Зайнаббегим Юнусованинг "НТТ” орқали эфирга узатилаётган "Қопқон” номли кўрсатуви кўпгина мухлисларни ўзига жалб этмоқда. Кўрсатув жараёнида томошабинлар санъаткорларнинг ҳаётда қандай эканлиги, жоиз бўлса асл қиёфаси, ҳамкасблари ва одамлар билан муносабати, фикрлаш доираси хақида хулоса чиқариши мумкин. Таҳририятга жуда кўплаб мухлислар томонидан қўнғироқлар бўлиб, улар кўрсатувнинг сўнгги сонлари ҳақида ўз фикрларини билдиришди.
Мухлис фикри
– Жаҳонгир Позилжоновнинг ўзини қандай тутганлигини кўриб, ажабландик. Бу актёрнинг фильмларда комик рол ўйнаганини кўп кўрганмиз. Унинг ролларидаги баъзи бачканаликлардан ғашимиз келарди-ю, аммо буни режиссёрлар талаб қилган бўлиши мумкин, деган фикрга борардик. Аммо "Қопқон” кўрсатувида унинг ҳамкасбларига қилаётган муомаласи, ўзидан ёш санъаткорларга беписандлик билан, устига-устак "кўча” тилида гапириши жуда хунук кўринди. Ёшларга ўрнак бўлиш ўрнига ўзининг аслида қанақа эканлигини кўрсатиб қўйди.
Актёрлар бир хил ролларни ўйнайверса, ўша руҳиятдан чиқолмай қолади, деб эшитгандик. Тўғри, Жаҳонгир Позилжоновнинг ўйнаган роллари ёшларга манзур бўлаётгандир. Аммо бу, Жаҳонгир ҳаётда ҳам шу қолипга тушиб қолиши керак, дегани эмас-ку! Аксинча, Жаҳонгир ўзини оғир, вазмин тутган "Эл Дидо”, "Беном”, "Уммон” гуруҳи йигитларидан ўрнак олса бўларкан.
– Муҳаммадали Искандаровнинг актриса Жамила Ғофурова тўғрисидаги "Жамилани учрашувга таклиф этганман. У келиб мени кутиб-кутиб кейин менга телефон қилган. Мен телефонни биринчи сафар кўтармасдан кейин кўтарганман. Боролмаслигимни айтганимдан кейин у қайтиб кетган” каби гаплари уни маданияти қай даражада эканлигини билдириб қўйди. Кўрсатув бошловчиси ўз вақтида уни гапдан тўхтатиб қолмаганида балки яна анча ноўрин гапларни гапиришда давом этармиди. Ёш актёрнинг кўрсатувга чиқиб, ўз ҳамкасби тўғрисида турли гапларни айтиши қайси маданият мезонларига тўғри келади? Бу каби гаплар уларнинг ўзлари хақида нотўғри ёки салбий фикрлар шаклланишига олиб келмайдими?
Малика Муродова, Тошкент вилояти, Паркент тумани.
Кўрсатувда бундай зиддиятли вазиятлар кўп бора учраб туради. Мана шу каби ҳолга муносабат билдириши учун кўрсатув бошловчиси Зайнаббегим Юнусова билан боғландик:
Зайнаббегим Юнусова:
– Кўрсатувнинг мақсади – санъаткорларнинг ички дунёсини очиш, одамларнинг асл қиёфасини кўрсатиш. Санъаткорларнинг турли психологик таъсирлар билан жаҳли чиққанда ўзини қандай бошқара олишини намойиш этиш ва уларнинг актёрлик маҳоратини синаб кўриш.
Кўрсатув бошида айтадиган "Азиз иштирокчилар, кўрсатувимиз 45 дақиқадан иборат. Ушбу кўрсатувда 1 дақиқа иштирок этасизми, 45 дақиқами қатъи назар томошабинлар эътиборига тушишингизни, ёдида қолишингизни унутманг. Ушбу кўрсатувимиз шоу бўлганлиги боис ўзингизни яхши "Шоумен” ёки "Шоувумен” сифатида кўрсатишингиз лозим.” кириш сўзим кўп ҳолларда иштирокчиларнинг қуюшқондан чиқишларига сабаб бўлади.
Айтилган воқеаларга келадиган бўлсак, бу кутилмаган ҳолат. Иштирокчилар баъзида кучли ҳаяжон, баъзида жаҳл билан турли гапларни айтишади. Уларнинг ҳаётда қандай эканлиги, табиий холати ёки қай даражада актёрлик маҳоратига эгалиги мана шу жараёнда очилиб қолади. Кўрсатувимиз мақсади ҳам шу бўлганлиги боис, буни монтаж вақтида кесиб ташламаймиз.
Шуни ҳам айтиб ўтишим лозимки, Улуғбек Рахматуллаев, Гули Асалхўжаева, Сардор Рахимхон, "Божалар” ни кўрсатувда яхши "овчи” сифатида таъкидлашим мумкин. Иззатилла Ибрагимов, Меҳриддин Рахматов, Рашид Холиқов эса "овчи”ларни аниқлаш бўйича устаси фаранг бўлиб кетган десам ҳам бўлади. Улар иштирок этган ўйинларда ўзим ҳам эҳтиёткорликни йўқотмасликка интиламан. Сабаби, улар овчиларни тез аниқлаб кўрсатувни тугатиб қўйишлари мумкин.
Муносабат
Муҳаммадали Искандаров, актёр
– Бу ўйин жараёнида ҳамма ўз маҳоратини ишга солди. Мен ўйинчиларга "Жамила "Овчи” бўлса керак”, деганимдан сўнг унинг ўзи биринчи бўлиб ёлғон гапиришни бошлади. "Муҳаммадали мени ёмон кўриб ўйиндан чиқариб юбормоқчи, сабаби мени кечки овқатга таклиф этганди”, - деганидан сўнг мен ҳам бу ёлғонни ўз фойдамга давом эттириб "Жамилани учрашувга таклиф этганман. У келиб мени кутиб-кутиб кейин менга телефон қилган. Мен телефонни биринчи сафар кўтармасдан кейин кўтарганман. Боролмаслигимни айтганимдан кейин у қайтиб кетган”, деб уни ўз гапи билан ўзини "Қопқон”га туширишга ҳаракат қилдим. Аслида эса мен уларни учрашувга таклиф этмаганман. Жамила ҳам келиб кутмаган. Бу ҳаммаси кўрсатув давомида тўқилган ёлғон эди.