Четверг, 21.09.2017, 22:14
ZERIKISHDAN UMID UZ!!!
 
Меню сайта

Категории раздела
Yangiliklar
Shou biznes
Tibbiyot
Ilm-fan
Telekomunikatsa
Xorij habarlari
Qiziqish hobbi
Tabiat
Oila va jamiyat
Sheriyat
Sport
Sevgi
Elyor Temirov
Foydali maslahatlar
Hikoyalar
Obidjon Obidov
EURO 2012 FOTO
Kashfiyot
Suxbat

Мини-чат
200

Наш опрос
Saytimizda nimalar koproq bolishini xoxlesiz?
Всего ответов: 113

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2012 » Сентябрь » 28 » Ҳур қиз мактуби
13:26
Ҳур қиз мактуби
"Менинг қиз бола эканимни билгач, ойим ҳар куни кўзёш тўкадилар. Чорасизликдан, афсус билан пичирлайдилар: "Энди нима қиламиз, болажоним? Кўчада қоламиз-ку...” Бу йиғи сабабини фақатгина бу йил мактабга чиққан Асила опам тушунади. Васила опам беш, Рисола опам уч ёшда. Кенжа опам Робия эса, энди ёшига етди. Баъзан, яқиндан бери оёқлари бироз қалтираб, қийналиб қадам ташлаётган Робия опам билан гаплашаман. У мени жуда яхши кўради, тушуна олади. Айниқса, ойим йиғласа, сиқилса, ёнига бориб, рақсга тушади, ишқилиб, уларни чалғитишга уринади. Чунки, мен ҳали бунча қайғу-ғамни кўтара олмаслигимни Робия опамга айтгандим. 
Анчадан бери ойим даҳшатли нарсани ўйлашни бошладилар: "Қизалоғим, мени кечир... Лекин сен туғилмаслигинг керак. Йўқса, бувижонинг бизни уйдан ҳайдаб солади...” Юрагим тўхтаб қолаёзди. Начора, пешонамга ёзилгани шу экан... Ахир, қандай қилиб бунда ойимни айблашим мумкин?! Шифокор хола "Кеч қолгансиз. Аборт ҳаётингиз учун хавфли!” - деб, ойимни йўлдан қайтарди.
Йўл бўйи унсиз йиғлаб келдилар. Тақдирга лаънат, бувимга нисбатан нафрат, менинг тириклигимга, борлигимга шукроналик қоришиб кетганди бу кўзёшларда... 
Охирги пайтлар турган еримдан пастлаб бораётганимни сезаман. Баъзан юрагим уришдан тўхтаб қолади, шундай пайтларда ойим қаттиқ оғриқ сезарканлар. "Кечиринг, ойи, дунёга келмай туриб, сизни шунча қийнаяпман...” Ойим ҳам мени тушунгандек, пичирлайдилар: "Сенинг ҳеч қандай айбинг йўқ, ҳаммасига жодугар бувинг айбдор!”
Тушунолмайман. Дадам ойимга севиб уйланганлар. Бувим эса, дадамни ойимдан рашк қилиб, сира тинч яшашга қўйиб бермаганлар. Ойим бувимга нима ёмонлик қилган эканлар-а? Баъзан ойим қўшнига ҳасрат қилгани чиққанларида, қўшниларнинг ҳам бу адолатсиз дунё ҳақидаги гапларини эшитиб, тушунганларим шу бўлдики, инсон зоти борки, ўзидан бир поғона пастда турганларни оёқости қилгиси, эзиб-қийнагиси келаркан. Ўзидан бир поғона баландда турганларга нисбатан хасад уларнинг ич-этини кемираркан. Худди бувимга ўхшаб. Ойим етимхонада катта бўлганлари учун доим ойимни ҳақорат қиладилар, алоҳида солинган уйлари остонасидан туриб эълон қиладилар: "Ҳали Аслиддинжоним келсин, бу етимчани жавобини бердириб, онаси ўпмаганини олиб бераман. Бир йилга қолмай, ўғил туғиб беради!” Дадам чет эл сафаридалар. Уйда кам бўладилар. Бизнеслари яхши. Ойим рўзғорда кам кўрмай, шукур қилишдан бўшамайдилар. 
Кунларнинг бирида бувим яна остонада туриб, дийдиёларини бошладилар. Ойим мен билан анча оғирлашиб қолганлар. Мактабдан қайтган Асила опам бувимнинг гапларини эшитиб, чидаб туролмадилар: "Худодан қўрқмайсизми, буви?” 
Шу чоғ аммам етиб келиб, опажонимни калтаклар остида қолдирди. Аммам ўша пайтлар эри билан жанжалли эди, шунинг учун бувимнинг пинжига кириб олганди. Ойим опамни ажратиш учун жонҳолатда аммамнинг қўлига ёпишдилар, аммам эса... бизни итариб юбордилар... Айни шу пайтда дадам чет эл сафаридан қайтиб қолдилар. Аммам салом-алик ўрнига яхшигина тарсаки билан сийланиб, Васила, Рисола ва Робия опамга қарашга маҳкум қилиндилар. Аммам Асила опамни шунчалик ёмон урган эканки, дадам тиббий ёрдам кўрсатиш учун уни ҳам биз билан олиб кетишга мажбур бўлдилар. Дадам ойимни кўтариб олган, Асила опам оёғида зўрға туриб, бизга эргашиб келяпти. Аллақайси суякларим синган, оғиз-бурнимга қон тўлган эди. Кўчага чиқиб, машина тўхтатган дадам ҳайдовчидан тезликни оширишни илтимос қилдилар. Ойим оғриқ зўридан инграр, "Худойим, бундан кўра жонимни олиб қўяқол!” – деб йиғларди. Дадам эса ўз ёғига қоврилар, бувим ва ойим ўртасида хуноб эди. Бугунги воқеалар оқибатида, пичоқ бориб суякка қадалган, дадамнинг ўз онасидан, синглисидан кўнгли совиб улгурган эди.
Ниҳоят, етиб келдик. Асила опамни шифокор опалар бошқа хонага олиб кетиб қолишди. Биламан, оғритиб укол қилишса ҳам, опам йиғламайдилар. Жуда оғир-вазмин қиз бўлганлар. Бизни эса, дарров туғруқ хонасига олишди. Ойим ҳушида эмасдилар. Мен эса ўзим учун ҳаммасини ҳал қилиб бўлган эдим. Агар, яшаб қолишни истаганимда, бунинг учун курашган бўлардим. Бироқ, нима учун яшашим керак? Бувимга ўхшаган дилозор бўлиш учунми? Ўз яқинларимга азоб бериб, роҳатланиш, хўрлаш, оёқости қилиш учунми? Ёки ойим сингари хўрликлар юкини елкамга олиш учунми? Йўқ, мен туғилишни истамайман. ИНСОН бўлишни истамайман! 
"Сени туғилмаслигинг керак...” "Бувинг уйдан ҳайдаб чиқаради!” "Етимнинг кўрган куни қурсин...” Бу жумлалар қаторига менинг сўнгги ўйларим ҳам қўшилди: "Мен туғилишни истамайман... Мен яшашни истамайман...”
- Болангизни сақлаб қололмадик. Нафас аъзоларига қон тўлган. Яна... саккизинчи ой... Сабр тилайман... – шифокор аёл дадамга шу гапларни айтгани ҳамоно, бир ноҳушликни сезиб, дадамни ойим ётган палатага бошладим. Дадам, гарчи мени кўрмасалар-да, ҳар ҳолда, "кўнгиллари ўша ёққа ундаётганини” англаб етдилар. Ойим... томчидори тизимини узиб ташлаб, унинг игнаси ёрдамида томирига ҳаво киришини кузатиб ётар, шу йўл билан ўзини ҳалок қилишга уринарди!
- Зарина! Нималар қиляпсан? – дадам кела солиб, игнани ойимнинг билагидан суғуриб олдилар. – Ундай қилма, жоним, мен ҳали ҳаммасини ўз ўрнига қўяман, ҳеч ким ҳаётимизга аралашолмайди!
- Ҳаммасини ўрнига қўясиз?! Увол бўлган ҳаётимни ўз ўрнига қўя оласизми? Ҳур кетган қизимни қайтариб бера оласизми?! Қандай чидайман ахир?! Сувратимдан бошқа нимам қолди?! – ойим кўз ёшларини тўхтатолмасдилар. Шифокорлар тинчлантирувчи укол қилиб, ойимни ухлатиб қўйишди. Мен эса ойимнинг тушларига кирдим: "Ойижон, мен яхшиман. Хавотир олманг. Сизни доим ҳимоя қилиб юраман...”
Бир неча кундан сўнг уйга қайтишди. Албатта, мен ҳам улар билан бирга келдим. Жисман жуда олисларда бўлсам-да, қалбан ва руҳан доим улар билан бирга эдим. Энди дадамнинг қатъий огоҳлантиришларидан сўнг бувим ҳам, аммам ҳам уларга ўйлаб муомала қиладиган бўлишган. Тўғри, баъзан пана-паналарда ойимга нишини санчиб олмоқчи бўлишади, бироқ, ҳозир ойим дадамнинг кўмаги сабабми, анча дадиллашганлар, муносиб жавоб қайтарадилар. Бир неча марта аммам ойимни дадамга ёмон кўрсатиш учун, айни қайнона-келин баҳси қизиган пайтда уларнинг ёнига чақириб қолар, мен эса қандай йўл билан бўлмасин бу томошанинг олдини олишга муваффақ бўлардим.
Охири бўлмади. Биз тарафларда кенг тарқалган шундай бир иллат борки, шайтон ҳам у ишни қилишдан ҳазар қилса керак. Аммам эри билан ярашиб, келинлик уйига қайтгач, ёлғизланиб қолган бувим нафақасини кўтариб, Зулфинисо отинникига югурадиган бўлган. Ҳаракатлари самара берибми, кунларнинг бирида аммамни чақириб олди. Ойим Асила опамнинг ота-оналар мажлисига кетганлар, дадам ишда, учта опам бувимга "ишониб топширилган”. Бувим уйда ойимнинг эски кўйлагини излаш билан оввора бўлган бир пайтда мен унинг ёнида туриб, фикримни бир жойга жамладим. Стол устидаги симли телефондан дадамнинг рақамларини тердим. Жавоб бердилар. Бироқ мен гапира олмайман, гапирганим билан мени барибир эшитмайдилар. Нариги тарафдан жавоб бўлмагач, хавотирлана бошладилар. Айни шу пайтда мен Робия опамнинг қўлини тишлаб олдим. Буни қандай қилганимни билмайман, лекин дадам опамнинг чинқириғини эшитганларига ишончим комил. Хавотирланиб, уйга етиб келганларида эса, бувим уйимиздан олиб чиққан эски кўйлакни ёқаётган аммам-у, эшигимиз остига кул ва сув сепаётган бувимга рўпара бўлдилар. Шаҳд билан уйга кирмоқчи бўлганларида бувим йўлларини тўсдилар: "Кирма, болам!”
Дадам югуриб бориб, ҳали тўлиқ куйиб улгурмаган кўйлакни аммамнинг қўлидан тортиб олиб, ташқаридаги челакка ташладилар. Ёнаётганда сезилмаганди, сувда олов ўчиб, ҳавога ачимсиқ ҳид тарқалди. Ғазабдан ўзини боса олмаган дадам аммамни судраб остонагача олиб келдилар, роса калтакладилар. Мактабдан опам билан бирга қайтган ойим ҳеч нимани тушунмадилар. 
- Зарина, йиғиштир кўч-кўронингни, энди бу уйда бизга жой йўқ! 
- Отангни уйи кимларга қолади, болам?
- Бошингизда қолсин! Мен ўз ҳаётимни ўзим қураман. Ҳеч ким, ҳатто туққан онам ҳам ҳаётимга аралашишига йўл қўймайман!
- Сени ўғилсиз ўтмасин, деб шундай қилдим-ку!
- Мени тинч қўйинг!
Аввалига дадамнинг бир дўсти ижарага уй топиб берди, кейин ўзлари уй сотиб олдилар. Мен ҳам бироз хотиржам бўлдим. Кўпинча ёлғиз қолган Робия опам билан ўйнардим. Лекин тиллари чиқиб, у-бу нарсанинг фарқига бориб қолгач, мен билан гаплаша олмай қолдилар, мени кўрмасдилар ҳатто. 
Баҳор охирларига келиб, аммам бошини эгиб, кўзда ёш билан бизникига келдилар: бувим оғирлашиб қоптилар. Мен бу бир хийла эканини билардим, бироқ буни уларга қандай тушунтиришни билмасдим. Дадам ноилож қайтиб боришга кўндилар, ҳар ҳолда туққан оналари, қариганда ташлаб қўйибди, деган гап яхши эмас. Инқиллаб-синқиллаб ётган бувим дадам хонани тарк этгач, ирғиб ўрнидан туришини мен ва аммамдан бўлак ҳеч ким кўрмасди-да афсуски...
- Анави яна иккиқат кўринади, овқат пишириш бир ўзимга қолиб кетди, - аммам бувимга янгиликни етказди. 
- Яна қиз бўлса керак-да, Худо илонга билиб оёқ бермаган, дейишади. 
- Бу сафар эҳтиёт бўлиш керак, ойи. Мен эртага яна бориб келаман. Овқатига солиб берса, боласи билан бирга йўқ қилиб юбораркан. 
- Шубҳаланиб юрмасин яна...
- Бошида сал-пал оғриқ бераркан, кейин бироз кучаяркан, охирида... – аммам овқатни оғзига олмоқчи бўлди-ю, дарров қошиқни қайтариб жойига қўйди, кейин ташқарига югуриб кетди...
Тушундим. У ҳам ҳомиладор. Менга эса барибир. Туни бўйи укажоним билан гаплашиб ётдим. Худога шукурки, у мен каби, ойимнинг қайғуларини кўтаришга мажбур бўлмайди, опаларимдек нимжон туғилмайди. Мен бунинг учун қўлимдан келган ҳамма ишни қиламан. 
Бундай томошани одамзод умри бино бўлиб, кўрмаган бўлса керак. Кечқурун бувим гўё "узр сўрамоқчи бўлиб” ойимни чақирдилар. Ойимга бироз ноқулай бўлди, бувим йиғлаб-сиқтаб ҳамма иш учун узр сўрадилар, опаларимни дуо қилган бўлдилар. Кейин қўярда-қўймай, овқатга таклиф қилдилар. Бу пайтда аммам ҳаёлида ўша дам солинган тупроқни ойимнинг овқатига қўшган бўлди. Мен кафтимни тутиб турганимни қаердан ҳам билсин? Хуллас, зум ўтмай ўша тупроқни аммамнинг косасига сепиб юбордим...
Ойим кетма-кет туққанлари, бунинг устига мени деб анча қийналганлари сабаб, бу сафарги ҳомиладорлик ҳам оғриқлар билан ўтди. Аммам эса боласи уч ойлигида йиқилди, шундан сўнг касалдан боши чиқмай қолди. Ой-куни яқинлашиб, икковларини ҳам бир кунда туғруқхонага олиб кетишди. Бувим ойимнинг кетидан қарғаниб қолдилар: "Илойим, шу туғруқхонадан ўлигинг келсин!” Эҳ, бувижон... Нега шундайсиз-а? Ундан кўра аммамни дуо қилсангиз бўлмасмиди? Ойим сизга нима ёмонлик қилган эдилар-ки, уларга нисбатан шунчалик хусуматингиз бор?! Ахир, бу дунёда ҳамма қилган ишига яраша мукофот олишини жуда яхши биласиз-ку!
Ойим укажонимни эсон-омон қўлларига олдилар. Аммам эса... ўлик туғилган қизалоғини кўрмай, оламдан ўтган эди. Буни эшитган бувим турган ерида ўзини ташлаб юборди. Қайтиб кўз очмади...
Балки, мен ойим ва укамнинг ҳаётини сақлаб қолиш билан бирга, бувим ва аммамдан ўч олгандирман. Йўқ, бу қасос эмасди. Улар ўз қилмишларига яраша жазоларини олишди. Ойим айтганларидек: "Болажоним, сенинг заррача айбинг йўқ. Ҳаммасига бувинг сабабчи...”

Бу мактубни қаердан, қандай аҳволда топишларини билмайман. Бироқ, билиб қўйишсинки, Она-Ер шундай инсонларни ҳам кўтариб юрибди. Худодан бувимга ўхшаганларга инсоф, ойимдек аёлларга эса фақат сабр сўраган ҳолда
Ҳур қиз”

Категория: Hikoyalar | Просмотров: 602 | Добавил: Admin | Рейтинг: 0.0/0
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Сентябрь 2012  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2017Создать бесплатный сайт с uCoz