«Турмуш ўртоғим онасининг гапидан чиқмайди, мен эса у учун ҳеч ким…»
—
Ёрдам беринг, оилам бузилаяпти… Аввалига бунга қайнонам сабабчи, деб
билардим. Энди ўйлаб қарасам, ҳаммаси эрим туфайли экан. Олти йиллик
турмушимиз давомида эр-хотин бирон марта сан-манга бормадик. Лекин
ҳаётимиз осмонини мусаффо деб бўлмасди. Чунки биз эр-хотинлик
муносабатларини қура олмадик. Эрим, аввало, онасининг ўғли, кейин эса
болаларимнинг отаси эди. Мен учун эса — ҳеч ким. У ярим тунда бирон ери
оғриб қолгудек бўлса ҳам, ёнгинасидаги менга айтмай, дарров онасининг
ёнига югуради. Бозор-ўчар қилиш, мавсумий кийим-кечак олиш,
меҳмондорчиликка бориш — буларнинг барини фақат онаси билан амалга
оширади. Қайнотам эса бу жараёнларнинг ҳеч бирида иштирок этмайди. Уйга
бирон каттароқ буюм сотиб олиш (ўз пулимизга), фарзандларимизни
шифокорга олиб бориш, ҳатто яна фарзанд кўриш-кўрмаслик… эрим буларни
ҳам қайнонам билан маслаҳатлашади. Мен ёши 34 га чиққан эркакнинг бу
қадар масъулиятсиз, қўрқоқ ва журъатсизлигидан уяламан. Унга бўлган илиқ
туйғуларим сўниб бормоқда. Маслаҳат беринг, нима қилай?
Гулираъно, 28 ёш
Аёл киши ёнида мустақил, қатъиятли, масъулиятли эркакни кўришни
истайди. Уни бу истаги учун айблаб бўлмайди. Аммо бошқа томондан, оналик
муҳаббати — муқаддас туйғу, унинг қадрига етиш керак. Икки ўт орасида
қолган шўрлик эркакка қийин, дейишга шошилманг. Аввало, ҳақиқий эркак
икки ўт орасида узоқ қолмайди. Муаммони ҳал этиш йўлини топади. Бироқ
унинг ўзи руҳан етук бўлмаса, ҳар бир қилган ишию қарорини кимнингдир
назаридан ўтказиб, тасдиқлатиб олишга ўрганиб қолган бўлса, бу жиддий
муаммо. Бундай эркакнинг умр йўлдоши ниҳоятда кучли, иродали ва сабрли
бўлмоғи керак.
«Сочи оқарган ёш бола»
«Онасининг ўғиллари» аёл ҳукми устун бўлган авторитар оиланинг
маҳсулидир. Бундай оилаларда муаммоларни асосан она ҳал этиб келган.
Натижада оила эркакларида муаммоларга илғорлик билан муносабат билдириш
қобилияти ўтмаслашиб қолган. Шунинг учун ҳам ўғил фақат онасининг
айтганини қилади, онаси рухсат берган дўстлар билангина учрашади, у
тавсия қилган китобларни ўқиб, у танлаган тўгаракларга қатнайди.
Уйланишда ҳам юз фоиз онасининг дидига таянади, ҳатто унга ўхшаган қизга
уйланишни истайди. Бордию кўнгил қўйганига уйланишга ботина олса,
бунинг учун бир умр ўзини айбдор ҳис қилиб, онасининг олдидаги бу
гуноҳини ювиш учун унга янада боғланиб қолади. Хуллас, ҳеч қачон катта
бўлмайди. Бир умр ёш болалигича қолиб кетаверади. Одатда бундай эркаклар
онасининг вафотидан сўнг умр йўлдоши ҳукми остига ўтади. Яъни энди
масъулият умр йўлдошининг зиммасига ўтади.
Хўш, сиз буни истайсизми? Агар эрингизга оналик қилиш истиқболи сизга
маъқул бўлса, сабр қилинг. Бордию «Йўқ, менга сочи оқарган ёш бола
эмас, ёнимда бир умр тоғдек турадиган ҳақиқий эркак керак», дейдиган
бўлсангиз, ҳаракатни бошланг.
Ҳаммаси ҳам ёмон эмас
Аслида
«онасининг ўғли» у қадар ёмон тамға эмас. Бундан бадтарларидан қўрқиш
керак. Кўпгина аёлларга бундай эркакларнинг романтиклиги ва ҳиссиётларга
бойлиги, «уйим-жойим» дейиши, асосий вақтини оила даврасида ўтказиши
ёқади. Айниқса, аёл ишбилармон бўлса, кўп вақтини идорада ўтказишига
тўғри келса, унинг учун айни шу тоифадаги умр йўлдоши жуда қўл келади.
Бундай эркакдаги инфантиллик (ёш болалик, масъулиятдан қочиш)
хусусиятини йўқотиш мумкин. Бунинг учун бир неча амалий маслаҳатларни
берамиз:
- Ишни қайнонангиз билан дўстлашиб олишдан бошланг. Иложи бўлса, у
кишини сайр қилгани олиб чиқинг, бирон қаҳвахонага таклиф қилинг. У ерда
эса эрингиз эмас, умуман, эркаклар мавзусида гап очиб, уларни бироз
«ғийбат қилиб» олсангиз ҳам бўлади. Асосийси, умумий мавзу ва якдиллик.
- Қайнонангиз билан илиқ муносабат ўрнатиб олгач, бу доирага ўз
онангизни ҳам жалб қилинг. Кейинги сафар икки қудани бирон концертга
таклиф этишингиз мумкин. Уч киши бир бўлса, бу катта куч. Энди оилангиз
эркаклари билан муносабатлар устида иш бошлаш керак.
- Эрингизнинг онаси эмас, отаси билан маслаҳатлашишига эришиш лозим.
Унутмангки, «онасининг ўғиллари» асосан аёллар тарбияси маҳсули. Бу
жараёнда ота кам иштирок этган. Бунга оилангиз эркаклари аллақачон
кўникиб ҳам бўлишган. Аммо сиз бўш келманг. Баҳона ўйлаб топинг, зарур
вазиятларни яратинг. Хуллас, вақти-вақти билан ўғил отасига маслаҳат
сўраб мурожаат қилишига эришинг. Бордию эрингизнинг отаси бўлмаса, онаси
уни ёлғиз улғайтирган бўлса, вазифангиз бироз мушкуллашади. Аммо ака,
амаки, дўст-биродар каби инсонлар ҳам бор. Хуллас, уни эркаклар
даврасига олиб кириш керак.
- Эрингиз ва қайнотангизни ўз отангиз, акангиз, поччаларингиз билан
дўстлаштиринг. Масалан, уларни тоғ саёҳатига юбориш, биргаликда қурилиш
материаллари харид қилишга жўнатиш ёки ҳашарга ўхшаш тадбирларни
уюштириш мумкин.
Мутахассис фикри
Шаҳноза ҲАЛИЛОВА, руҳшунос: — Ўзбек тилида
«маменькин сыночек» ибораси йўқ. Ўғил бўлгандан кейин албатта унинг
отаси ва онаси бўлиши табиий. Ота-онани рози қилиш эса халқимиз учун
буюк қадрият. Одамлар ҳеч қачон ота-она розилиги йўлида хотинидан
ажрашган эркакни қораламайди. Чунки рисоладагидек тарбия кўрган ҳар бир
ўзбек йигити — у ёки бу даражада «маменькин сыночек».
Бугунги кунда ота-она амрига кўра оиласи билан ажрашиб кетган ёки
ота-она ва оила орасида мувозанатни топа олмай боши қотган эркаклар
талайгина. Шу ўринда уламолардан бир ривоят келтирсам. «Ҳусайн Марвазий
ривоят қилган. Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳидан «Бир одамнинг
онаси «Хотинингни талоқ қиласан», деб туриб олса, нима қилсин?» деб
сўрашган экан. Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳи айтибдиларки: «Хотинини
талоқ қилиш онага яхшилик бўладиган, яъни онанинг хурсандчилиги учун
қилинадиган ишлардан эмас». Бу эса онаси «хотинингни талоқ қиласан», деб
туриб олса, талоқ қилиш керак эмас, онасининг бу талаби нотўғри,
ношаръийдир, уни қилмаса, фарзанд гуноҳкор бўлмайди, деганидир. Демак,
шариат ота-она розилиги йўлида уларнинг ҳар қандай талабини
бажараверишни оқламайди.
«Маменькин сыночек», бу — ўғилнинг онага ўта боғлиқлиги. Бунинг
патологик даражаси эркакнинг мустақил равишда қарор қабул қила олмаслиги
ва ёш боладек онаси чизган чизиқдан чиқмаслигида намоён бўлади. Кўпинча
ёлғиз она ўз ўғлини шундай тарбиялашга мойил бўлади. Чунки эрини
йўқотган аёл ўғлини еру кўкка ишонмайди ҳамда ундан жуда кўп нарса
кутади. Болалигида кўп касалликка чалинган ёки мослашуви қийин бўлган
эркакларда ҳам онага ҳаддан ортиқ таяниш кузатилиши мумкин. Аммо
тўла-тўкис оилада ҳеч бир муаммосиз ўсганига қарамай, айнан онанинг
тарбияси таъсирида ҳам эркак «маменькин сыночек» бўлиб қолиши энг кўп
учрайдиган ҳолат.
Бундай эркакни таниб олиш жуда осон. Улар ўқишда илғор бўлиши мумкин,
аммо ишда омади кулавермайди. Уларнинг кийиниши камдан-кам ҳолларда
замонавий бўлади ва суҳбат давомида ота-онасини тез-тез тилга олади.
Онаси танлаган ўқишга киради, онаси хоҳлаган касбни эгаллайди, хуллас,
улар ўзнинг эмас, онасининг ҳаёти билан яшайди.
Аёлларда бир аҳмоқона одат бор: танишгани ҳамоно эркакни қайта
тарбиялашга киришиб кетишади. Озгина сабрлироқлар буни тўйдан кейин
бошлайди. Унутманг, кап-катта эркакни мутлақо бошқа одамга айлантириш
мумкин эмас. Қайнона-келин муаммолари эса кўпинча «маменькин
сыночек»нинг оиласида келиб чиқади. Чунки она ҳам ўғлига жуда қаттиқ
боғланиб қолган ва уни келинга «бериб қўймаслик» учун курашади. Натижада
оилада кунда-кун ора тортишув юзага келаверади.
Агар оилани ва қайта тикланмайдиган асаб ҳужайраларингизни сақлаб
қолишни истасангиз, аёллик макрингизни ишлатинг. Эрингизга ўзингиз
таъсир ўтказа олмаётган бўлсангиз, онаси орқали унинг кўнглига йўл
топинг. Онасини ёмонлайвериб, уни ўзингиздан бездирманг. Унутманг, нима
бўлган тақдирда ҳам сиз суядиган инсонни шу она дунёга келтирган!
|