деб ёнида дўстдек туришлари лозим. Фарзанд ҳаяжонланганда,
ота-онаси у билан бирга қайғуриб туриши керак. Энг аввало, иккиланиш
ота-онанинг ўзида бўлмаслиги лозим. Фарзандининг маълум бир ўқишга
кириб, ўқиб кетишига кўзи етиши керак. Ота-она боласини ёнига олиб,
орзу-ҳавасни бирга қилса, фарзандининг руҳияти янада кўтарилади. Мен
кичик ўғлимга нисбатан бир усулни қўллайман: "Бир куни олдингга Одилбой,
ёрдамингиз керак, деб келишади” - дейман. Каттамга эса: "Сиз шэфсиз,
сизга шундай мурожаат қиламизда энди”, - деб ҳазиллашиб қўяман. Улар мен
болаларимга ишонаётганимни сезишади ва таърифларимга мос бўлишга
ҳаракат қилишди. Бу услуб психологияда мотивация (руҳий ҳолатни кўтариш)
деб аталади. Мен ота-оналарга фарзандларини қобилиятига қараб, бирор
касбга йўналтиришни мана шундай усул орқали амалга оширишни таклиф
қиламан. Сиз турли йўлларни кўрсатиб берингу, аммо ҳеч қачон ўз
хоҳишингизни мажбурлаб сингдириш даражасигача борманг. Ёшларнинг ўзи
танлаб олсин. Репетитор керакми? Ҳозирги
баъзи ёшларда репетиторга бормасам, ўқишга кира олмайман, деган тушунча
шаклланиб қолган. Репетиторларни мен ҳассага қиёслайман.
Фарзандларимга: "Сен чўлоқмисин, ҳассага таянишни хоҳлайсан?” деб
айтаман. Бизнинг пайтимизда репетитор бўлмаган, ота-оналаримиз ўзимизга
ишонишни ўргатишган. Репетитор ўқишга киришингизда ёрдам берар ҳам
дейлик, аммо ҳаётда, ишда-чи репетитор излаб юрасизми? Кимдир ёрдам
берсагина, мен ўқишга кираман экан, деб психологик тарзда ўзингизни
ишонтираяпсиз. Аммо инсон келажакда репетитор ёрдамида эмас, фақат ўзига
ишониб яшаши керак. Азиз абитуриентлар, мақсадни аниқ қўйиб, унга чин
дилдан, хоҳлаб интилсангиз, унга албатта эришасиз. Зеро, ҳаммаси фақат
ва фақат ўзингизга боғлиқ!
|